Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:27

Марат Зоҳидов учун Европарламентдан Ўзбекистон Сенати афзал


Зикрилло Ишонч Европада истиқомат қилаётган ўзбекистонлик демократлар ўз ватанларидаги инсон ҳуқуқлари ва демократия аҳволини муҳокама қилишни сўраб, Европарламентга мурожаат этди.

Улар Ўзбекистондаги бу борадаги аҳволдан қаттиқ хавотирда эканини билдириб, мазкур муаммога жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратишга интиляпти.

“Озодлик” мухбири Европадаги ўзбек демократларининг бу ташаббусига Ўзбекистондаги демократик партиялар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакилларининг муносабатини ўрганди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов ташаббусга ўзи ҳам қўшилганини айтиб, бу борадаги мурожаатни қўллаб-қувватловчилар кўпайишига умид билдирди. Унинг фикрича, ҳозир Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари оммавий равишда бузилмоқда. Бу ҳолат демократик институтлар томонидан кўриб чиқилиши зарур.

“Эрк” ва “Озод деҳқонлар” партияси вакиллари ҳам ташаббусни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

“Бу ташаббус икки жиҳати билан моҳиятли. Биринчидан, бу саъй-ҳаракат Европа парламентидек халқаро миқёсда нуфузли ташкилот эътиборини Ўзбекистонга қаратишга, иккинчидан, Ўзбекистонда демократия учун курашувчиларнинг парокандалигига барҳам беришга ёрдам бўлиши мумкин”, - деди “Эрк” вакили Бахтиёр Исабеков.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ташаббусни қўллаб-қувватлаган бир пайтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилоти раҳбари Марат Зоҳидов бу чақириққа салбий муносабат билдирди.

“Ўйлайманки, бу мурожаатнинг фойдаси йўқ. Биз бу муаммони мамлакатнинг ичида ҳал қилишимиз керак. Зарур бўлса, Ўзбекистон Сенатига мурожаат қилиш лозим. У ҳам ишласин”, - деди М.Зоҳидов.
XS
SM
MD
LG