Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:12

АҚШ расмийлари 11 сентябр воқеалари юзасидан кўрсатма бера бошладилар


АҚШдаги 2001 йил 11 сентябр кунги террор ҳужумлари олдини олиш мумкин эдими? Агар мумкин бўлса нега унинг олди олинмади? АҚШнинг қайси маъмурияти бу ерда хатога йўл қўйган - ҳозирги Буш маъмуриятими ёки олдинги, Клинтон ҳукуматими? Кўплаб мубохасаларга сабаб бўлаётган мана шу саволларга аниқлик киритиш учун бир неча ой аввал АҚШда махсус мустақил комиссия тузилган эди. Сешанба куни эса айни комиссия дастлабки эшитувларни ўтказди. Унда АҚШнинг ҳам ҳозирги ҳам аввалги маъмуриятида ташқи сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа масалаларига масъул бўлган расмийлар кўрсатма бердилар.

Комиссиянинг дастлабки хулосаларига кўра, 11 сентябр ҳужумларида ҳар икки маъмурият, яъни ҳозирги Жорж Буш маъмурияти ва олдинги Билл Клинтон маъмуриятидан хато ўтган. Яъни, ҳар икки маъмурият Америкадаги 3000 киши ўлимига сабаб бўлган террор ҳужумларидан аввал Усама бин Ладин ва унинг Ал-Қаида тармоғига қарши зарурий чораларни кўрмаган.

Шундай бўлса-да, сешанба кунги комиссия эшитувларида ҳозир бўлган АҚШнинг ҳар икки маъмурияти расмийлари ҳам ўзларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилди. Жумладан, АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл Американинг ҳозирги маъмурияти Оқ уйга келган илк кезлариданоқ "Ал-Қаида" солаётган хавфни англаган холда уни яксон этиш дастурини ишлаб чиқишга киришганини таъкидлади: "Ҳозирги маъмурият хокимиятга келиши билан терроризмнинг Қўшма Штатлар ва унинг манфаатлари ҳамда жаҳондаги иттифоқчиларига солаётган хавфини чуқур идрок этди ва биз бу борада дархол ишга киришдик. Президент бу масала устивор эканини очиқ айтди. Терроризмга қарши курашувчи ҳукумат тузилмалари, муассаса ва ташкилотлар ўз фаолиятини давом эттирдилар", - деди Пауэлл.

Президент Клинтон даврида Давлат котиби лавозимида ишлаган Мэдлин Олбрайт ҳам ўзи ишлаган маъмуриятни оқлашга ҳаракат қилди. Олбрайт Клинтон даврида террорчиликка қарши кураш устивор масала бўлганини таъкидлади ва айбни ҳозирги маъмуриятга ағдаришга ҳаракат қилди. "Клинтон даврида ишлаб чиқилган кўплаб сиёсий режалар давом эттирилмади. Шуни чуқур қайғу билан айтишим керакки, ҳозирги маъмурият биз бошлаган Шимолий Корея бўладими ёки Болкон, бу ишларни четга суриб қўйди ва буни кузатиш биз учун оғир эди", - деди Олбрайт.

Масалани ўрганиб чиққан мустақил комиссиянинг сешанба куни эълон этган иккита айри хулосаларига кўра, хато шундан иборатки АҚШнинг ҳар икки маъмурият ҳам Ал-Қаидага қарши курашда ҳарбий чоралар ўрнига дипломатия йўлини танлаган. Масалан, хулосада айтилишича, Клинтон маъмурияти Ал-Қаида етакчиси Усама бин Ладенни йўқ қилиш ёки қўлга олишнинг кўплаб фурсатларни бой берган. Шунингдек, Буш маъмуриятига нисбатан ҳам айбловлар бор комиссия хулосасида. Унда айтилишича, Буш маъмурияти 2001 йил 11 сентябр куни Ню Йоркдаги Жаҳон Савдо Маркази минораларига учқичлар бориб урилгунга қадар АҚШ бундай кўламли террор ҳужумлари олдини олиш режасини ишлаб чиқмаган.

АҚШнинг Небраска штати собиқ сенатори Боб Керри эса ҳар икки маъмурият ҳам Ал-Қаиданинг тўқсонинчи йиллар оҳирларида Америкага қарашли иншоотларга қилган қатор ҳужумларига жавобан тегишли чора кўрмаганини таъкидлади. "Улар, яъни террорчилар, Саудия Арабистонидаги Хобар минорасида учувчиларимизни ўлдиришди. Шарқий Африкадаги муассасаларимизга, Яманда ҳарбий кемамиз денгизчиларига ҳужум қилишди. Мен тушунмадим ва ҳозир ҳам тушунмаяпман, нимага ўша пайтда ҳарбийларимизга устунлик берилмади", - деди собиқ Сенатор.

Клинтон даврида АҚШ Мудофаа вазири лавозимида ишлаган Уилям Коэн кўрсатмасига кўра, 1998-1999 йилларда Усама бин Ладинни ракета зарбалари билан йўқ қилишнинг камида уч имконияти бўлган. Аммо, Коэнга кўра, разведка маълумотларидаги ноаниқликлар, қолаверса ортиқча қон тўкилишлар эхтимоли боис ракета ҳужумларидан воз кечилган ўша пайтда. Лекин, комиссия олдида кўрсатма берган АҚШнинг ҳозирги Мудофаа Вазири Доналд Рамсфелд Усама бин Ладин ўша пайтда йўқ қилинган тақдирда ҳам 11 сентябр фожиалари олди олинмас эди, деган фикрни билдирди.
XS
SM
MD
LG