Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:16

Ироқда БМТ расмийларини Фижи ҳарбийлари қўриқлайди


Вашингтон расмийлари Ироқда БМТ назорати остидаги мусулмон давлатлари ҳарбий кучларини ўрнатиш режасини рад этгани ҳақида аввал маълумот берган эдик. Саудия Арабистони ишлаб чиққан режада мазкур кучлар Ироқда ўтадиган сайлов жараёнида БМТ расмийларини ҳимоя қилиши кўзда тутилган эди. 20 октябр куни Ироқда БМТ расмийлари хавфсизлигини Фижи ҳарбийлари таъминлаши маълум қилинди. Айни пайтда, БМТ расмийлари бу ишга Америка аскарларини ҳам жалб этиш кераклиги бўйича АҚШ ҳарбийлари билан сўзлашув олиб бормоқда.

Ироқда Парламент сайловларига тайёргарлик жараёнида БМТ расмийларини Фижи ҳарбийлари қўриқлайдиган бўлди. Бунинг учун Фижи ҳукумати 130 аскардан иборат ҳарбий кучни Ироққа жўнатишга рози бўлди.

БМТ матбуот вакили Марие Окабенинг чоршанба куни маълум қилишича, Фижи аскарларини Австралия қурол-аслаҳа ва бошқа ускуналар билан таъминлайди. Матбуот вакилига кўра, Фижи аскарлари Ироққа келаси ойда боради:

”Бу чора Ироқдаги БМТ ходимлари хавфсизлигини таъминлашда муҳим рол ўйнайди ҳамда вазият яхшиланса, БМТга Ироқдаги ўз фаолиятини кенгайтириш имкониятини беради“ - дейди БМТ вакили.

Фижи Ироққа юздан ортиқ аскар жўнатишга рози бўлганига қарамай, бу БМТ вакилларининг Ироқда кенг кўламли фоалият олиб боришлари учун етарли эмас. Бўлажак сайловларда 275 ўринли Ироқ Парламенти сайланади. Парламент эса янги ҳукуматни тузади ва янги конституцияни қабул қилади.

БМТ Ироққа сайловлар масалалари билан шуғулланадиган 270 мутахассисни жўнатишни режалаштирган эди. Лекин мамлакатда вазият ёмонлашгани учун ташкилот ҳозирча Ироққа фақат 35 вакилини юборди. Чоршанба куни Ироқ Ташқи ишлар вазири Хушёр Зебари БМТни мамлакатга кўпроқ вакил жўнатишга чақирди.

Марие Окабе Ироқдаги сайлов жараёнига тайёргарлик ишларида ташкилотнинг кўпроқ вакили қатнашишини таъминлаш учун БМТ Бош котиби Кофи Аннан бор имкониятни ишга солаётганини айтади:

”Асосий мақсад сайловларга тайёргарлик кўришда ироқликларга ёрдам беришдир. Аннан у ердаги вазиятни барқарорлаштириш учун бор имкониятни ишга солмоқда. Ироқдаги сайлов жараёнларини қўллаб-қувватлаш бўйича режалар ишлаб чиқилган“ - деди БМТ вакили.

БМТнинг Ироқдаги вакилларини ҳимоя қилишда Грузия ҳукумати ўз ёрдамини таклиф қилмоқда. Марие Окабега кўра, ташкилот бу таклиф юзасидан ҳозирча аниқ қарорга келмаган. Ҳозирда БМТ шу масала бўйича Грузия Мудофаа вазирлиги расмийлари билан музокара олиб бормоқда.

Окабега кўра, БМТ ва АҚШ расмийлари агар ташкилот вакиллари Бағдоддан ташқарига сафар қилса, уларни АҚШ етакчилигидаги халқаро кучлар ҳимоя қилиши масаласини кўриб чиқмоқда.

БМТ расмийлари коалиция кучларидан мустақиллигини кўрсатиш учун Бағдод ташқарисига чиққанида ташкилот вакиллари бошқа кучлар ҳимоя қилишини сўраган. Бироқ бошқа мамлакатлар ўз қўшинини таклиф қилмаганидан кейин БМТ АҚШ етакчилигидаги коалиция кучларига мурожаат қилган.

Ироқдаги сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнида БМТдан ташқари АҚШ ҳукумати молиялаштирган яна уч гуруҳ қатнашмоқда. Улар сиёсий партиялар, сайловларга номзодларни танлаш масаласи ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганишда ироқликларга ёрдам бермоқда.

АҚШдаги Халқаро республикачмлар институтининг Ироқ дастури директори Жон Анеллининг Озодлик радиосига билдиришича, беқарор вазият ҳукм суришига қарамай ўтказилаётган трейнингларда кўплаб ироқликлар қатнашяпти. Анелли беқарорлик сабабли гуруҳ вакиллари асосан Бағдодда ишлашга мажбур бўлаётгани ва чекка жойларда тушунтириш ишларини ироқликлар олиб бораётганини айтади. Ироқликлар эса Бағдодда тайёргарликдан ўтказилмоқда:

”Одатда бошқа давлатларда биз нормал вазиятда ўз дастурларимизни амалга ошириш учун сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлари ёки бошқа гуруҳлар билан бевосита ишлаш учун кичик шаҳарча ёки аҳоли пунктларига борамиз. Ироқда эса бу ишларни воситачилар орқали қилишга тўғри келяпти“ - дейди Жон Анелли.
XS
SM
MD
LG