Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:05

Ўзбекистонда ўлим жазоси


Шайбон Куни кеча “Халқаро амнистия” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Ўзбекистонда ўлим жазосига оид ҳисоботини эълон қилди. “Ўзбекистон: адолатсиз судлар ва махфий қатллар” деб аталган ушбу ҳужжатда Ўзбекистон халқаро ҳамжамият олдида ўз зиммасига олган мажбуриятни бажармаётгани айтилади.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистонда айбланувчига нисбатан ўлим жазоси кўп ҳолларда нохолис олиб борилган суд жараёни натижаси ўлароқ эълон қилинади. Боз устига, дейилади ҳужжатда, ҳукм яширин тарзда ижро этилади, ҳукм ижросидан маҳбуснинг яқинлари огоҳлантирилмайди.

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раисаси Тамара Чекунованинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда ўлим жазоси ижро этилгани на матбуотда, на катта йиғинларда ошкор этилади. Шунга қарамай, мамлакатда жазонинг бу тури мавжуд ва у амалга ошириб келинмоқда.

“Биз Ўзбекистон Президенти номига очиқ хат йўллаб, ўлим жазосига нисбатан мораторий эълон қилишни сўраганмиз. Аммо мурожаатномага ҳеч қандай муносабат билдирилмади”, дейди Т.Чекунова.

Ҳисоботда таъкидланганидек, Ўзбекистонда ўлим жазоси махфий тарзда ижро этилади ва бу ҳақда қатл этилган маҳбусларнинг яқинларига хабар берилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноий-ижроий кодексининг 140-моддасига кўра, ўлим жазоси оммага ошкор этилмайди ва у отув орқали амалга оширилади. Жасад дафн этиш учун берилмайди ва дафн жойи ҳам махфий сақланади.

Аммо жазо ижро этилгач, қонун бўйича маҳбуснинг яқинлари уч кун ичида огоҳлантирилиши шарт. Аммо бу тартибга ҳам ҳамма вақт риоя этилмайди.

Масалан, Шавхия Тўлаганованинг айтишича, у ўғли Рифат Тўлагановни кўргани 25 июнда қамоқхонага борган. Бироқ маълум бўлишича, Рифатга нисбатан ўлим жазоси 5 июнда ижро этилган экан. Яқинлари эса бу ҳақда огоҳлантирилмаган.

Ҳозир ҳам бир гуруҳ маҳбуслар ўлим жазосига ҳукм этилганлар камерасида ўтирибди. Ҳисоботда улардан айримларининг, жумладан, 1974 йилда туғилган Искандар Худойберганов ҳамда 1984 йилда туғилган Аброр Исаевнинг номи тилга олинган.

Маълумотларга қараганда, Аброр Исаев ўлим жазосига ҳукм этилганини билгандан сўнг, ақлдан озган.

Норасмий манбаларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили ўлим жазосига ҳукм этилган юздан ортиқ маҳбус қатл этилади. “Озодлик” мухбири ушбу маълумотнинг нечоғлик ҳақиқатга яқинлигини аниқлаш мақсадида Жазони ижро этиш бош бошқармасига мурожаат қилди. Бироқ у ердан маълумот олишнинг иложи бўлмади.

“Хьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Матильда Богнер бу ҳақда янгилик олиш учун тегишли идораларга мурожаат қилиш бефойда эканини айтди. Унинг сўзларига қараганда, бу ҳақдаги барча маълумотлар давлат сири саналади. Шу боис, бу хусусда бирор статистик маълумотни қўлга киритиш ниҳоятда мушкул.
XS
SM
MD
LG