Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:44

ЕХҲТ ўзбек прокурорларини ўқитяпти


Озодбек Европада хавфсизлик ва ҳамкорликлик ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси Ўзбекистон Бош прокуратураси билан ҳамкорликда прокурорларнинг малакасини оширишга қаратилган ўқув машғулотлари ўтказмоқда.

Икки кундан буён давом этаётган семинар-тренингда ўзбекистонлик 26 прокурор иштирок этаётир. Машғулотлар уларнинг касбий маҳорати ва этикасини, таҳлилчилик ва етакчилик қобилиятини юксалтириш мақсадида ўтказилмоқда.

Маълумотларга кўра, “Прокурорлик этикаси” мавзуидаги бу семинар бир йилга мўлжалланган йирик лойиҳанинг таркибий қисмидир. Мазкур лойиҳани амалга оширишда ЕХҲТ АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Қонунчиликни мустаҳкамлаш муаммолари ва прокурор-тергов ходимлари малакасини ошириш маркази ҳамда Америка юристлар уюшмаси билан ҳамкорлик қиляпти.

ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Пер Нурмаркнинг сўзларига қараганда, лойиҳа доирасидаги тренинглар турли мавзуларда бўлади. Илк машғулот эса уч кунга мўлжалланган. Машғулот иштирокчилари Бош прокуратура ёрдамида танлаб олинган. 26 прокурордан 12 нафари ихтисослаштирилган ўқув машғулотларида қатнашади ва улар иш жойларига қайтгач, бу ерда олган билим ва кўникмаларини ҳамкасбларига ўргатади.

Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқованинг таъкидлашича, прокурорларнинг малакасини ошириш юзасидан бир неча йиллардан буён халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келинади. Бу каби ҳамкорлик прокурорлар дунёқараши кенгайишига, касбий фаолиятининг самарадорлиги ошишига ва замонавий талаблар асосида ишлашни ўрганишига катта ёрдам беряпти.
XS
SM
MD
LG