Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:07

Ёнғинлар ўрмонларга катта зарар етказмоқда.


БМТ томонидан яқинда эълон қилинган ҳисоботда билдирилишича, ҳар йили минглаб гектар ўрмонларнинг ёниб, кул бўлиши натижасида қимматбаҳо ёғоч хом-ашёси ва бошқа ўрмон маҳсулотлари йўқ бўлмоқда.

БМТнинг Римда жойлашган Озиқ-овқат ва Қишлоқ Хўжалиги Ташкилоти томонидан тарқатилган баёнотда, ўрмон ёнғинларини ўчиришга миллиардлаб доллар сарфланаётгани билдирилган.

БМТ Агентлигига кўра, ўрмон ёнғинларининг 95 фоизи инсон фаолияти сабабли юз бермоқда. Бир дона гугурт чақиш ёки ўчмаган сигаретани ташлаш ўрмонда ёнғин чиқиши учун етарлидир. Бу йил Европа, АҚШ, Канада ва Австралияда ёз одатдагидан иссиқ бўлгани ҳам ўрмон ёнғинларига сабаб бўлди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва Қишлоқ Хўжалиги Ташкилоти дунё мамлакатларини ўрмонлардан фойдаланиш ишларига маҳаллий жамоаларни ҳам жалб этишга чақирган. Агентликнинг ўрмон ёнғинлари муаммоси бўйича мутахассиси Майк Юрвелиусга кўра, агар одамлар ўрмонларни муҳофаза қилишдан манфаатдор бўлса, одамлар фаолияти туфайли ўрмонларда ёнғин чиқиши камаяди.

Майк Юрвелиусга кўра, бу йил ёз фаслидаги ўрмон ёнғинлари, инсон талафоти, ўрмон ва инфраструктурага етган зарар нуқтаи назаридан, яқин тарихдаги мисли кўрилмаган ёнғинлар бўлган.

БМТ Агентлигига кўра, жорий йилда Португалиянинг 417 минг гектар ўрмони ёниб кул бўлган. Бу 2002 йилда мамлакатда юз берган ўрмон ёнғинларидан уч баробар кўп. Франция эса 2003 йилда 45 минг гектар ўрмон майдонини йўқотган. Бу 1980 – 2000 йилларда қайд этилган ўртача кўрсаткичдан 30 фоизга кўп. 2002 йилда Россияда 11.7 миллион гектар ўрмон ёнган эди. Жорий йилда қурғоқчилик юз бергани натижасида Россияда 23.7 миллион гектар майдондаги, бошқача айтганда Британия ҳудудларига тенг майдондаги ўрмонлар ёниб кетди.

2002 йилда АҚШда 1.7 миллион гектар ўрмон ёнган бўлса, бу йил Қўшма Штатлар 2.8 миллион гектар майдондаги ўрмонни йўқотди. Бироқ, бу йилги ёз фасли Канада учун яхшироқ бўлди. 2002 йилда Канадада 2.6 миллион гектар майдондаги ўрмон ёнган бўлса, бу йил бир ярим миллион гектар ўрмон ёнгани билдирилди. Дунё бўйича ўрмон ёнғинларидан энг кўп зарар кўрган мамлакат Австралия бўлди. Жорий йилда мамлакатдаги 30 миллион гектар майдондаги ўрмон ёниб, кул бўлди.
XS
SM
MD
LG