Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:01

ГАРОВГА ОЛУВЧИЛАР ИККИ ФРАНЦУЗ ЖУРНАЛИСТИ ҲАЁТИ ЭВАЗИГА РЎМОЛНИ ТАЛАБ ЭТИШМОҚДА


Ироқда икки нафар франциялик журналист гаровга олиниши билан боғлиқ воқеадан сўнг Франция Президенти Жак Ширак Россияга ташрифини сешанба кунига кечиктирди. Россия Президенти Владимир Путин, Германия Канцлери Герхард Шрёдер ва Франция президенти Жак Ширкалар ўртасидаги уч томонлама саммит душанба куни Сочида очилиши кутилаётган эди. Француз журналистларини гаровга олган гуруҳ гаровдагилар озод қилиниши эвазига Франция давлат мактабларида муслима қизларга рўмол ўрашга жорий қилинган тақиқ бекор қилиниши талаб этмоқда

Ушбу воқеа хусусида Ҳурмат Бобожон билан суҳбатлашамиз.

Ҳурмат, Ироқдаги гаровга олишларга назар соладиган бўлсак, шу пайтгача, асосан АҚШ етакчилигидаги коалицияга қўшилган давлатлар фуқаролари олиб қочилганининг гувоҳи бўламиз. Агар гаровга олинган шахслар коалиция таркибига кирмаган давлат фуқаролари бўлса, экстремист гуруҳлар уларни баъзан қўйиб юборганлар. Шундай экан, Ироқ урушига қарши чиққан, бу борадаги АҚШ сиёсатини танқид қилиб келган Франциянинг фуқаролари Ироқда гаровга олиниши нимадан дарак?

Тўғри айтдингиз, Абдулла. Ироқда гаровга олишлар тўлқини энди муайян давлатларнинг ички сиёсатига таъсир этишга йўналаётган кўринади. Яъни, шу пайтгача Ироқда хориж фуқароларини гаровга олган гуруҳлар асосан қўшинлар олиб чиқиб кетилишини талаб этган бўлсалар, ҳозирги вазиятда гаровга олувчилар чет давлатнинг ички ишларига аралашишга интилаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Яъни, ўзини "Ироқ Ислом Армияси" деб атаётган гуруҳ "Le Figaro" газетаси мухбири Жорж Малбрюно ва Франция Халқаро Радиоси мухбири Кристиан Шестноларнинг ҳаёти эвазига Францияда жамоатчилик мактабларида муслима қизларнинг рўмол ўраб юришларига жорий этилган тақиқ бекор этилишини талаб этишмоқда. Бунинг учун улар Париж ҳукуматига 48 соат муҳлат беришди.
Франция Парламенти қабул қилган бу тўғридаги қонун янги ўқув йилидан бошлаб кучга кириши кутилаётган эди. Ва унда нафақат муслима қизларнинг рўмол ўрашлари, балки яхудий ва насронийлар диний рамзларни тақиб юришлари ҳам ман этилади. Аммо, француз журналистларини гаровга олган гуруҳ бундай чекловларни Ислом дини ва фуқаро эркинликларига қарши тажоввуз, дея таърифлаган.

Франция ҳукуматининг гаровга олувчилар талабига бўйсуниши эхтимоли борми?

Бундай эхтимол жуда оз. Аммо, Франция ҳукумати гаровга олинган журналистлар ҳаётини сақлаб қолишга бор имкониятини ишга солган кўринади. Хусусан, Президент Жак Ширак:
"Дастлабки кунларданоқ, гаровга олинган журналистлар озод этилиши учун қўлдан келган чорани кўряпмиз. Ҳукумат фаолиятини деярли шунга сафарбар этган. Ҳозир бутун миллат оёқда, чунки икки ҳамюртимиз ҳаёти қил учида", - деди.
Айни пайтда Ширак Ташқи ишлар вазири Мишель Барньени Яқин Шарққа юборди. Барьне қандай қилиб гаровга олувчиларни кўндирмоқчи, буниси ҳозирча қоронғу. Аммо, кузатувчилар Франция рахбарияти ўзининг Ироқ урушига қарши эканини ишга солмоқчи, дейишмоқда.

Ҳурмат Франция мусулмон жамоаси гаровга олиш билан боғлиқ ҳолатни қандай қабул қилди?

Бу борада Француз мусулмонлари орасида якдил фикр бор деб бўлмайди. Чунки Францияда мусулмон жамоаси беш миллиондан ортади. Айтиш жоиз, жамоатчилик мактабларида муслима қизларга рўмол ўраш тақиқлангани мусулмонларнинг кескин норозилигига сабаб бўлган эди. Аммо, Франция Мусулмон ташкилотлари уюшмаси Президенти Лаж Тами Брез фуқароларни гаровга олиш йўли билан жараёнга таъсир қилиш улар учун номақбул эканини урғулади:
"Бундай йўл билан муаммони ҳал этишга уриниш биз учун ёт. Франция мусулмонларининг ўзлари муаммони мулоқот ва ошкоралик йўли билан ҳал этади. Бунга четдан хуфёна кучларнинг аралашувини биз қабул қилмаймиз", - деди Лаж Тами Брез.
Гаровга олишларни нафақат Франция мусулмон жамоаси, балки, Ироқ Ислом уламолари қўмитаси, Мисрдаги Мусулмон биродарлар ташкилоти ҳам қоралаб чиқди ва гаровга олувчилардан Франция фуқароларини дарҳол қўйиб юборишларини талаб этишди. Айни пайтда Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Қатардаги Ал-Жазира телеканалини мана шу мурожаатларни ёйинлашга чақирди.
XS
SM
MD
LG