Линклар

Шошилинч хабар
22 июн 2021, Тошкент вақти: 00:18

Ўнлаб беларус Лукашенко устидан Германия прокуратурасига арз қилди


Беларусь президенти Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишларидан бири.

Тўрт нафар немис адвокати Александр Лукашенкони инсониятга қарши жиноят содир этишда айблаб, ўнлаб беларус номидан Германия федерал прокуратурасига ариза берди. Бу ҳақда DPA ахборот агентлигига таянган ҳолда DW хабар қилган.

Ариза Беларусда 2020 йил август ойида бўлиб ўтган президент сайловларидан сўнг бошланган тинч намойишлар чоғида жисмоний қийноқларга дучор қилинган беларуслар номидан топширилган.

Адвокатлар универсал юрисдикция меъёрларига асосланган ҳолда Германияни мазкур жиноятлар бўйича мустақил текширув ўтказишга чақирмоқда.

Универсал ҳуқуқ қоидаларига кўра, бир давлат бошқа давлат ҳудудида содир этилган хатти-ҳаракатлар учун – башарти бу жиноятлар халқаро ҳуқуқ билан тақиқланган бўлса – жиноий жавобгарлик белгилаши мумкин.

Адвокатлар Беларусда намойишлар вақтида қўлга олинган фуқароларга нисбатан ҳаддан ортиқ куч ишлатилгани ва қийноқлар қўллангани учун Лукашенко ва унга тобе куч ишлатар идоралар ходимлари ҳеч қандай жазога тортилмаслигини таъкидлашган.

“Бизнинг мижозларимиз Германия мазкур ҳолатда ўзини универсал инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тарафдори деб эълон қилишини кутмоқда”, - деган ўнлаб Беларусь фуқаролари манфаатларини ифода этаётган юристлар DPA агентлигига берган интервьюсида.

Юристларга кўра, уларнинг мижозлари соғлиқларига жиддий зарар етказган жисмоний қийноқлар – очлик, уйқусизлик, ҳақорат ва хўрликлардан шикоят қилмоқда. Хусусан, арзгўйлар узоқ вақт мобайнида қўллари боғлиқ ҳолда чўк тушиб ўтиришга мажбур бўлганларини айтган.

“Бир сўз билан айтганда, ҳукумат кучлари одамларга ҳайвон каби муносабатда бўлган”, - деб таъкидлайди адвокатлар.

2020 йил августдан бери Беларусда президент сайловларининг расмий натижаларига қарши норозилик намойишлари ўтказилмоқда. МСК маълумотига кўра, сайловда катта устунлик билан Александр Лукашенко ғолиб чиққан.

Бироқ “Голос” платформаси, жамоатчилик саъй-ҳаракатлари билан йиғилган катта миқдордаги сайлов бюллетенлари ва участкаларда расмийлаштирилган баённомаларнинг фотосуратларини таҳлил қилиб, МСК маълумотини ёлғонга чиқарди.

Намойишчилар Лукашенконинг ҳокимиятдан кетишини ва янги сайловлар ўтказишни талаб қилишмоқда.

Евроиттифоққа аъзо қатор мамлакатлар, шунингдек, Буюк Британия, АҚШ ҳамда Канада Лукашенконинг легитимлигини тан олмай, Беларусь ҳукуматига қарши санкциялар жорий этган.

2020 йилнинг августида минглаб одамлар қўлга олиниб калтакланган, сўнг тинч намойишларда иштирок этгани учун таъқиб қилинганди. Норозиларга нисбатан жиноят ишлари очиш ҳануз давом этмоқда: “Весна” ҳуқуқбонлик ташкилоти маълумотига кўра, бугунги кунда Беларусда 360 дан зиёд сиёсий тутқун мавжуд.

Тавсия этилади

XS
SM
MD
LG