Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:03

Ғаниев СЭС ходимларига аҳоли уйларидаги гўнгни йиғишни буюрди. Сэсчилар норози


Сэсчилар йиққан гўнг далага ташланмоқда.
Сэсчилар йиққан гўнг далага ташланмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (СЭС) ходимлари мамлакат бўйлаб уйма-уй юриб, аҳоли хонадонларидаги гўнгни йиғишга мажбурланаётганликлари ҳақида Озодликка шикоят қилди.

СЭСчиларга кўра, Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев топшириғи билан бир ҳафтадирки, улар хонадонлардан гўнг йиғиш билан машғул бўляпти.

Озодлик суҳбатлашган мулозимлар Ғаниевнинг бу топшириғи оғзаки бўлгани ва сэсчилардан гўнг йиғиш бўйича фото-ҳисобот талаб қилинаётганини яширмади.

Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мулозими эса ўз ходимларининг гўнг йиғишга жалб қилинганини инкор қилиш билан чекланди.

Мажлисда ёзилган аудио: Сэсчилар гўнг йиғсин!

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Тошкент вилояти бўлими ходимлари Озодликка мурожаат қилиб, гўнг йиғишга жалб қилинганликларига норозилик билдирди.

“Тошкент вилояти ҳоким ўринбосари Узоқов ўтказган мажлисда хонадонлардан гўнг маҳаллий ўғитини олиб чиқишни Соғлиқни сақлаш тизимидаги Санитария-эпидемиологик хизматига юклади. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ қалтис бир вазиятда СЭСга гўнг олиб чиқишни юклаши қанчалик тўғри?”, дейилади сэсчилар мактубида.

СЭС ходимлари сўзларига исбот тарзида вилоят ҳокимлигида бир ҳафта аввал ўтган йиғилиш пайти ёзиб олинган аудио нусхасини Озодликка тақдим қилишди.

СЭС ходимларига гўнг йиғиш топширилган мажлис
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:52 0:00
Бевосита линк

“Хонадонларга кириб СЭС ходимлари ахлатнинг ҳаммасини кўчанинг юзига олиб чиқинглар... Кўчадан фермерлар йиғиштириб кетади... Фермер уйига кириб ололмайди уни. Уйнинг эгаси ўзи йиғиштириб берса, кўчанинг юзидан фермер олиб кетиши мумкин. Ахлат- молнинг тагидаги чиқиндиси… СЭС мана шу нарсага жавоб беради. Туманда қанча СЭС ходими бор? Достаточно куч бор демоқчиман”,- дейди йиғилишни олиб бораётган шахс.

Шу пайт ўзини Паркент СЭС бўлимидан деб таништирган эркак “Биз бу ишга чиқсак, пандемия билан ким шуғулланади? Коронавирус билан ким шуғулланади?”, дея савол ташлайди.

Бунга жавоб берган мулозим СЭС ходимлари гўнг йиғиш учун хонадонларга кирган пайти аҳоли билан коронавирус борасида ҳам суҳбат ўтказиши мумкинлигини таъкидлайди.

СЭСчиларга кўра, аудиодаги овоз Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Улуғбек Узоқовникидир.

18 февраль куни Озодлик Улуғбек Узоқов билан боғлана олмади. Ҳокимлик ходимларидан бири аудиодаги овоз эгаси Узоқов эканини тасдиқлади.

Сэсчилар йиққан гўнг машинага ортилмоқда.
Сэсчилар йиққан гўнг машинага ортилмоқда.

Гўнг йиғаётган сэсчилар

Озодлик мухбири Тошкент вилояти туманларидаги бир нечта СЭС бўлимлари билан боғланиб, улар бир ҳафтадан буён гўнг йиғиш билан шуғулланаётганини аниқлади.

“Ҳар бир туманда 4-5 сэсчи гўнг йиғиш билан банд. Хонадонлардан гўнг чиқаряпмиз. Масалан, қайси хонадонда гўнг бўладиган бўлса, шуни аниқлаяпмиз. Камдан кам одам рози бўляпти уйидаги гўнгни беришга. Ҳозир Ўзбекистонда гўнг тиллага тенг. Одамлар гўнгни ўзининг томорқаси учун ишлатяпти. Биз “гўнгни олиб чиқасан”, деб тўполон қилганимиз билан ҳам фойдаси йўқ. Ялинамиз, илтимос қиламиз. Агар одамлар ортиқчаси бор дейдиган бўлса, олиб кетаверсин деса, фермер олиб кетаверади. А так биз ҳеч кимни мажбурлай олмаймиз”,- деди Тошкент вилоятидаги туманлардан бирининг СЭС ходими.

Озодликка ушбу СЭС ходими ва бошқа суҳбатдошларнинг шахси маълум. Бироқ уларнинг ишдан ҳайдалиш хавфи борлиги сабаб исмлар ошкор қилинмаяпти.

“Бутун дунё пандемияга қарши курашаётган бир пайтда ўзбек сэсчилари гўнг йиғиш билан шуғулланаяпти. Бунақа абсурд ҳолат ҳеч қаерда бўлмаса керак”,- дейди яна бир сэсчи.

Бошқа бир СЭС ходими гўнг йиғиш борасида ҳокимликка кунлик ҳисобот берилаётганини айтди:

“Шуҳрат Ғаниев гўнг йиғиш бўйича бир ҳафталик муддат берганди. Ҳар бир туман кунига ўртача 400-500 тонна гўнг йиғяпти. Ҳар бир туманда гўнг йиғиш бўйича штаб ташкил қилинган. Биз ҳар куни йиғилган гўнгларни расмга олиб ҳисобот берамиз”.

Сэсчилар йиққан гўнг далага тўкилмоқда
Сэсчилар йиққан гўнг далага тўкилмоқда

Расмий инкор ва норасмий тасдиқ

Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг матбуот билан ишлаш бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Бозоров Озодлик билан суҳбатда ташкилот ходимларининг гўнг йиғишга жалб қилинганини қаътий равишда инкор қилди.

Айни пайтда Озодликнинг Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматидаги манбаси сэсчиларнинг гўнг йиғишга жалб қилиниши нафақат Тошкент вилоятида балки бутун мамлакат бўйлаб давом этаётганини айтди:

“Лекин ҳеч ким Озодликка буни расман тан олиб айтмайди. Айтса ишдан кетиши аниқ. Шунинг учун инкор қилиб қутулиб қўя қолишади”.

СЭСнинг Руспублика бўлимида ишловчи яна бир манба гўнг йиғиш топшириғи Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев томонидан берилганини айтди:

“СЭС ходимларининг гўнг йиғиши ҳамма вилоятда бўляпти. Бу Шуҳрат Ғаниевнинг топшириғи. Оғзаки топшириқ бу, бирор ҳужжат йўқ. Туман ҳокимликлари ва вилоят СЭСида шу бўйича штаб бор. Кундалик режа бор. Гўнг тўпланган жой сурати штабга юборилади. Ҳар куни селекторда доложить қилинади. Ҳар ҳафта Ғаниев вертолётда айланиб, гўнг йиғилган жойларни кузатади”.

Озодлик суҳбатлашган Хоразм, Сирдарё ва Қашқадарёдаги СЭС ходимлари ҳам гўнг йиғишга жалб қилинганларини тасдиқлашди.

Молхонадаги гўнг.
Молхонадаги гўнг.

Сэсчиларни гўнг йиғишга жалб қилган жазоланиши керак?

Президент Мирзиёевнинг 2020 йил 12 ноябрдаги 6110-сонли фармонига кўра, тиббиёт ходимларининг бирор қўшимча ишга жалб қилиниши тақиқланган:

“Тиббиёт ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган барча турдаги ишларга жалб қилиш ва тиббиёт ходимларини уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш тақиқланади”.

Фармон ижросини назорат қилиш Бош прокурор Н. Йўлдошевга юклатилган бўлиб, ҳужжатда белгиланган талаблар бузилган тақдирда масъул мулозимлар жавобгарликка тортилиши кўрсатилган.

Шу пайтгача сэсчиларни гўнг ташитгани учун бирор мулозимнинг жавобгарликка тортилгани Озодликка маълум эмас.

Самарқанд вилоятидаги гўнг ортилган тракторлар.
Самарқанд вилоятидаги гўнг ортилган тракторлар.

Гўнг йиғдираётган Ғаниев

Президент Шавкат Мирзиёев 22 январь куни Бухорога сафари чоғида Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевни ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириши ортидан Ғаниев вилоятда қолиб, қишлоқ хўжалигида президент айтган “тизимни тўғри йўлга қўйиш”га киришди.

Бухоролик фермерларнинг айтишларича, Шуҳрат Ғаниевнинг топшириғи билан ҳокимлар зудлик билан далага маҳаллий ўғит чиқаришни буюрган.

Пешкў тумани ҳокими Телеграм каналида Шуҳрат Ғаниев вертолётдан далаларга гўнг сепилаётганини шахсан назорат қилишини айтган.

XS
SM
MD
LG