Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2023, Тошкент вақти: 21:19

Қозоғистон: мустақил матбуот таъқиб остида


Фарангис Саид

23 май куни “Деловое обозрение-Республика” мустақил газетаси мухбири Лира Байсетованинг ҳаёти дўзаҳга айланди. Ўша куни Байсетовага номаълум киши қўнғироқ қилиб, “мен сени огоҳлантирган эдим, бироқ сен айтганларимга қулоқ солмадинг, фаолиятингни давом эттирдинг,” – деб айтди. Айни вақтда Лира Байсетова қизи Лейла ғойиб бўлганини билди. 16 июнга қадар она фарзанди тақдиридан бехабар бўлди. 16 июн куни эса Байсетовага ўзини Қозоғистон ички ишлар вазирлиги ҳодими деб таништирган бир одам қўнғироқ қилиб, унинг қизи Лейла ёнидан героин топилгани учун ҳибсга олингани, сўнг беҳуш аҳволда касалхонага етказилганини маълум қилди. Лира касалхонага борди, лекин қизини кўра олмади. Беш кундан сўнг унга қизи оламдан ўтганини маълум қилдилар.

Лира Байсетова кўргуликлари қозоғистонлик мустақил журналистлар бошдан кечираётганларининг бир қисмигина, ҳолос. Лейла ғойиб бўлишидан олдин “Республика” газетасининг биносига ўт қўйилган. Лира Байсетованинг ўзи 2000 ва 2001 йилларда жисмоний таъқибга учраган эди. Европада хафсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг “Қозоғистон матбуотидаги ҳозирги вазият” сарлавҳаси остида 30 май куни эълон қилинган ҳисоботида бу ҳақида ёзилар экан, 2001 йил январ ойида Байсетова Қозоғистон ички ишлар вазирига очиқ хат билан мурожаат қилиб, унга номаълум шахслар қўнғироқ қилганлари, ишхонаси олдида эса шубҳали шахслар пайдо бўлганини маълум қилгани қайд этилган.

Бош қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ҳодими Александр Леви “Озодлик” радиосига берган интервьюсида Лира Байсетовани бевосита танишини айтар экан, яқин кунларда Қозоғистонга бориб, ҳодисани ўрганиш ниятида эканини билдирди.

“Ҳозирги вақтда Швейцария бош прокурори президент Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари ҳамда икки собиқ бош вазир, шу жумладан Акежан Кажегелдин ва унинг оиласига тегишли банк ҳисобларини текширмоқда. Байсетова қизининг ғойиб бўлиши билан боғлиқ ҳодисалар “СолДат” мустақил газетасида бундай текширув ўтказиш кераклиги ҳақида мақола чоп этилганидан сўнг рўй берди,” – дейди Леви.

Назарбоевнинг Швейцария банкларидаги маблағлари атрофидаги шов-шув икки йил олдин бошланган эди. “Республика” газетаси бу ҳақда тез-тез ёзиб турар, шу сабабдан Информация вазирлиги апрел ойида нашрни қонунни бузганликда, аниқроғи рўйхатга олиниши санасини нотўғри кўрсатганликда айблаб, газета чиқарилишини икки ойга тўхтатган эди. “Республика” чиқмай қўйгани боис Байсетова Назарбоев ҳақидаги мақоласини “СолДат” газетасида чоп этди.

Лира Байсетова - таъқибга учраган ягона журналист эмас. 19 май куни газета идораси олдида бошсиз ит жасади топилган, унга “бошқа огоҳлантириш бўлмайди” қабилидаги гап ёзилган бир парча қоғоз қистириб қўйилган эди. Итнинг боши эса газета бош муҳаррири Ирина Петрушеванинг уйида топилган. Бундан бир неча кун олдин Петрушева уйига хотира гулчамбарлари юборилган эди.

Россия фуқароси бўлмиш Ирина Петрушева ўтган ҳафта Қозоғистонда “ноқонуний тадбиркорлик фаолияти” олиб бораётганликда айбланиб, суд қилинди. Сўд журналистни 18 ойга озодликдан маҳрум этишга қарор қилди. Бироқ амнистия ҳақидаги қонунга кўра, ҳукмнинг ижро этилишини оширилишини тўхтатди.

Айни вақтда “СолДат” газетасига нисбатан таъқиблар кучайди. Лейла Байсетованинг ғойиб бўлишидан олдин номаълум шахслар “СолДат” газетаси биносига кириб, икки журналистни калтаклаганлар, жиҳозларни бузиб ташлаганлар. Кўплаб ахборот воситалари ҳодимларига қарши жиноий ишлар қўзғатилган.

“Бу ягона ҳодиса эмас, балки умумий вазиятдир. Рўй берган ҳодисалар - инсон ҳуқуқлари кўпроқ поймол этилаётган ва мустақил матбуот фаолияти тобора чекланаётган вазиятни акс эттиради,” – деб фикр билдиради Александр Леви.

Шундай дер экан, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ҳодими “СолДат” гезатесининг яна бир мухбири Сергей Дуванов “президент шаънига доғ туширувчи” гапларни айтганликда айбланиб, сешанба куни ҳибсга олинганини маълум қилади. Дуванов ўзининг 6 май куни “Қўзичоқлар сукунати” сарлавҳаси остида чоп этилган мақоласида Назарбоевни давлат маблағларини ўз банк ҳисобларига ўтказганликда айблаган.

Президент Назарбоев эса барча айбловларни инкор этиб, хорижий банкларда ҳисоблари йўқлигини таъкидлаб келмоқда. Ўтган жума у Қозоғистонда матбуот таъқиб қилинаётганини ҳам инкор этиб, шундай деди: “Бизнинг матбуотимизнинг 90 фоизи мустақилдир. Цензура йўқ. Истаган газетани олсангиз ёки телевизион дастурларни кўрсангиз, ҳокимиятнинг барча структуралари жуда кўп танқид қилинаётганига амин бўласиз”.

Расмийлар мустақил журналистларга тазйиқлар ўтказилаётганини инкор этар эканлар, рўй берган ҳодисаларни “безорилар қилмишлари”, дея баҳоламоқдалар ва жамоатчиликни бунга ишонтиришга уринмоқдалар.
XS
SM
MD
LG