Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:38

Навбат муштипар оналарга..ми?


Шайбон Инсон ҳуқуқлари ташаббус маркази жорий йилнинг 25 декабрида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ўринбосари Зикрилла Эрматов ўзининг икки ходими ва икки нафар милиционер иштирокида 57 ёшли Сарвар Гареевани шафқатсиз калтаклагани тўғрисида хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, ўринбосар ва унинг шериклари аёлнинг қўлларини орқага қайириб, қорнига муштлаган, сочидан тутиб, бошини деворга урган. З.Эрматов С.Гарееванинг паспортини тортиб олган ва бирор жойга арз қилса, ўлдириб юбориш билан қўрқитган.

Хабарда таъкидланишича, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими кекса аёлнинг калтакланишидан хабар топгану лекин, бу ҳолатни эътиборсиз қолдирган. Ҳокимлик биносида рўй берган воқеа ташқарига овоза бўлмаслиги учун шу куни С.Гареева кеч соат олтигача ушлаб турилган. С.Гареева уйига қайтгач, тез ёрдам чақиришга мажбур бўлган. Чақирув бўйича етиб келган шифокор вазият билан танишгач, жарбланувчини шифохонага олиб кетишдан бош тортган. Эртасига С.Гареева инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева ҳамроҳлигида Тошкент трактор заводи шифохонасига борган. Жабрланувчи тиббий кўрикдан ўтказилгач, унинг бир қовурғаси сингани, елкаси қаттиқ лат егани, мияси чайқалгани аниқланган.

Сарвар Гарееванинг калтакланиши инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда. Хусусан, “Эрк” партияси аъзоси Дилором Исҳоқова бундай қийноқлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳар куни юз бераётганини таъкидлади. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукуматининг барча тизимларида ишлаб турган амалдорлар инсон сифатида бош кўтариб юришга ҳақи йўқ.Чунки уларнинг юзи қора, деди у.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Толиб Ёқубов эса ҳукуматнинг ўз фуқароларини ҳурмат қилмаслигига ҳар қадамда шоҳид бўлиш мумкинлигини таъкидлади. Т.Ёқубовнинг айтишича, ҳукумат шу йўлидан қайтмаса, муқаррар равишда мағлубиятга учрайди.

“Ўзбекларда балиқ бошидан, деган гап бор, деди мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев,- шунинг учун зўравонлик илдизларини ҳокимиятнинг энг юқори поғоналаридан излаш керак”.

“Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижрочи директори Аъзам Турғунов зўравонлик ҳуқуқ-тартибот идоралари, қамоқхоналардан эндиликда ҳокимлик биноларига ҳам кириб келганига урғу берди.

Мустақил кузатувчилардан бирининг таъкидлашича, мустақил даврида ҳукумат халқни ҳар жиҳатдан кучсизлантиришга қаратилган изчил сиёсат юритмоқда. Мухолифатдаги партияларни йўқ қилиш, зиёлиларга қарши репрессиялар, инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг кучайишига йўл қўймаслик кабилар шу сиёсатнинг белгиларидир.

Унинг сўзларига қараганда, истиқлолнинг дастлабки йилларида амалдорлар халқ билан бир қадар ҳисоблашган, аҳолини ошкора хўрлашдан тийилган. Халқни кучсизлантириш сиёсати кучайгач, амалдорларнинг халққа беписанд муносабати ҳам шунга мос равишда ўзгарган.
XS
SM
MD
LG