Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:58

Бағдод раҳбарияти БМТ инспекторлари билан ҳамкорлик қилар экан, АҚШ Ироққа қарши уруш режасини илгари суришда давом этмоқда


Фарангис Саид

Сешанба куни расмий Бағдод Ироқ ҳудудида биологик, кимёвий ва ядровий қурол йўқлигини исботловчи даллиларни БМТ инспекторларига белгиланган муддатдан олдин тақдим этажагини маълум қилди. Ўтган ойда БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган резолюцияда Бағдод ва инспекциялар ўртасидаги алоқалар қандай ривожланиши кераклиги ҳақдаги талаблар деярли кунма-кун таърифланган. Бағдод расмийлари мамлакатда оммавий қирғин қуроллари йўқлигини таъкидлашда давом этар эканлар, буни исботловчи далилларни инспекторларга шанба куни тақдим этажакларини маълум қилдилар. Мутахассисларнинг фикрича, шанба куни бериладиган ҳисобот 2 ярим минг бетдан иборат бўлиб, унда 1 мингдан ортиқ жой текширилгани ҳақда маълумот берилади.

Ироқ раҳбарияти талабларга белгиланган муддатларда жавоб бера олмаса, резолюцияни бузган бўлади. АҚШ раҳбарияти эса айнан шуни кутаётган кўринади. Бироқ Оқ Уй расмийлари, хусусан, президент Жорж Бушнинг башоратларига қарамай, шу дамгача, Бағдод БМТ инпсекторлари билан ҳамкорлик қиляпти. Масалан, инспекторлар сешанба куни Ироқ президенти Саддам Ҳусайн саройини текширдилар. Илгариги текширувлар давомида инспекторларга президент саройларига кириш таъқиқланган ва шу боис АҚШ раҳбарияти оммавий қирғин қуроллари айнан ўша ерда яширилган, деб таъкидлаган. Расмий Бағдод учун жиддий синов бўлган сешанба кунги текширишлар эса саройларда ҳеч қандай турдаги қурол йўқлигини намойиш қилди. Ироқ расмийси Муҳаммад Амин бу хусусда мана бундай деди:

“Биз президент саройларини текшириш учун на асос, на жиддий сабаб бўлган, деб ҳисоблаймиз. Чунки улар аслида халқ саройларидир. Уларнинг эшиклари халқ учун доим очиқ бўлган”.

БМТ бош котиби Кофи Аннан инспекторлар ва Ироқ ўртасидаги ҳамкорликни ижобий баҳоламоқда. Ҳатто АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл ҳам “жараён яхши бошланди”, деб айтди. Шунга қарамай, Оқ Уй расмийлари, хусусан, президент Буш, Ироқда оммавий қирғин қуроллари борлигини таъкидлашда давом этиб, бомбардимон қилиш режасидан қайтмаяптилар. Чоршанба куни журналистлар билан учрашган Оқ Уй матбуот котиби Ари Флайшер мана бундай деди:
“Бизнинг маълумотларимизга кўра, Ироқ оммавий қирғин қуролларига эга. Ироқ раҳбарлари улар эгалик қилаётган нарсалар ҳақида ҳеч қачон ҳақиқатни ошкор этмаганлар. Шу боис биз инспекциялар жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз”.

Бундай баёнотлар давом этар экан, президент Буш мудофаа котиби муовини Пол Волвофицни НАТОнинг Брюсселдаги бош қароргоҳига юборди ва НАТОга аъзо давлатлар вакиллари билан учрашиб, уларни Ироққа ҳужум қилиш керак, деган фикрга қўшилишларини таъминлашни айтди.

Айни вақтда НАТОга аъзо бўлган Туркия расмийлари Ироқ масаласи бўйича АҚШни қўллаб-қувватлаяжакларини билдирдилар. Эришилган келишувга кўра, Туркия Ироқни бомбардимон қиладиган АҚШ ҳарбий учқичларига ўз ҳаво ҳудудларини очиб беради. Бу Вашингтон учун жиддий силжишни англатади, чунки у Ироқни шимолдан бомбардимон қилиш, яъни яна бир жабҳани очиш имконини беради. Агар НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Ироққа ҳужум қилиш керак, деган фикрга қўшилсалар, Анқара раҳбарияти Туркия жамоатчилигига таъсир қилиб, унинг таянчини қозонишга муваффақ бўлади. Акс ҳолда, туркияликларнинг бундай қарорга қарши чиқишлари эҳтимоли жуда катта.

Вашингтон бир неча сабабларга кўра, НАТО бўйича ҳамкорлари таянчини қозонишга интилмоқда. Биринчидан, бу ҳарбий имкониятларнинг кенгайгани, яъни учқичлар ва бошқа турдаги техника ҳамда қурол-аслаҳанинг кўпайганини англатади. Иккинчидан, НАТОга аъзо давлатлар ҳаво ҳудудлари ва ҳарбий базалари АҚШ ҳарбий учқичлари ва қўшинлари учун очилади. Учинчидан, Афғонистон каби, Бағдод бомбардимон қилиниб, Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг, АҚШ НАТО бўйича ҳамкорлари билан биргаликда Ироқда тинчлик ўрнатувчи қўшинларини жойлаштиради. НАТО бўйича ҳамкорлар Ироқни тиклаш ва қайта қуриш, аҳолига эса инсонпарварлик ёрдами кўрсатишда катта рол ўйнашлари шубҳасиз. АҚШнинг бир ўзи учун эса бу вазифа мушкул бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG