Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:42

Тожикистонда олий жазога ҳукм этиш кўпаймоқда.


Халқаро ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар маълумотига кўра, сўнгги уч йил ичида Тожикистонда ўлим жазосига маҳкум этилганлар сони анча кўпайган. Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Душанбедаги идораси маълумотига кўра, ўтган йил 240 шахс олий жазога маҳкум этилган бўлиб, ундан тахминан 100таси ижро этилган. Ўлимга ҳукм этилганларнинг аксарияти қотиллик содир этганлик, одам ўғирлаганлик ва наркотик контрабандаси билан шуғулланганликда айбланган шахсларни ташкил этади.

Дунёнинг кўпгина давлатларида ўлимга ҳукм этиш камайган бўлсада, Тожикистон ҳукумати олий жазони бекор қилиш масаласини яқин орада кўриб чиқишни ҳаёлига ҳам келтирмаяпти. Ҳукумат фақат олий жазо белгиланган қонун моддалари сонини камайтириш устида ишлайдиган гуруҳини ташкил этган холос.

Тожикистон фуқаролари эса, ўлим жазоси хусусида бир хил фикрда эмаслар. Яқинда фуқаролар урушидан чиққан Тожикистонда уруш жиноятлари содир этган, аммо ҳозиргача жиноий жавобгарликка тортилмай эркин юрган шахсларни учратиш мумкин.

Мустақил журналист Султон Ҳамидовга кўра, кўплаб оғир жиноятлар содир этган қуролли шахслар ҳозир ҳам бор ва улар яна кўпроқ жиноятлар содир этишга қодир: “Ўлим жазосини бекор қилиш масаласини муҳокама қилар эканмиз, айни пайтда ҳозирги вазиятни ҳисобга олишимиз лозим. Тожикистон эндигина фуқаролар урушидан қутулди. Уруш даврида даҳшатли қотилликлар содир этилишида масъул бўлган аммо жиноий жавобгарликка тортилмай қолган кўплаб шахслар ҳозир ҳам бор”.

Тожикистон Ҳарбий суди бошлиғи Вайсуддин Фатҳиддинов Озодлик радиосига, ўтган ойда икки шахс суд ҳукми билан қатл этилганини маълум қилди. Ҳарбий суд бошлиғига кўра, Бирлашган тожик мухолифатининг собиқ аъзолари Амрулло Расулов ва Абдураҳим Холов бир оиланинг 13 аъзосини ўлдирган. Улар орасида чақалоқ ва ҳомиладор аёл ҳам бўлган: “Хоҳлаймизми ёки йўқ, чақалоқ ва ҳомиладор аёлни ўлдирган шахсни биз ўзгартира олмаймиз. Айрим кишилар ўлим жазоси умрбод қамоқ жазосига алмаштирилиши кераклигини айтишади. Биринчидан, Тожикистон молиявий томондан бунинг уддасидан чиқа олмайди. Иккинчидан, ўша шахслар қамоқдан қочиб яна қотиллик содир этмаслигига ким кафолат бера олади?”.

Бироқ, нодавлат “Сорос жамғармаси” томонидан мутахассислар орасида ўтказилган сўров натижалари, аксарият сўралганлар ўлим жазосига мораторий эълон қилиш тарафдори эканликларини кўрсатган.

Республика қонунларида 14 турдаги жиноят учун ўлим жазоси белгиланган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ана шу қонун моддалари сони камайтирилишини ҳама 60 ёшдан ошган эркак ва аёларга ўлим жазоси қўлланилмаслигини таклиф қилмоқдалар. Бу олий жазога мораторий эълон қилинишига олиб келиши мумкин. Тожикистоннинг ҳозирги қонунлари 65 ёшдан ошган эркак ва ҳомиладор аёлларни олий жазога ҳукм этишни таъқиқлайди.

Душанбе шаҳридаги Сорос жамғармаси раиси Ойниҳол Бобоназарова ўлим жазосига қарши бўлганлардан бири. У олий жазо ҳақидаги маълумотларнинг сир тутилишидан ва адолатсиз суддан шикоят қилади: “Афсуски, олий жазо билан боғлиқ статистик маълумотлар Тожикистонда сир сақланади. Тожикистон қонунларига кўра, ўлим жазоси ҳақидаги маълумот давлат сири ҳисобланмайди. Республикада қанча одам олий жазога ҳукм этилгани ва уларнинг қанчаси ижро этилганини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Манбаларимиз берган маълумотга кўра, 2000 йилдан бери ҳар йили 100дан ортиқ киши ўлим жазосига ҳукм этилмоқда”.

Бобоназарова, жорий йил феврал ойининг ўзида Тожикистонда тўққиз киши ўлимга ҳукм этилганига ишонишини, уларнинг аксари ижро этилгани сир тутилишини айтди. Сўзининг охирида у, бу қатл этилган шахсларга қўйилган айблар ва суд адолатли бўлганини шубҳа остида қолдиришини айтди.
XS
SM
MD
LG