Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:26

ПОРТЛАШЛАР ОРТИДА КИМ?


Илгари хабар қилганимиздек, ўтган шанба куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тошкентда АҚШ ва Исроил элчихоналари ҳамда Республика Бош Прокуратураси биноси олдида содир этилган ҳужумларга "Ҳизбу Таҳрир" ташкилоти алоқаси борлигини баён қилган эди. Аммо, "Ҳизбут Таҳрир" гуруҳи бу айбловни рад этди.

"Ҳизбут Таҳрир" диний-сиёсий гуруҳининг Лондондаги вакили Имрон Воҳидга кўра, портлашларга унинг ташкилоти алоқадор бўлгани ҳақидаги Ўзбекистон Президентининг баёноти асоссиз. "Озодлик" мухбири билан суҳбатда Воҳид бу ҳужумларга ташкилотнинг мутлақо алоқаси йўқлигини ва Ислом Каримов барча айбни "Ҳизбу Таҳрир" гуруҳига юклаб жамоатчилик орасида эътибор қозонаётган бу гуруҳни обрўсизлантиришга уринаётганини баён қилди. "Каримов режими заиф режимдир. "Ҳизбу Тахрир" Ўзбекистон ва Марказий Осиёда аҳоли орасида эътибори қозонишда давом этмоқда. Шу боис Каримов гуруҳимизни жамоатчилик орасида ёмон отлиқ қилишга уринаётир. Аммо, Марказий Осиёдагилар "Ҳизбу Таҳрир" ҳеч қачон зўравонлик қўлламайдиган, интеллектуал сиёсий ташкилот эканлигини яҳши билишади", - деди "Ҳизбут Таҳрир" вакили Имрон Воҳид.
Тошкентда портлашлар рўй берган куни интернет тармоғида ўзини "Ўзбекистонда Исломий Жиҳод" деб атаётган гуруҳ бу ҳодисалар учун масъулиятни зиммасига олгани ҳақда маълумот пайдо бўлди. Айни гуруҳ тарқатган баёнотда айтилишича, бу ҳужумлар Исломга қарши бор кучини сафарбар қилаётган Америка ва Исроил элчихоналарига ҳамда Ўзбекистонда мусулмонларга нисбатан репрессиялар бошида турган Республика Бош прокуратурасига қарши қаратилгандир.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ушбу баёнотни эътиборсиз қолдирди. Аммо, Каримов Ўзбекистон Исломий Ҳаракати баёнотига алоҳида тўхталди ва шундай хабарларни оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш ҳужумлар ортида "Ҳизбу Таҳрир" турмагандек қилиб кўрсатишга уриниш эканини таъкидлади.
Хўш, халқаро кузатувчилар бу борада қандай фикрдалар? Франциялик исломшунос олим Оливье Руа Ўзбекистон Президентининг Тошкент портлашларига "Ҳизбу Таҳрир" алоқаси борлиги хусусидаги баёнотига шундай муносабат билдирди:
"Ўзбекистон ҳукумати доим "Ҳизбут Таҳрир"ни айблаб келиган. Аммо, бу портлашларга "Ҳизбут таҳрир" жавобгар эканини англатмайди. Бу ерда Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан ажралиб чиққан янги гуруҳ ҳужумларга кўпроқ жавобгардек туюляпти", - дейди Руа.
Тахлилчига кўра, Марказий Осиёда дунёвий тизимларни ағдариб, Ислом халифалиги қуришни даъво қилаётган "Ҳизбут таҳрир" сафлари, айниқса, ёшлар хисобидан кўпаймоқда. Маълумотларга кўра, ушбу гуруҳнинг Марказий Осиёда 5 мингдан 10 минггача аъзоси бор. Бошқа манбааларда эса ҳизбчилар сони минтақада ундан-да кўп бўлиши мумкинлиги айтилади.
Франциялик таҳлилчи Оливье Руанинг айтишича, Ўзбекистондаги репрессив режим ва мухолифат партиялар йўқлиги боис юзага келган сиёсий бўшлиқ бу каби ташкилотларни озиқлантирмоқда. Аммо, таҳлилчи "Ҳизбут Таҳрир" ўз мақсадига эришишда зўравонлик усулларини қўлламаслиги ва ғоявий кураш олиб бораётганини яна бир бор қайд этди.
"Шу пайтга қадар "Ҳизбу Таҳрир" террор амалиётларига аралашмай келди. Балки бу гуруҳга илгари аъзо бўлган одамлар бундай ишга қўл ургандир. Биз буни билмаймиз. Аммо, шуни биламизки, "Ҳизбу Таҳрир" ташкилот сифатида ҳеч қачон зўравонлик қўлламаган ва фақат тарғибот курашини олиб борган".
Руанинг айтишича, Тошкентдаги портлашларнинг янги жиҳати унинг хорижий элчихоналарга қарши қаратилганидадир. Бу эса, унинг фикрича, ушбу ҳужумлар ортида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати каби "Ал Қайда" билан алоқаси бор гуруҳлар бўлиши мумкин, деган таҳминларга асос бермоқда.
"Сўнгги портлашларга хорижий давлат элчихоналари нишон бўлди. Бу янгилик. Чунки шу пайтгача Ўзбекистондаги ҳукумат бинолари нишон бўлиб келаётган эди. Шундай экан, балки бу ҳужумлар ортида Ўзбекистон исломий ҳаракати ва "Ал Қайда" билан алоқаси бор бошқа гуруҳлар тургандек туюляпти", - деб фикр билдирди Оливье Руа.

Аммо, айрим манбаъларда айтилишича, бу Ўзбекистондаги исломий гуруҳларнинг хорижий объектларга қарши биринчи ҳужуми эмас. Хусусан, "Дебка файл" деб аталувчи интернет нашрининг ёзишича, олдинлари Ўзбекистон Исломий Ҳаракати АҚШ ҳаво базаларига қарши ҳужум қилишга уринганлар, ҳатто улар икки америка аскарини ўлдирган ва бир америкаликни олиб қочишга уринган.

Британиялик минтақашунос тахлилчи, илгари Тошкентда Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида фаолият юритган Пол Берн ҳам Тошкентда Америка ва Исроил элчихоналарига қарши уюштирилган ҳужумлар ва ундан олдинги террор амалиётларида "Ҳизбу таҳрир"нинг алоқаси бўлмаган деб ҳисоблайди.
"Бу гуруҳ ўз сиёсатини ўзгартиригани ва зўравонлик йўлига ўтгани борасида шу пайтгача бирон ишонарли далил учратмадим. Шундай экан Тошкентдаги портлашларда Ҳизбут Таҳрирнинг қўли бор дейишга бир оз эхтиёткор бўлган бўлар эдим", - дейди Пол Берн.
Америкалик исломшунос ва худкушлик ходисаси бўйича қатор китоблар муаллифи Жойс Дэвис ҳам Берн фикрига қўшилади. Аммо, Дэвис "Хизбут таҳрир" вакили ўз сўзида нақадар самимий экани борасида аниқ бир тўхтамга келиш қийин эканини айтади.
"Гарчи бу гуруҳ террор амалиётларига аралашмаган бўлса-да, улар фалсафасида, аксил америка, аксил ғарб кайфияти ва радикал ғоялар бор албатта. Лекин, юқорида айтганимдек шу пайтгача бу гуруҳ ҳеч қандай зўравонликка аралашмаган", - деди америкалик исломшунос Жойс Дэвис.
Бироқ, ғарблик тахлилчилардан фарқли, Москвада фаолият олиб бораётган Яқин Шарқ бўйича мутахассис Доктор Амара ҳар доим ҳам террорчилар баёнотлари тўғри бўлиб чиқавермаслигини ҳамда ҳамма ташкилотлар ҳам у ёки бу террор ҳаракати учун масъулиятни ўз зиммасига олавермаслигини таъкидлайди.
"Бу ташкилотларнинг бари ўз ўзидан кўриниб турибдики ҳалол бўлмаган ташкилотлар. Шундай экан уларга ишонмаслик керак. Улар ҳақиқий Исломни булғамоқдалар. Ислом улар қилаётган ишларни инкор этади. Ва биз араб дунёси бу каби ташкилотларга салбий қарашдамиз", - деб фикр билдирди доктор Амара.
XS
SM
MD
LG