Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:29

Истеъмолчи ўз ҳуқуқи бузилмаслиги учун курашсин


Саида Кузатувчиларнинг эътироф этишича, Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларининг поймол этилаётганига сабаб уларнинг ўз ҳуқуқини тўла билмаслиги ва ҳуқуқи бузилганда тегишли ташкилотларга мурожаат қилмаслигидир.

Истеъмолчилардан бирининг айтишича, у ҳуқуқи бузилганда бу ҳақда тегишли ташкилотга мурожаат қилишни эп кўрмайди.

«Чунки, дейди у, мурожаат қилганимдан сўнг қанча вақтим кетади, оворагарчилик бўлади. Бундан ташқари, мурожаатдан бирор натижа чиқишига ишонмайман ҳам».

Истеъмолчи Соифа Маҳмудова яқинда шундай ҳуқуқ бузилишига дуч келган. У «Чорсу» марказий универмагидан арзонлаштирилган дея сотувга қўйилган маҳсулот харид қилади. Кейинчалик сўраб-суриштирса, товар арзонлаштирилмаган, балки мусодара қилинган экан. Бунинг устига, 300 минг сўмга харид қилинган бу маҳсулотнинг баҳоси бозорларда 150 минг сўм атрофида экан.

С.Маҳмудова бошқа айрим сабабларга кўра маҳсулотни қайтариб бермоқчи бўлган. Сотувчи билан тўғридан-тўғри келиша олмагани сабабли истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилоти орқали мақсадига эришган. Лекин, унинг айтишича, пулини қайтариб олгунча жуда кўп овора бўлган.

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдусамад Ҳимматовнинг маълум қилишича, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида фуқаролардан истеъмолчилик ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраб 569 та ариза тушган. 535 истеъмолчининг даъвоси қондирилган. 34 ариза юзасидан айни пайтда суриштирув ишлари олиб борилаётган экан.

Унинг таъкидлашича, истеъмолчилар ҳар доим ҳам ўз ҳуқуқини талаб қилавермайди. Шу сабабли юқорида келтирилган рақамлар унча катта эмас.

Мустақил кузатувчи Баҳодир Чиғатойнинг сўзларига қараганда, истеъмолчилар ҳуқуқининг поймол этилмаслиги учун, аввало, уларнинг бу борадаги билимларини, шунингдек, талабчанлик даражасини ошириш керак.
XS
SM
MD
LG