Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:19

ЯРАТГАН ЯРАТМАГАН КИТОБ


Сарвар УСМОН Туркманистоннинг олий вакиллик органи - Халқ Маслаҳатининг навбатдаги икки кунлик мажлиси яқинда бўлиб ўтгани, унда кўрилган баъзи масалалар, жумладан, президент Ниёзов Халқ Маслаҳати мажлисида ирод этган нутқида ўзбек халқини ҳурмат қилишию бу ҳурматини Ўзбекистон раҳабариятига нисбатан изҳор эта олмаслиги тўғрисида гапиргани ҳақида сизга хабар берган эдик. Туркманбоши, Ўзбекистон раҳбарияти террорчи Шихмуродовга ёрдам берди, деб хафа бўлган эди. Бугун Халқ Маслаҳати йиғилишига яна бир бор қайтиш зарурати пайдо бўлиб қолди.

Зарурат эса, аввалги лавҳани Халқ Маслаҳати йиғилиши тугаб-тугамаёқ ёзганимиз учун, пайдо бўлди.

Маслаҳат якунига етгач эса, мазкур олий вакиллик органи йиғилишининг яна бир-икки детали аниқ бўлдики, улар ҳақида сизга хабар бермасак, Tуркманистоннинг энг янги тарихида бир-икки муҳим саҳифа ёзиғлиқсиз қолиб кетиши мумкин.

Маълум бўлишича, Халқ Маслаҳати аъзолари, ҳаммаси бўлиб 2507 киши, Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзовни Халқ Маслаҳатининг Умрбод Раиси лавозимига сайладилар. Халқ Маслаҳатининг ўзи эса мамлакатнинг Олий вакиллик органи, деб эълон қилинди.

Умуман, Туркманбошининг шу кунда эгаллаб турган лавозимлари рўйхати анча катта. Бу рўйхатни ўқиб ўтирмайлик. Келинг, яхшиси, Туркманбошининг
90 - йиллар бошидаги амалларини эслайлик. Ўшанда Сапармурод Ниёзов бир пайтнинг ўзида Туркманистон ССР Коммунистик партияси марказқўми биринчи котиби, Министрлар совети раиси, Олий кенгаш раиси ҳамда КПСС Марказқўми Сиёсий Бюроси аъзоси эди.

Хўш, нима учун Ниёзов Халқ Маслаҳатини мамлакат парламентидан ҳам юқорироқ мақомга олиб чиқдию унга ўзи бир умрлик раис бўлиб олди? Бу алоҳида таҳлил учун мавзу.

Ҳозир эса, туркманлар отасининг янги китоби тўғрисида икки оғиз маълумот.

Туркманбошининг асосий китоби – "Руҳнома" тўғрисида эшитгансиз. Бу китобни ёзишни Аллоҳнинг ўзи дилимга солган, деган эди Туркманбоши бундан роппа-роса бир йил аввал:

- Бу мен ёзган китоб эмас. Бу Аллоҳнинг китоби. Аллоҳ менинг кўнглимга солди. Мен уни кўнглимдан чиқариб, қоғозга туширдим ва Сизга тақдим этдим. Бу бир қудратдир Туркман халқи учун. Шунинг учун, уни ўрганинг, - деган эди бир йил муқаддам президент Ниёзов.

Маълумотларга қараганда, Туркманбоши туркманлар учун қудрат бўладиган яна бир китобни яқинда ёзиб тугатди ва унинг биринчи партияси - 5000 нусха китоб Ашхабоднинг китоб магазинларига чиқарилди. "Туркман халқи беш даврининг руҳи", деб аталади президентнинг янги китоби.

Мазкур китоб Туркманбоши қаламига мансуб учинчи асардир. Президентнинг биринчи китоби шеърлар тўплами эди. Иккинчиси - боягина эслаганимиз "Руҳнома" бўлиб, бу китоби учун муаллиф Туркманистон Қаҳрамони, деган фахрли унвонга лойиқ, деб топилган. Шу кунда "Руҳнома"ни ўрта, махсус ва олий мактабларда, колхоз-совхозларда, завод-фабрикаларда, ҳарбий қисмларда, хуллас, ҳар бир жойда, ҳар бир киши ўрганмоқда. Маълумотларга қараганда, "Руҳнома"нинг ўргатилиши ва ўрганилиши жараёнини расмийлар назорат қилиб борадилар. Президентнинг шахсан ўзи "Руҳнома"нинг Давлат Университети, Санъат институти, Консерватория ҳамда Бадиий академияда ўрганилишини назорат қилади.

Бироқ, туркман мухолифати вакиллари, жумладан мамлакатнинг собиқ Ташқи ишлар вазири Авди Қулиев Туркманбоши қаламига мансуб китобларни китоб ўрнида кўрмайди. Масалан, "Новие Известия" газетасига куни кеча берган интервюсида "Туркманбошининг китоблари жиннихонада қайд этилган битикларни эслатади", дебди. Қолаверса, Авди Қулиевга кўра, "Сапармурод Ниёзов бу китобларни ёзиш у ёқда турсин, ўқимаган ҳам".

Туркман мухолифати лидерларидан бирининг бу гапларида жон борга ўхшаб қолди. Бир йил муқаддам, "Руҳнома"ни Худонинг Ўзи дилимга солди, деган Туркманбоши куни кеча мутлақо бошқача фикр билдирди:

- "Руҳнома" буюк китобдир. Уни нафақат мен ёздим. Бутун Туркманистондан 18 минг таклиф, фикр олинди. Шу таклифлар ичидан маржон фикрлар териб олиниб, "Руҳнома" ёзилди. Китобда менга тааллуқли фикрлар жуда оз. Бу китобни бутун туркман халқи ёзди. Бироқ, унинг муаллифи сифатида менинг номимни айтаяптилар холос, - деди Туркманистон президенти Сапармурод Отаевич Ниёзов - Туркманбоши.
XS
SM
MD
LG