Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2022, Тошкент вақти: 18:04

“Қумтор иши”: Cобиқ бош вазир ва собиқ президентнинг укаси қамоққа олинди


Қумтор олтин кони.

Қирғизистонда “Қумтор” олтин кони юзасидан бир қатор сиёсатчилар қамоққа олинди. Улар орасида Қирғизистон собиқ Бош вазири Ўмурбек Бабанов, парламентнинг собиқ раиси, собиқ президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг укаси Асилбек Жээнбеков ҳам бор.

Сиёсатчиларнинг қамоққа олиниши ортидан уларнинг тарафдорлари Ўш вилояти ва Талас шаҳрида бир неча юз кишилик митинг ўтказди.

Қирғиз сиёсатчилари ва жамоатчилик орасида бу иш юзасидан икки фикр пайдо бўлган. Баъзилар бу ҳолни сиёсий босим кўрсатиш дея баҳоласа, расмийлар қўлга олишларда сиёсий тус йўқлигини айтмоқда.

Бунга қадар, "Қумтор иши" бўйича парламент депутати Рискелди Момбеков, собиқ депутат Максат Сабиров Миллий хавфсизлик қўмитасидада сўроқ қилинган. Собиқ ҳукумат раҳбарлари Игорь Чудинов, Темир Сариев гувоҳ сифатида кўрсатма берган.

Сиёсатчилар қамоққа олинганидан сўнг Ўш вилоятининг Қорақулжа туманида собиқ президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг укаси Асилбек Жээнбековнинг ва Таласда собиқ Бош вазир Ўмурбек Бабановнинг икки юзга яқин тарафдорлари норозилик намойиши ўтказди.

Улар сиёсатчиларни қамоқдан бўшатишни, жазо чорасини ўзгартишни талаб қилишди.

“Биз мамлакат раҳбари ва тегишли органларга мурожаат қилишга мажбур бўляпмиз. Нега “Қумтор” конидан давлатга 16 минг гектарни қайтариб берган одам қамалиши керак. Бу адолатсизлик. Сиёсий мотив билан қамалмаслик керак, тергов ҳолис ўтишини талаб қилиб мурожаат йўлладик”,-деди Ўмурбек Бабанов адвокати Адилет Тўқтўрбаев.

Қирғизистон махсус хизмати раиси Қамчибек Ташиев 2 июнь куни Жалолободга қилган иш сафари чоғида журналистлар саволларига жавоб берар экан, “Қумтор” бўйича жиноят ишида сиёсий сабаблар йўқлигини айтди.

“Қумтор масаласида ҳеч қандай сиёсий қувғин йўқ. Биз жиноятга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаб, жазога тортишимиз лозим. Биз ўз ишимизни бажаряпмиз. Бош вазирлар, парламент раислари, депутатлар, катта амалдорлар бу ишларга алоқадор. Бундан ташқари, биз айрим собиқ президентларни ҳам мазкур иш доирасида жиноий жавобгарликка тортамиз, чунки улар бунга тўғридан-тўғри алоқадор”,-деди Ташиев.

1 июнь куни “Қумтор” олтин конини ишлатиш юзасидан Канаданинг “Центерра Голд” ширкати билан Қирғизистон манфаатларига зид келувчи шартномани тузишда ва коррупцияга алоқадорликда гумонланиб Қирғизистоннинг собиқ Бош вазири Ўмурбек Бабанов, парламентнинг собиқ раиси, собиқ президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг укаси Асилбек Жээнбеков, парламент депутати Тўрўбай Зулпукаров, собиқ депутатлар исхоқ Пирматов ва Таланбек Узакбаев қўлга олинган эди.

Собиқ президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг укаси Асилбек Жээнбеков 2011-2016 йилларда Қирғизистон парламентининг раиси бўлган. Унинг акаси Сўўрўнбай Жээнбеков эса 2017 йилнинг 24 ноябридан 2020 йилнинг 15 октябригача Қирғизистон президенти лавозимида ишлаган.

Қирғизистондаги энг йирик “Қумтор” олтин кони Канаданинг “Центерра Голд” ширкати томонидан ишлатилади.

Жорий йил февралида “Қумтор” олтин конини ишлатаётган Канада ва Қирғизистон ҳукумати ўртасида тузилган шартномани ўрганган давлат комиссияси раиси, депутат Акилбек Жапаров “Канада ширкати билан енг ичида келишиб, Қирғизистоннинг манфаатларига зид келувчи шартномани имзолашда иштирок этган ҳукумат амалдорларини жазолаш”ни талаб қилган эди.

Қумтор – Қирғизистондаги энг катта олтин конларидан бири. Уни Канаданинг "Центерра Голд" компанияси ишлатади. Қирғизистоннинг ундаги улуши 26% тузади.

Жорий йилнинг 14 майида парламент Қирғизистондаги энг катта “Қумтор” олтин конини сиртқи бошқарувга ўтказган эди. 7 майда Бишкек шаҳар Октябрь туман суди конни ишлатаётган Канаданинг “Центерра Голд” ширкатини экологик қонунчиликни бузганликда айбдор деб топган ва 261 миллиард 719 миллион 674 минг қирғиз сўми миқдорида жаримага тортган.

Айни пайтда “Қумтор” конини ишлатувчи Канаданинг “Центерра Голд” ширкати ва Қирғизистон ҳукумати ўртасидаги тортишув халқаро арбитраж судида ҳал этилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG