Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2023, Тошкент вақти: 21:43

Дўконларда сотилмай қолаётган ун маҳсулотларини ўтказиш йўли


Лобар Сирдарё вилоятининг Ховос тумани мутасаддилари дўконларда сотилмай қолаётган ун маҳсулотларини ўтказишнинг йўлини топганга ўхшайди. Электр манбаларидан узиб қўйилиши оқибатида туманда тегирмонлар ишламаётир.

Бу эса, асосан, тегирмонда ун торттириб, истеъмол қиладиган кишиларни оғир аҳволга солиб қўйди. Кучи етганлар дўконларда бир килограмми 250-300 сўм турадиган унни сотиб олмоқда. Кўпчилик эса қарзга ун олиб, рўзғор тебратяпти.

Ховос туманидаги Қайирма қишлоғига 8 кундан буён кунига 5-6 соатдан электр энергияси бериляпти, холос. Шунинг учун қишлоқдаги ўнга яқин тегирмоннинг бирортаси ҳам ишламаётир. Бу эса қишлоқ аҳлини ун қидиришга мажбур қиляпти.

Қишлоқ аҳлининг сўзларига қараганда, дўконлардан ун олишга пул йўқ. Фуқароларга ёз бўйи ишлагани учун иш ҳақида буғдой берилади. Шу сабабли аҳоли бу буғдойни тегирмонда торттириб, кун кўради.

Тегирмончилардан бирининг айтишича, 4 йилдан буён тегирмонининг орқасидан кун кўради. Ҳозир электр йўқлиги учун оиласи анча қийналиб қолган.

“Электр ҳақини ўз вақтида тўлаб турамиз. Шундай бўлса-да, туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари келиб, тегирмонлардан фойдаланмай туриш тўғрисидаги қоғозга қўл қўйдириб кетди. Вилоятдан буйруқ бўлган эмиш”, - деди тегирмончилардан яна бири.

Сирдарё вилояти электр тармоқлари корхонаси бошқаруви раиси ўринбосари Ҳазратқул Муродовнинг билдиришича, ҳаво ҳарорати пасайиб кетиши туфайли электр энергиясига талаб жуда ортиб кетган. Вилоятда газ таъминоти яхши бўлмагани сабабли аҳоли уй иситишда электр жиҳозлардан фойдаланмоқда. Натижада вилоят учун ажратиладиган лимит камлик қиляпти. Масалан, февраль ойи учун Сирдарёга 95 миллион киловатт соат электр энергияси ажратилган бўлса, талаб 100 миллион киловаттдан ортиқ бўлган.

Ҳ.Муродовнинг таъкидлашича, етказиб берилган 2,5-3 миллард сўмлик электр энергияси учун истеъмолчилардан 2 миллиард сўм йиғиб олиниши кутиляпти. Бу эса дебиторлик қарзлари ошиб кетиб, тизимда қўшимча муаммолар туғдиради. Айни пайтда аҳолининг электр энергиясидан қарзи 510 миллион сўмдан ортиб кетган. Шунинг учун вилоятда электр таъминотида чекловлар мавжуд. Хусусан, катта ток билан ишлайдиган истеъмолчилардан ишни вақтинча тўхтатиб туриш сўралган. Бироқ бунда аҳоли учун зарур бўлган соҳалар иши чекланиши кўзда тутилмаган.

Қайирма қишлоғи аҳлининг фикрича, Ховос туманида тегирмонлар ишлашига рухсат этилмаётганининг ўз сабаби бор. Яъни “Ховосдон” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган ун маҳсулотлари дўконларда сотилмай қолиб кетяпти. Тегирмонларнинг электр тармоғидан узиб қўйилиши эса бу маҳсулотни ўтказиш учун қўлланилаётган бир усул, холос.
XS
SM
MD
LG