Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:17

Ҳижобли ўқувчилар мактабга боришдан бош тортмоқда


Лобар Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳридаги 14-мактабнинг айрим ўқувчилари дарсларга қатнашдан бош тортмоқда. Бунга уларнинг мактабга ҳижобда келиши маън қилингани сабаб бўляпти.

Гулҳаё Пўлатова шу мактабнинг 8-синфида ўқийди. Унинг айтишича, тоғалари акрамийликда айбланиб, қамалгандан сўнг мактаб директори унга турли тазйиқлар ўтказган. Синф раҳбари эса мактабга ҳижобда келмасликни талаб қилган.

“Мактабнинг қоидаси, деб энди яланғоч юрайликми? Рўмолингни ечасан, акромийсан, деб қўйишмаяпти”, - деб йиғлайди Гулҳаё.

Гулҳаёнинг синф раҳбари эса ўқувчисига фақат директорнинг топшириғини етказиб қўйганини, унга тазйиқ ўтказмаганини таъкидлади.

Мактаб директори Карим Муҳаммадқуловнинг айтишича, у синф раҳбарларига фақат ўқувчилари тартиб-интизомни сақлаши лозимлиги тўғрисида кўрсатма берган. Аммо ҳижоб тўғрисида ҳеч гап бўлмаган.

Ота-оналарнинг сўзларига қараганда, мактабда акрамийликда айбланаётганларга қариндош бўлган кишиларнинг фарзандларига ҳам шундай муомалада бўлиняпти. Шунинг учун фарзандлар мактабга боришни истамаяпти.

“Укаларимиз қамалгандан буён болаларимиз мактабда кўп ёмон гаплар эшитяпти. Улар мактабдан йиғлаб қайтмоқда. Ўқитувчилар ўқувчиларни тўплаб, бутун синф олдида болаларимизга акромийлик айбини қўяётир”, - дейди ўқувчилардан бирининг онаси.

Ота-оналар мактабда ўқувчилар ва синфдошлар томонидан фарзандларига бўлаётган муносабат уларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатишидан кўпроқ ташвишга тушяпти.

Мактабдаги бу ҳолат бўйича мониторинг ўтказган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзамжон Фармоновнинг билдиришича, мактаб директори Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўзига шундай топшириқ берилгани учун бошқача йўл тутишга имкони қолмаганини айтган.
XS
SM
MD
LG