Линклар

Шошилинч хабар
16 июл 2018, Тошкент вақти: 14:02

Сурхондарё вилоятидаги Шўрчи тумани давлат санитария эпидемиология назорат маркази шифокор ва ҳамшираларининг Озодликка арз қилишича, улар қишлоқма-қишлоқ юриб, аҳолидан гўнг йиғишга мажбурланяпти. Шифокорларнинг айтишларича, улар одамларнинг уйида қанча гўнг борлигини аниқлаши, рўйхат қилиши ва уни фермерларга тақдим қилиши керак.

Шўрчи тумани давлат санитария эпидемиология назорат маркази ходимларининг гўнг йиғишга сафарбар этилгани ҳақида, марказ шифокорларидан бири Озодликка хабар қилди:

“Мен Шўрчи ДСЭНМда ишлайман. Бизни ҳар куни гўнг излашга чиқаришяпти. Ҳар куни қишлоқма қишлоқ, уйма-уй юриб, мол гўнги излаяпмиз. Бизни ўз ишимиз қолиб, гўнг излашимиз тўғрими?”, деб савол беради шифокор.

Шўрчи тумани давлат санитария эпидемиология назорат марказида ишлайдиган ҳамшира ҳам, ўз ишлари қолиб, бошқа ишларга мажбурланаётганидан арз қилди:

“Биз ҳокимиятнинг текин мардикорига айланиб қолдик. Нима текин иш бўлса, балога қолган шифокорлару ўқитувчилар. Ҳозир идорамизда ҳеч ким қолмаган. Қирқ нафарга яқин дўхтирлар, ҳамширалар гуруҳ-гуруҳга бўлиниб туман қишлоқларига сафарбар этилган”, дейди суҳбатдош.

Ҳамшира улар қилаётган ишлар ҳақида бундай дейди:

“Биз қишлоққа келиб ҳар бир хонадонга кириб, “сизда неча тонна гўнг бор”, деб сўраймиз. Уй эгаси кўрсатади, неча кило ёки неча тонна чиқишини тахминан чамалаймиз. Кейин, уй эгасидан шу гўнгни сотасизми, деб сўраймиз. Агар ҳа деса, дафтарга ёзиб қўямиз. Шундай қилиб, қишлоқни кезиб чиқиб, гўнгини сотмоқчи бўлганларни рўйхатини тузиб чиқамиз. Кейин фермерлар келиб, уй эгаси билан келишиб, гўнгни сотиб оладида, ерига олиб бориб тўкади”, деди ҳамшира.

Ҳамширанинг айтишича, кўп ҳолатларда одамлар гўнгни сотишга рози эмас:

“Бизда газ йўқ. Свет ҳам проблема. Қишлоқ одамлари асосан мол гўнгидан тезак қилиб, уй иситишади, овқат қилишади. Шунинг учун кўпчилик сотмаймиз ҳам, бермаймиз ҳам дейишади. Шунда илтимос қиламиз, озгина, бир-икки қоп беринг, бизга эмас, ҳукуматга керак экан, деймиз. Баъзилар рози бўлади, баъзилари йўқ”, дейди ҳамшира.

Шўрчи тумани давлат санитария эпидемиология назорат маркази бош шифокори ўринбосари Мусурмон Эшонқулов Озодлик билан суҳбатда ходимларининг гўнг йиғишга сафарбар этилганини тасдиқлади:

- Гўнг масаласи бу республиканики, ҳукуматники. Фермерларга яқиндан ёрдам бериш, гўнг захираларини яратиш, шу бўйича ёрдам беряпмиз, - деди Мусурмон Эшонқулов.

Давлат санитария эпидемиология назорат маркази ходимларининг бунга қандай алоқаси бор, деган Озодлик саволига бош шифокор ўринбосари шундай жавоб берди:

- Одамларимиз уйма-уй юриб санитария ҳолатини, тозалигини аниқлайди, чиқинди ва гўнгларни бу ёққа чиқариб беринглар деб, тушунтириш ишлари олиб боради, - деди бош шифокор ўринбосари Мусурмон Эшонқулов.

Шўрчи тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозимининг айтишича, ДСЭНМ ходимлари вилоят ҳокими ва Бош вазирнинг қарори асосида гўнг йиғишга сафарбар этиляпти:

"Республика Бош вазирининг топшириғига асосан ортиқча маҳаллий ўғитларни фермер хўжаликларига чиқариш, молхона ва ҳожатхоналарни тозалаш, вақт-вақти билан дезинфекция қилиб туриш СЭСга юклатилган. Аҳолида йиғилиб қолган гўнг рўйхатини фуқаролар йиғинига беради, улар эса фермерларга айтиб далага чиқаришади", деди мулозим.

Ўзбекистонда бюджет ташкилоти ишчиларининг ўз касбларига тааллуқли бўлмаган бошқа ишларга мажбурий жалб қилиниши ҳолатлари жуда кўп учрайди.

Ўтган йилнинг июль ойида ҳам Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ДСЭНМ ходимлари уйма-уй юриб аҳолидан гўнг йиғишга сафарбар этилган эди.

2015 йилнинг март ойида Наманган вилояти Уйчи туманидаги мактаблар ўқувчиларига бир қопдан гўнг олиб келиш мажбурияти юкланган эди.

Бюджет ташкилотлари ишчиларининг буғдойни ўтдан тозалаш, пахта чопиғи ва терими каби дала ишларига мажбуран сафарбар этилишини халқаро ташкилотлар мунтазам танқид қилиб келади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG