Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:32

Ўзбекистонда пахта терими мавсумида мактаблар ёпилди


Феруза Мустақил манбаларнинг маълум қилишича, пахта йиғим-терими мавсуми даврида жойларда кўплаб мактаблар ёпилган. Кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари эса бу пайтда пойтахт бозорларида майда савдогарчилик билан машғул бўлмоқда.

«Озодлик» мухбири ушбу маълумотни ўрганиш учун пойтахт бозорларида бўлди. Ҳақиқатан ҳам бозорларда мактаб ўқувчиларини кўплаб учратиш мумкин. Болалардан бирининг онаси Келесдаги 9, 11, 35-мактаблар ўн кунга ёпилгани, катта ёшдаги мактаб ўқувчилари пахта теримига жалб қилинганини билдирди. Унинг айтишича, айни пайтда ўнинчи синфдаги фарзанди Оққўрғонда пахта термоқда.

Бозорларда пахтадан қочиб, тирикчилик қилаётган катта ёшли ўқувчиларни ҳам учратиш мумкин. Уларнинг таъкидлашича, жойларда шароит жуда оғир. Терилган пахта учун пул ўз вақтида тўланмайди ёки умуман берилмайди.

Тошкент вилояти мактаблар бошқармаси ходимининг шу масала юзасидан фикр билдиришича, мактаб ўқувчиларининг пахта теримига олиб чиқилиши маҳаллий ҳокимликлар буйруғи асосида амалга оширилади. Хусусан, Тошкент туманида ҳам ҳокимнинг 418-қарори билан мактаб ўқувчилари пахта теримига жалб қилинган.

Кузатувчиларнинг фикрича, гарчи мактабларнинг фақат юқори синф ўқувчиларини теримга чиқариш тўғрисида буйруқ берилган бўлсада, вилоятларда кўплаб мактаблар ёпилган. Ҳатто бошланғич ва ўрта синфлар ўқувчилари ҳам таълим олишдан маҳрум қилинган.

Кўпгина зиёлилар бу ҳол ўқувчиларнинг билим олишга рағбатини сусайтираётгани ва илм олиш имкониятини қисқартираётганини таъкидламоқда. Уларнинг айтишича, бу келажакда жиддий салбий оқибатларга олиб келади.
XS
SM
MD
LG