Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:12

Ироқда катта миқдорда портловчи моддалар йўқолди


БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги Ироқда катта миқдорда портловчи модда йўқолганидан Хавфсизлик Кенгашини огоҳлантирди. Ташкилот маълумотига кўра, йўқолган портловчи моддалар аввалги Ироқ ҳукуматига тегишли бўлиб, улар сақланаётган омборлар узоқ вақтдан бери БМТ инспекторлари томонидан муҳрлаб қўйилган бўлган. Хавфсизлик билан боғлиқ вазият кундан-кунга ёмонлашиб бораётган Ироқда катта миқдорда портловчи моддалар йўқолгани кўпчиликда ташвиш уйғотмоқда. Ҳамкасбим Ҳасанжон билан суҳбат шу мавзуда.

А.И.: Ҳасанжон Ироқ ҳарбий базаларида сақланган портловчи моддалар қандай йўқолган? Аввал шу ҳақда маълумот берсангиз.

Ҳ.: Абдулла, Ироқнинг “Қақаа” номли ҳарбий базасида сақланган 340 тонна портловчи модда қачон ва қандай йўқолгани, уни ким ўғирлагани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Муҳаммад Ал-Барадей БМТ Хавфсизлик Кенгашини Ироқда катта миқдордаги портловчи моддалар йўқолганидан душанба куни иккинчи марта огоҳлантирди. Ундан бир неча ҳафта олдин Ироқнинг фан ва технология вазири Ал-Барадейга йўллаган мактубида “Қақаа” ҳарбий базасидаги портловчи моддалар йўқолганини билдирган. Шундан сўнг, халқаро ташкилот раҳбари 10 октябрда Хавфсизлик Кенгашини биринчи бор огоҳлантирган.

БМТ ва Ироқ расмийлари портловчи моддалар АҚШ кучлари Ироққа бостириб кирганидан кейин йўқолган, демоқдалар. Бироқ АҚШ расмийлари, Ироқдаги портловчи моддалар АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари мамлакатни тўлиқ назоратига олишидан олдин йўқолган, деган фикрни айтмоқда.

Муҳаммад Ал-Барадей 2003 йил январ ойида, яъни, Ироққа уруш бошланишидан икки ой олдин портловчи моддалар “Қақаа” ҳарбий базасида бўлганини БМТ инспекторлари тасдиқлай олишини Хавфсизлик Кенгашига маълум қилди.

А.И.: Ҳасанжон бу воқеага АҚШ расмийлари қандай муносабат билдирди?

Давлат Департаменти матбуот вакили Адам Эрели АҚШ қўшинларининг Ироқдаги барча ҳарбий омборларни қўриқлаши имконсиз бўлган, деган фикр билдирди:

”Ироқни озод қилиш операцияси бошлангани заҳоти биз мамлакатдаги барча қурол-аслаҳа омборлари назоратини ўз қўлимизга олиш учун бор имкониятимизни ишга солдик. Агар Ироқда қурол-аслаҳа омборлари сон-саноқсиз экани, мамлакат ҳарбийлаштирилгани ҳисобга олинса, Ироқдаги барча ҳарбий омборни юз фоиз назорат қилиш имконсиз “ - дейди АҚШ давлат Департаменти вакили.

Пентагон вакили Брайн Витман, АҚШ кучлари Ироққа бостириб кирганидан кейин “Қақаа” ҳарбий базасини тинтув қилганини, 32та бункер ва 87та бошқа бинолар текширилганида у ердан катта миқдорда портловчи моддалар топилмаганини айтди.

А.И.: Маълумки, 2 ноябр куни АҚШда Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Президентликка даъвогар демократ Жон Керри ва республикачи Президент Жорж Бушнинг сайловолди кампаниясида Ироқ асосий масалалардан бири бўлиб келмоқда. Ироқда катта миқдордаги портловчи моддаларнинг йўқолиши Жон Керрига жуда қўл келган бўлса керак?

Ҳ.: Абдулла, воқеанинг нозик қиррасига диққатни қаратдингиз.
АҚШ президентлигига даъвогар Жон Керри сайловчилар билан учрашувлари чоғида Президент Жорж Бушнинг Ироқда олиб бораётган сиёсатини кескин танқид қилиб келмоқда. Керри Ироқда катта миқдордаги портловчи моддалар йўқолгани Жорж Бушнинг Ироққа нисбатан сиёсатида кузатилаётган навбатдаги муваффақиятсизлик, деган фикр билдирди. Жон Керри йўқолган портловчи моддалар жанггарилар ёки исёнчилар қўлига тушса, улар АҚШ етакчилигидаги коалиция аскарларига қарши ишлатилиши мумкин, деган фикр билдирди.

А.И.: Ҳақиқатан ҳам Ироқ ҳарбий базаларидан ўғирланган портловчи моддалар АҚШ аскарларига қарши ишлатилиши мумкинми?

Ҳ.: Абдулла, портловчи моддалар йўқолгани тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситалари орқали тарқатганидан кейин кўпчиликнинг ҳаёлига биринчи бўлиб шундай фикр келган, десак муболаға бўлмайди. Аммо ҳам Вашингтондаги, ҳам Бағдоддаги Америка расмийлари йўқолган портловчи моддалар АҚШ етакчилигидаги коалиция кучларига қарши ҳужумлар уюштиришда ишлатилишини эҳтимолдан йироқ, демоқда. Чунки, уларга кўра, Ироқда коалиция кучларига қарши шу пайтгача уюштирилган портлашларда бирон марта ҳам ҳарбий базадан ўғирланган портловчи моддалар ишлатилгани аниқланмаган. Ироқдаги жанггари ва исёнчилар бомба тайёрлашда асосан эски снарядлар ёки динамитдан фойдаланади.

А.И.:Раҳмат Ҳасанжон
XS
SM
MD
LG