Линклар

Шошилинч хабар
26 феврал 2020, Тошкент вақти: 01:15

ЕОИИда қарорни катта давлатлар қабул қилаяпти, кичиклар бўйсунаяпти - Қирғизистон Бош вазири


Қирғизистон Бош вазири Муҳаммедқалий Абилғазиев парламентда чиқиш қилмоқда.

Қирғизистон ҳукумати Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) таркибидаги йирик давлатлар ташкилот доирасидаги шартномаларни бузиб, кичик давлатларга зуғум ўтказаётганини танқид қилди.

5 февраль куни парламентда сўзлаган Бош вазир Муҳаммедқалий Абилғазиев бу ҳақда Қозоғистон Бош вазирига ҳам гапирганини алоҳида таъкидлади.

Қирғизистон ЕОИИга 2015 йилда қўшилган эди. Бир қатор маҳаллий экспертлар Қирғизистон ЕОИИга қўшилганидан бери солиқ сифатида тушувчи маблағлар озайгани ва бирлашманинг умумий бозорига киришда қийинчиликлар кўп бўлаётганини айтиб келишади.

"Катта ҳал қилади, қичик бўйсунади"

Қирғизистон Бош вазири Муҳаммедқалий Абилғазиев 5 февралда парламентда сўзлаган нутқида Евроосиё иқтисодий иттифоқидан норозилик билдирди:

“Бу ерда “катта давлат ҳал қилади, кичик давлат бўйсунади”, деган принцип амал қилаяпти. “Менинг чегарамда менинг ҳуқуқим кўп”, деган муносабат бўляпти. Мен буни қозоқ бош вазири Маминга ҳам очиқ айтдим. Яхши натижалар ҳам бор, бироқ халққа тўсқинлик қилиш, пул жўнатмаларини озайтириш, кираётган маҳсулотларни қайта текшириш... Масалан, Европа иттифоқида барча қарорларни ҳамма мамлакатлар бажариши керак, бизда эса, қарор чиқариб, ўзимиз бажармаяпмиз, аксинча чегараларни очиш ўрнига тўсиб олишаяпти, - деди Абилғазиев.

Қирғизистон ҳукумати бундан аввал ЕОИИ доирасидаги ҳамкори Қозоғистондан норозилигини бир неча марта билдирган эди. Чунки Қозоғистон ЕОИИ шартномаларига зид равишда чегараларни ёпиб қўйиши ёки қўшимча текширувлар жорий этиши ортидан чегарада Қирғизистондан юк олиб ўтаётган автомашиналар тиқилинчи пайдо бўлади.

Янги йилдан бошлаб Қозоғистон Қирғизистондан келаётган юкларга қўшимча текширувни жорий этгани ортидан икки давлат чегарасида яна юк машиналарининг тиқилинчи пайдо бўлган. Бунинг ортидан қирғиз ҳукумати Қозоғистонни ЕОИИ доирасидаги мажбуриятларига амал қилишга чақирди.

Қирғиз депутати ЕОИИни мафиялашган органга ўхшатган эди

29 январь куни Қирғизистон парламенти депутати Азамат Арапбаев ҳам парламентда ЕОИИ “4-5 мафиялашган органнинг даромад манбаига айланди” деб гапирган эди.

Унга кўра, қирғиз тадбиркорлари юк ташишда ЕОИИнинг яна бир аъзоси - Қозоғистоннинг солиқ инспекцияси билан чегара хизмати томонидан тўсиқларга учрамоқда. Халқ вакилининг айтишича, қўшни мамлакатнинг назорат органлари юкларни ўтказиш учун 5 минг долларгача пул талаб қилмоқда.

- Барча кучимизни Қозоғистоннинг солиқ инспекцияси билан чегара хизматини бойитишга сарфлаяпмиз. Қирғиз тадбиркорлари ўз маҳсулотларини Евросиё иқтисодий иттифоқи давлатларига юбориш учун ўша ерда товарига қараб 500дан 5 минг долларгача беришаяпти. Бошланишида “ЕОИИда 180 миллионлик кишилик бозорга йўл очилади” дейилганди, ҳозир аксинча, ЕОИИ 4-5 мафиялашган орган фойдасига ишлаяпти, - деган эди Арапбаев.

ЕОИИ ва Ўзбекистон

Евроосиё иқтисодий иттифоқи аввал Белорусдан, Қозоғистон ва Россия Божхона бирлашмаси сифатида тузилган. 2015 йилдан кейин мазкур ташкилотга Армения ҳамда Қирғизистон қўшилиб, ҳозирги номини олган.

Бир қатор маҳаллий экспертлар Қирғизистон тариф енгилликларини фойдалана олмаганини, солиқ сифатида тушувчи маблағлар озайгани ва бирлашманинг умумий бозорига киришда қийинчиликлар кўп бўлаётганини айтиб келишади.

Давлат раҳбари Сўўрўнбай Жээнбеков яқинда ЕОИИдаги мамлакатлар иқтисоди ривожланаётганини билдирганди.

Ўзбекистоннинг бу ташкилотга қўшилиши эҳтимолига оид турли фикрлар мавжуд.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Халқаро пресс-клубнинг 25 январь куни ўтказилган сессиясида сўзлаган нутқида жумладан бу борада мана буларни айтганди:

"Қайси шаклда, қайси қисмида Ўзбекистон мазкур интеграцион ташкилотларда иштирок этиши мумкинлигини аниқлаймиз. ЕОИИ бўйича кўплаб саволлар пайдо бўляпти. Аввало, бизнинг интеграцияга муносабатимизни билдирсам. Глобаллашув даврида бу - табиий жараён. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда қолиши мумкин эмас. Биз доим миллий ва давлат манфаатларидан келиб чиқиб, иш тутамиз".

Аввалроқ, Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида сўзга чиққан Шавкат Мирзиëев Евроосиё иқтисодий иттифоқига Ўзбекистоннинг жорий йил аъзо бўлиши ҳақидаги муҳокамаларга муносабат билдирганди.

Мирзиëев ўз чиқишида ЕОИИ га қўшилиш эҳтимолини Қозоғистон ва Россияда ишлаëтган миллионлаб меҳнат муҳожири манфаатини ҳимоялаш ва Ўзбекистон иқтисодини риивожлантириш учун зарур миллиардлаб доллар билан изоҳлаган.

Айни пайтда Мирзиëев 20 январь кунги чиқишида мустақил кузатувчиларнинг Россия етовидаги бу сиëсий гуруҳга қўшилиш Ўзбекистон мустақиллигини бой беришга олиб келиши ҳақидаги хавотирларини рад қилишга уринган.

“Мустақилликни бировга бериб қўяди, деган хомхаёл гаплар ҳою-ҳавас гаплар. Ким бериб қўяди мустақилликни?”¸ деб иқтибос келтирган Мирзиëевдан маҳаллий нашрлар.

Президентга кўра¸ Ўзбекистон ЕОИИга аввалига кузатувчи мақомида қўшилиб¸ “нима яхши, нима ёмонлигини кузатгандан кейин" аъзолик борасида қарор беради.

Шарҳларни кўринг (1)

XS
SM
MD
LG