Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:21

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво “Моҳият” газетасининг 6 октябрь кунги сонида фахрий журналист (!) Маҳмудхўжа Норхўжаевнинг “Миш-миш қачон урчийди? ОАВ унинг олдини олиши мумкин-ку!” сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

Муаллиф миш-мишлар урчимаслиги учун идора ва муассасалар ОАВ вакиллари билан ҳамкорликда иш олиб бориши кераклиги хусусида мулоҳаза билдиради: “Иллатлар шу қадар газак олиб кетмаслиги учун улар пайқалган пайтдаёқ қирқилиши даркор. Бунинг учун оммавий ахборот воситалари одил ҳукмдор бўлишлари керак. Бунда ОАВга жиноятларнинг пайини қирқадиган ҳуқуқ-тартибот органлари чин ҳомий бўлишлари, таҳририятларни янги-янги хабарлар, далиллар, таҳлиллар билан таъминлаб туришлари зарур. Бироқ матбуот ходимига ҳуқуқ-тартибот органлари зарур материални ҳамиша ва осонликча беравермайди. Жойларда содир этилаётган криминал ҳолатларни матбуот орқали ошкор этишга уларнинг ҳаммасида ҳам журъат етишмаяпти”.


“Моҳият” газетасининг ўша сонида Бахтиёр Олломуроднинг “Қўшиқчига уят керакмасми, саводчи?” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Муаллиф сўнгги йилларда пайдо бўлаётган қўшиқларнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб, жумладан, бундай ёзади: “Баъзи бир хонандаларимиз 3-4 та қўшиғи билан шуҳрат қозонади-ю, кейинрок танбаллашиб, енгил-елпи йўлларни излаб қолишади. Қўшиқлардаги изҳорлар, меҳр-муҳаббат носамимий, дардлар ясама. Мана улардан бири:

Онажоним, онажоним
Бахтимизга соғ бўлинг.
Онажоним, меҳрибоним,
Сизга минг бора таъзим.
Оқ сут бериб ўстирдингиз…

Қани бу ерда мазмуну қофия? Шеъриятимизда сийқа мавзуга айланган “онапарварлик”нинг ташбеҳу образларга йўғрилган бошқа варианти йўқмиди? Хўп, она бўлгандан сўнг, ўз гўдагига сут берадида. Сут бўлгандан кейин ранги оқ бўлмай, яна қанақа бўлсин?..”.


“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 8 октябрь кунги сонида Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳаммедованинг мамлакатда рақс санъатининг бугунги аҳволи ҳақидаги аччиқ мулоҳазалари “Рақс – миллат зийнати” сарлавҳаси остида эълон қилинди. Унда қуйидаги сўзлар бор: “Бундан уч йил илгари яхши ниятлар билан “Муножат” рақс ансамблини тузган эдим. Мақсадим пул топиш эмас, балки миллий санъатимизнинг гўзал намуналарини бутун дунёга кўз-кўз қилиш, миллий рақсларимизни бус-бутун сақлаб, келажак авлодга узатиш эди. Афсуски лицензия ололмаганимиз учун ансамблимиз фаолияти тўхтатилди. Баъзан ўзимга ўзим: “Қўй энди, жимгина яшайвер”, дейману, назаримда: “Нега томошабин бўлиб ўтирибсан?” дея устозларимнинг руҳи атрофимда кезиб юргандек безовта бўлавераман”.


“Ўзбекистон овози” газетасининг 9 октябрь сонида Фарғона давлат университети доценти Фарҳод Турғунбоевнинг “Миллий менталитет ва демократия” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф мамлакатда мавжуд партияларнинг ҳозирги фаолияти ҳақида қуйидагича мулоҳаза билдиради:
“Ҳозирда ҳам партияларнинг сайловолди ишларини кузатадиган бўлсак, улар томонидан олдинги сайловларда йўл қўйилган хато ва камчиликлар яна такрорланаётганлигини сезиш қийин эмас. Уларнинг фаолиятида янгиликларга интилишдан кўра эски, сийқаси чиққан усул ва воситалардан фойдаланиш кўпроқ учрамоқда. Уларда мустақил, сиёсий фикр билдиришга, вазиятни холис баҳолашга интилиш ҳаракати кам учрамоқда. Агар вазиятни тўғри баҳолаб, тактик ўзгаришлар амалга оширилмаса, эртага вақт тиғиз бўлиб, “вақтинг кетди, нақдинг кетди” деганларидек, дуч келган номзод вариантига таваккал қилиб ёпишиш бошланади ва ҳамма нарса яна эскича такрорланиб, сайловчиларнинг ҳафсаласи пир бўлишига олиб келади”.
XS
SM
MD
LG