Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:29

Бунчалик шошишга сабаб нима?


Шайбон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева суд қарори қонуний кучга кирмай туриб, шошма-шошарлик билан мажбурий муолажа қилина бошлади. Бу ҳақда унинг адвокати Виталий Красиловский маълум қилди.

Адвокатнинг сўзларига кўра, ҳар қандай суд қарори чиққандан сўнг унга норозилик киритиш учун 10 кун муддат белгиланади. Аммо Е.Урлаевани мажбурий даволаш ҳақидаги суд қарори 18 октябрь куни чиқарилган бўлса-да, 19 октябрдан уни мажбурий даволаш бошланган. Яъни қарор юзасидан шикоят киритиш учун белгиланган муддат кутиб ўтирилмаган. Бу эса процессуал қонунни қўпол равишда бузишдир.

Адвокатнинг таъкидлашича, дастлабки суд қарори ижросига киришилгани унинг шикоят қилиш юзасидан уринишларини чиппакка чиқариши мумкин. Чунки одатда руҳий касалликлар шифохонасида бошланган муолажалар, албатта, охирига етказилиши керак. Бу эса нақ олти ойга чўзилади.

В.Красиловский айнан шу сабабли унинг апелляция шикояти кейинги инстанцияда кўрилишидан умидини узаётганини билдирди.

Адвокатнинг айтишича, Жиноят кодексининг Е.Урлаевага қўлланилган 215-моддасида унга юкланган жиноят аломатлари йўқ. Чунки, аввало, ундан олингани айтилаётган карикатурада айнан давлат герби тасвирланганини исботлаш зарур эди. Бу ҳолат исботланганда ҳам уни айнан Е.Урлаева чизгани исботлаб берилиши шарт эди.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиласи Алисон Гилл хонимнинг билдиришича, Е.Урлаева иши сиёсий буюртма бўлиб, аслида унинг фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида атайлаб қўзғатилган, дейишга тўла асослар бор. Зеро, суд қарори навбатдаги инстанцияда кўрилмай туриб, муолажаларнинг бошлаб юборилиши буни очиқ-ойдин кўрсатиб турибди.

Шу билан бирга, А.Гилл хонимнинг эътирофича, Е.Урлаевага қўйилган ташхис ҳам шубҳали. Яъни дастлабки тиббий текширув унинг соғлом экани тўғрисида хулоса берган. Кейин зудликда тузилган тиббий комиссия эса уни ақлий носоғлом топган.

“Бу масаланинг ўта мураккаб ва баҳсли эканини инкор эта олмайман. Шу боис, ўйлайманки, мустақил мутахассисни таклиф этиш ва унинг хулосасини эшитиш керак. Агар Ўзбекистон ҳукумати қўйилган ташхис аниқлигига ишонса, ҳеч иккиланмай бунга рози бўлиши керак”, - деди А.Гилл.

Е.Урлаева мажбурий даволанаётган руҳий касалликлар шифохонаси шифокорлари келтириб ўтилган даъво ва эътирозлар бўйича изоҳ билдиришни рад этди. Улар шифокорларда Е.Урлаевага нисбатан шахсий хусумат йўқлигини, шунчаки бирмунча носоғлом аёлни даволаётганларини билдирди, холос.

Эслатиб ўтамиз, Е.Урлаева бундан бир неча йил илгари ҳам руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилиб, мажбурий муолажадан ўтган. Кейинчалик халқаро тиббий текширувдан ўтиб, ўзининг соғломлиги ва ҳеч қандай муолажаларга муҳтож бўлмаганини исботлаган.
XS
SM
MD
LG