Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2023, Тошкент вақти: 05:33

Ҳарбийларга берилаётган эътибор онахонда умид уйғотди, лекин...


Феруза Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида яшовчи 71 ёшли Ҳабиба Бойматова Ўзбекистон мустақиллигининг 14 йиллиги арафасида ўз дарду ҳасратини давлат раҳбарига баён қилиш учун Тошкентга келди.

Аянинг айтишича, бу унинг йил бошидан буён президент қабулига бешинчи бор келиши. Қабулхонадагилар ҳар гал унинг ариза ва хатларини олиб қолган, аммо бундан ҳеч қанча натижа чиқмаган.

Ҳ.Бойматовани Тошкентга етаклаган муаммо бир қараганда анча оддий. Яъни ая пуфласа қулаб тушгудек ҳолатга келиб қолган уйи таъмирлаб берилишини сўраяпти. Бу гал онахон Тошкентга алоҳида умид ва ишонч билан келган.

“Андижон воқеаси бўладими, Сурхондарё (Сариосиёга жангарилар бостириб кирган воқеа назарда тутилмоқда) бўладими, аскар ёки милиционер ўладими, давлат уларга иззат-икром кўрсатиб ётибди. Уларга уй-жой берилиб, ойликлари ошириляпти. 41-йилда менинг отам урушга кетган. Президентнинг “элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак”, деган гапини ўша пайтда отам амалда бажарган. Ҳозир уйим йиқилар ҳолатга келган. Мустақилликда отамнинг ҳурмати учун уйим тиклаб берилишига умид қиламан”, - дейди Ҳ.Бойматова.

Онахоннинг президентдан кўмак сўраб ёзган хатлари у яшайдиган Қўқон шаҳри ҳокимлигига қайтариб юборилган.

Шаҳар ҳокимлиги девонхонаси бошлиғи Дилором Одилованинг билдиришича, Ҳабиба ая уйини таъмирлашни эмас, балки уни бузиб, қайта қуриб беришни сўрамоқда. Уйни қайта қуриб беришга ҳокимликнинг имконияти йўқ. Таъмирлашга эса онахон кўнмаётир.

Ҳ.Бойматова яшайдиган “Қаймоқли” гузари фуқаролар йиғини раисаси Матлуба Содиқова эса ая уйини бироз таъмирлаб беришни сўраётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, фуқаролар йиғини онахонга урушда бедарак йўқолган отаси хотираси ҳурмати учун эмас, балки кам таъминланган оила сифатида ҳам ёрдам бермоқда. Аммо Ҳ.Бойматова бу кўмакни олишдан бош тортяпти.

Қўқон шаҳри мудофаа ишлари бўлими бошлиғи ўринбосари Маннопбек Тошбоевнинг сўзларига қараганда, урушда бедарак кетганларнинг яқинларига бевосита ёрдам бериш учун бюджетдан алоҳида маблағ ажратилмайди.

Кўриниб турибдики, онахоннинг орзуси яқин орада амалга ошиши эҳтимолдан йироққа ўхшайди. Ҳатто бу гал президент қабулхонасига ҳарбийларга кўрсатилаётган эътибордан ўзига хос хулоса чиқариб келган онахонга бу ердаги ходимлар давлат раҳбарининг пули йўқлигини, фақат унинг ўзи тегишли ташкилотга пул тўласагина уй қуриб берилишини айтган.

Ҳ.Бойматова президентга ёзган хатлари унга етиб бормаслигига ишонишини, шундай бўлса-да, унинг ҳузурига келишни канда қилмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG