Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:05

Обидхон қорининг ўғли қани?


Феруза Маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги таниқли диний уламо Обидхон қори Назаровнинг 28 ёшли ўғли Ҳусниддин Назаров 16 май куни кечки пайт ғойиб бўлган.

Ҳ.Назаровнинг онаси Мунира Насриддинованинг сўзларига қараганда, ўғли 16 май куни 19.30 да уйига яқин масжидда шом намозини ўқишга чиқиб кетган ва шу кетганча қайтмаган. Қўшни аёллардан бири Ҳ.Назаровнинг орқасидан секин кузатиб бораётган машинани кўрган, лекин Ҳусниддиннинг бу машинага чиққан-чиқмаганини ҳеч ким кўрмаган. Она ўғлининг ғойиб бўлгани юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати вакилларига бир неча марта мурожаат қилган. Лекин улар бу ишга ўзларининг алоқаси борлигини рад этган.

М.Насриддинованинг тахмин қилишича, ўғлининг ғойиб бўлишида ушбу идораларнинг қўли бор. 14 май куни уларнинг хонадонига участка милиционери келиб, Ҳ.Назаров ва О.Назаров ҳақида узоқ суҳбатлашган. Ҳатто ўғлининг бешикдаги боласигача сўраб-суриштирган. 12 май куни эса шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари қўшнилардан Ҳ.Назаровнинг юриш-туриши ҳақида маълумотлар олишга ҳаракат қилган. Умуман, сўнгги вақтларда Ҳ.Назаровга ҳуқуқ-тарибот ходимлари алоҳида қизиқиш билдира бошлаган.

“Озодлик” мухбири мазкур воқеа юзасидан О.Назаров оиласининг адвокати Ирина Никулинага мурожаат қилди.

“Ҳ.Назаров йўқолиб қолгандан буён Ички ишлар вазирлигига, Тошкент шаҳри ИИББга, туман ИИБга, шаҳар ва туман прокуратураларига, АҚШ ва бошқа давлатлар элчихоналарига, Европада ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилоти ҳамда “Ҳьюман райтс уотч”га бордик ва аризалар топширдик. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати бизга ҳали расмий жавоб қайтаргани йўқ. Аммо оғзаки тарзда уларда бу ҳақдаги расмий қоғозлар йўқлигини билдирди”, - деди И.Никулина.

Адвокатнинг айтишича, Ҳ.Назаров оиланинг яккаю ягона боқувчисидир. Ҳозир унинг турмуш ўртоғи, уч нафар ёш боласи, қари онаси, сингиллари ва укалари боқувчисисиз оғир аҳволда қолган.

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати вакиллари мавзу юзасидан ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG