Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:22

"АСР ВАБОСИ" – ЧЕГАРА БИЛМАС МУАММО.


Қароргоҳи Женевада жойлашган БМТнинг одам имун таҳчиллиги синдроми (ОИТС) масалалари бўйича бошқармаси ўзининг навбатдаги ҳисоботини чиқарди. Ушбу хафта Барселонада ўтказилиши режалаштирилаётган XIV халқаро ОИТС муаммолари анжумани олдидан чиқарилган мазкур ҳисоботда 2001 йилда дунё бўйлаб одам имун таҳчиллиги синдроми (ОИТС) ҳамда имун таҳчиллиги вируси (ИТВ) тарқалиши вазияти ва бу билан боғлиқ муаммолар конкрет фактлар асосида очиб ташланади. Ҳисобот тақдимоти сешанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью Йорк қароргоҳида бўлиб ўтди. Унда чиқиш қилган БМТнинг ОИТС масалалари бўйича бошқармаси ижрочи директори Питер Пиот (Peter Piot) гарчи ИТВ/ОИТС "вабо"си тарқалиши бошланғич паллада бўлсада, у келаси ўн йилликлар давомида катта глобал муаммони келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Кузатувчилар фикрича, бугунги кунда ОИТС ҳар бир жамиятни, ҳар бир соҳани қамраб олмоқда. Ҳатто бу вабо Африканинг тараққиётдан йироқ Ботсванасига ҳам келиб улгурди. Бу ерда 2001 йилда ўспиринлар орасида ОИТСга чалинганлар 36 фоиздан 39га ошган. Питер Пиот фикрича ОИТС тарқалиши омилларидан бири бу қашшоқлик ва жамиятдаги носоғлом вазиятдир. Ҳисоботда келтирилган энг даҳшатли манзара эса келажак замонида айтилади. Агар ОИТСга қарши вақтида чоралар кўрилмаса, келгуси йигирма йил ичида у 68 миллион кишининг ёстиғини қуритиши мумкин. Унга қарши чоралар учун эса ривожланган давлатлар йилига 10 миллард доллар ажратишлари керак бўлади. Ҳисоботда келтирилган маълумотларга кўра, 1981 йилдан, яъни имун тахчиллиги синдороми илк бор пайдо бўлган кундан бошлаб ИТВ/ОИТС вирусидан дунё бўйлаб 25 миллон киши нобуд бўлган. Ҳисоботда шунингдек, ИТВ/ОИТС вируси, айниқса, Россия Федерацияси, Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйлаб шиддатли тарқалаётгани айтилади. Украинада ОИТСга чалинганларнинг 25 фойизи вирусни жинсий йўллар орқали юқтирган. Россияда эса ВИЧ-СПИДга чалинганлар 2001 йилда уч йил олдингига қараганда икки баробар ошган. Бироқ айрим норасмий манбааларда бу кўрсаткич унданда кўп бўлиши мумкинлиги айтилади. Бу мамлакатларда ОИТС асосан инъекцион гиёхвандлар орасида кенг тарқалган. Бироқ , БМТнинг ОИТС муаммолари бўйича бошқармаси (UNAIDS) вакили Хеннинг Микелсонга (Henning Mikelson) кўра, сўнгги пайтларда иньекцион наркоманиядан кўра ОИТСнинг жинсий йўллар орқали тарқалиши кўпроқ кузатилмоқда. "Шарқий Европа ва собиқ Совет ҳудудларида бу борада аянчи манзарани кузатиш мумкин, - дейди микелсон. Айниқса мураккаб аҳволга тушиб қолган ишсиз ёшлар орасида тарқалмоқда ОИТС вируси. Гарчи ОИТСга чалинганларнинг аксариятини инъекцион наркоманлар ташкил этсада, вазият ҳозир ўзгармоқда. Ҳозир кўпроқ ҳимояланмаган жинсий алоқа билан боғлиқ холатлар кўпроқ кузатилмоқда, - дейди БМТ вакили.

Айрим холларда эса ОИТС ҳақида маълумотга эга бўлмаслик, ундан ҳимояланиш усулларини билмаслик туфайли кўплар тасодифан унга дучор бўлишмоқда. Бундай ҳолатлар, асосан, Марказий Осиё давлатларида қайд этилган. БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси UNAIDS дастури мулозими Азиз Худойбердиевга кўра Ўзбекисонда ИТВ/ОИТС инфекцияси тарқалиши бош сабабларидан бири ҳам ана шу.

"Бу ерда ИТВ/ОИТС тарқалиши бош омилларидан бири – унинг қандай йўллар орқали юқиши, ундан қандай ҳимояланиш ҳақида аҳолининг етарли билимга эга эмаслиги. Агар аҳоли ОИТСдан ҳимояланиш чораларини билса, уни тарқалиш хавфи камаярди. Чунки ОИТС вабо ёки ўлат каби ўта хавфли инфекция эмас. Ундан ҳимояланса бўлади ва бунинг турли ва қулай воситалари бор" - дейди Азиз Худойбердиев. Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларида ОИТС олдини олишнинг бирдан бир йўли бу борадаги аҳоли билимларини оширишдир. Тожикистонда 15-19 яшар қизлар орасида ўтказилган сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг атига 10 фойизигина ОИТСга қарши превентив чоралар ҳақида маълумотга эга эканлар холос. Украинада ҳам айни аҳвол. Ҳисоботда айтилишича бугунга келиб 50 миллион аҳолига эга Украинада 250 минг киши ИТВга чалинган. Азиз Худойбердиевга кўра, Шарқий Европа ва Россия Федерацияси каби Ўзбекистонда ҳам ВИЧга чалинганларнинг аксарияти иньекцион наркоманлардир.

"Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларида ИТВ/ОИТС, асосан, томир орқали гиёҳвандлик билан шуғулланадиган наркоманлар орасида кенг тарқалган. Яъни улар мазкур инфекцияга чалинганларнинг 70-80 фойизини ташкил этади. Бугунги кунда асосан Тошкент ва Тошкент вилоятида ВИЧ-СПИД вирусини юқтирганлар энг кўп қайд этилган", - дейди БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ходими.

Гарчи Ўзбекистондаги расмий манбаларда 2001 йилда 750 киши ВИЧ –СПИДга чалингани айтилсада, норасмий манбааларга кўра ушбу рақам унданда кўп бўлиши мумкин. Чунки, ўтган йили биргина Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида СПИДга чалинган 600га яқин киши қайд этилган.
XS
SM
MD
LG