Линклар

Шошилинч хабар
07 июн 2020, Тошкент вақти: 04:54

Халқаро хабарлар

АҚШ президенти Жорж Буш Осиë сафари доирасида бугун Жанубий Корея президенти Ро Мо-ҳуюн билан учрашди. Иккала президент Шимолий Кореянинг ядро қуроли ишлатишига йўл қўйилмаслигини яна бир бор такрорладилар.

“’Бу масалага келсак¸ ядровий қурол билан қуролланган Шимолий Кореяга тоқат қилмаслигимиз ва бу муаммони тинч йўллар билан ҳал қилиш ниятида эканимизни таъкидладик”¸ - деди Сеул раҳбари.
Жума куни Вашингтон раҳбарининг Осиë-тинч океан ҳавзаси иқтисодий ҳамкорлик саммитида қатнашиши кутилмоқда.
Осиë ташрифи доирасида Буш шунингдек¸ Хитой ва Мўғилистонга ҳам сафар қилади.

Кун янгиликлари

АҚШ кучлари Афғонистонда Толибон жангариларига ҳаводан зарба берди

АҚШ армияси Толибонга ҳаводан зарба бера бошлади. Ўтган ойда Афғонистон кучлари ва Толибон жангарилари ўт очишни тўхтатишга келишиб олган эди.

4-5 июнь куни икки вилоятда Толибон объектларига ҳаводан зарба берилган. Зарбалардан бири 25 нафар Толибон жангарисини нишонга олган. Иккинчи зарба тафсилотлари ошкор қилинмади.

Бу орада Толибон амалга оширган ҳужумда 10 нафар ҳукумат аскари ҳалок бўлгани хабар қилинди.

26 май куни Толибон Рамазон ҳайити муносабати билан уч кунга зўравонликни тўхтатган эди. Ўшандан бери Афғонистон бўйлаб хуружлар сони озайди.

Толибон АҚШнинг ҳаво зарбаларини ҳали изоҳлагани йўқ.

АҚШ ва Толибон вакиллари 29 февраль куни Қатар пойтахти Доҳада келишув имзолаган эди.

Унга биноан, Вашингтон 2021 йил ўртасигача мамлакатдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетади. Толибон эса Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласида Қобулдаги ҳукумат билан тўғридан-тўғри музокара ўтказишни бошлайди.

Ҳисобот: Германиялик нео-фашистлар рус лагерида ҳарбий тайёргарликдан ўтмоқда

Германиядаги Focus журнали германиялик нео-фашистлар рус ультрамиллатчи гуруҳи билан ҳамкорликда Санкт-Петербургда ҳарбий машқлар ўтаётгани ҳақда хабар қилди.

Журналда Германия разведкасидаги манбаларига таянган ҳолда ўнг қанот «Миллий демократик партия»нинг ёшлари бўлими ҳамда «Учинчи йўл» нео-фашист гуруҳи «Россия империал ҳаракати» лагерида ҳарбий тайёргарликдан ўтгани таъкидланади.

Апрель ойида АҚШ «Россия империал ҳаракати»ни ва унинг уч етакчисини террорчилар дея белгилаган эди.

Focus ҳисоботига кўра, нео-фашистлар «Партизан» деб номланувчи лагерда қурол-аслаҳа, портловчи моддалар ҳамда қўл кураш бўйича тайёргарликдан ўтган.

Германия расмийлари бу машқлардан хабардор эканликларини, аммо экстремистлар Германиядан хорижга саёҳат қилишига қонунан тўсқинлик қила олишмаганини изҳор қилишган.

Focus ҳисоботида ёзилишича, Германия разведкаси Россия президенти Владимир Путин оқ танли экстремистлар фаолиятидан хабардор, деб ишонади.

Қозоғистонда демократик ислоҳотларни талаб қилиб чиққан ўнлаб фаол ҳибсга олинди

6 июнь куни Олмаота шаҳрида олинган суратлар.

Қозоғистонда икки мухолиф партия 6 июнь куни демократик ислоҳотларни талаб қилиб норозилик акцияси ўтказиши режалаган эди.

Озодлик мухбирининг Олмаота шаҳридан хабар беришича, норозилик акцияси қатнашчилари бўлган юздан зиёд фаол шаҳарнинг Ганди паркига яқинлашганида полиция уларни йўлини тўсган ва кўпчилигини ҳибсга олган.

"Демократик партия" ва "Қозоғистон Демократик танлови" гуруҳлари Нур-Султон ва Олмаота шаҳарларида намойиш ўтказишни режалаштирар экан, ушбу икки шаҳар расмийлари коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида шаҳарда дезинфекция ўтказилишини эълон қилди ва асосий кўчаларни ёпиб қўйган эди.

"Қозоғистон Демократик танлови" ҳаракатига хорижда яшаётган мухолиф сиёсатчи Мухтор Аблязов етакчилик қилади. Унинг партияси Қозоғистон суди томонидан «экстремистик» ташкилот деб тан олинган.

Фаоллар Чимкент ва Семей шаҳарларида ҳам акция ўтказишни режалаштирган. Бу шаҳарларда ҳам фаоллар полиция томонидан қўлга олингани ҳақида хабарлар келиб тушмоқда.

Human Rights Watch ташкилоти Қозоғистонда 2019 йил президент алмашган бўлса-да, инсон ҳуқуқларига бўлган ҳурмат ўзгармаганини айтиб келади.

Лукашенка “президент Каримов Андижонда минглаб одамни отгани”дан баҳс этди

Беларус президенти Александр Лукашенка иштирокидаги ҳукумат мажлиси, Минск, 2020 йил 4 июни.

Беларус президенти Александр Лукашенка 4 июнь куни ҳукуматнинг янги таркиби бўйича кадрлар масаласини ҳал қилиш чоғида ўз мамлакати “постсовет давлатлари орасида ғам-алам тотмаган ягона ўлка” эканини қайд этди.

Беларус президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, Лукашенка янги ҳукуматни тайин қилганидан кейин собиқ Совет Иттифоқининг кўп мамлакатлари бошдан кечирган барча офат ва фуқаролик урушларини ёдга олди. Унинг иддаосича, Беларуснинг энг манфаатли бойлиги тинчликни сақлаб қолганидир.

Ўз нутқида Лукашенка Ўзбекистоннинг аввалги президентини эслади.

“Собиқ президент Каримов Андижонда минглаб одамни отиб ташлаб, исённи бостирганини эсдан чиқаришди. Ҳамма уни қоралаганди, ўлганида эса тиз чўкиб, додлаб йиғлашди. Биз буларни бошимиздан ўтказганимиз йўқ, шунинг учун биз – айримларимиз – буни тушунишни истамаяпмиз. Биз эса эслатиб қўямиз”, деди Беларус президенти.

Лукашенка ўз сўзида Украина, Молдова, Литва, Озарбайжон, Арманистон, Грузия ва Тожикистонда содир бўлган воқеаларни эслатган. Айрим кузатувчилар унинг бу гапларини галдаги президент сайлови олдидан мухолиф фикрли кишиларга таҳдид ўлароқ баҳолаган.

Беларус президенти 3 июнь куни Сергей Румас ҳукуматини истеъфога чиқариб, эртасига Роман Головченкани бош вазирликка тайинлаган ва янги ҳукуматни шакллантирган.

Лукашенка янги ҳукумат тузиш режасини 25 майдаёқ очиқлаганди. Бу борада қарор 9 августга белгиланган президент сайловигача қабул қилиниши лозим эди.

Лукашенка Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келади. Эндиликда у олтинчи муддатга сайланишга ҳозирлик кўрмоқда.

Тожикистонда кам таъминланганларга 40 доллардан берилади

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 5 июндаги фармони билан бизнеснинг айрим турларига солиқ таътили берилишини эълон қилди ҳамда аҳолининг заиф қатламига 40 доллардан беришни буюрди.

Тожикистонда солиқ таътили 2020 йил 1 апрелидан 1 сентябригача амалда бўлади. Бу имтиёздан фақат туризм ва меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш, соғломлаштириш ва спорт марказлари, оромгоҳлар ҳамда халқаро йўловчи ташиш ва аэронавигация билан шуғулланувчи ташкилотлар фойдаланиши мумкин, холос.

Фаолиятнинг бошқа турлари билан банд ширкатлар солиқ тўловларидан озод қилинмайди.

Аҳолининг заиф қатламига мансуб кишиларга битта энг кам иш ҳақи (400 сомоний ёки 40 доллар) миқдорида пул бериш кўзда тутилган. Бу пулни Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ногиронлар, етимлар, қаровсиз қолган болалар, кам таъминланган оилалар ҳамда боқувчисиз қолган муҳожирлар оиласи олиши мумкин бўлади.

Коронавирусга қарши кураш жабҳасида меҳнат қилаётган тиббиётчиларнинг ойлигига Тожикистон президенти устама тўлаб беришни топширган. Бундан ташқари, COVID-19 инфекциясига чалинган тожикистонликлар, фармонга мувофиқ, ишга яроқсизлик варақчалари ва товон пули олади, беморлар давлат ҳисобидан даволанади.

Ҳужжат билан 2020 йил охиригача турли хизматлар (электр энергияси, сув, суғориш, алоқа ва коммунал хизматлар) тарифларини ошириш тақиқланган, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари устидан назорат жорий қилинган.

Тожикистонда, расмий маълумотларга кўра, айни пайтгача коронавирусга чалинганлар сони 4370 нафарга, соғайганлар сони 2491 нафарга етган, COVID-19 юқтириб олган 48 бемор эса қазо қилган.

Россияда коронавирус юқтириб олганлар сони 450 минг нафарга етди

Россия Федерациясида коронавирус инфекциясига чалинганлар сони, расмий маълумотларга кўра, 449 минг 834 нафарга етди. Ўзбек муҳожирлари энг кўп бўлган бу мамлакат шу кунда COVID-19 вирусини юқтириб олганлар сони бўйича жаҳонда АҚШ ва Бразилиядан кейин 3-ўринда бормоқда.

Қайд этилишича, сўнгги кеча-кундузда Россияда 8 726 нафар киши коронавирус юқтириб олган. Эпидемия бошланганидан бери бу мамлакатда COVID-19 важидан оламдан ўтганлар сони 5 528 нафарга етган.

Айни пайтда беморлардан 212 минг 680 нафари соғайиб кетгани, 231 минг 626 беморнинг эса муолажаси давом этаётгани билдирилган.

Март ойида карантин чоралари киритилган Россияда май ойидан чекловлар аста-секин бекор қилина бошлаган.

Facebook давлатлар назоратидаги ОАВ хабарларига белги қўя бошлади

Facebook давлатлар назоратидаги ОАВ хабарлари ва гуруҳларига белги қўя бошлаганини эълон қилди.

Facebook ижтимоий тармоғи давлатлар томонидан назорат қилинадиган оммавий ахборот воситалари хабарлари ва гуруҳларига белги қўя бошлади. “Кейинроқ уларнинг рекламасига ҳам белги қўйилади”, дейилади ширкат хабарномасида.

Оммавий ахборот воситаси давлатга қарашли эканига оид белгилар Россиянинг RT давлат канали, Хитойнинг CCTV канали ва Хитойнинг “Синхуа” агентлиги саҳифаларида пайдо бўлди. Бундан ташқари, давлат томонидан назорат қилинадиган нашр ўлароқ Хитой Коммунистик партиясининг “Жэнмин жибао” расмий газетаси саҳифаси ҳам ишораланган.

АҚШда президент сайлови яқин қолганда бундай нашрларга Қўшма Штатлардан бўлган фойдаланувчилар учун реклама жойлаштириш тақиқланади.

Facebook, агар бундай белги қўйилган ташкилот ижтимоий тармоқ қароридан норози бўлса, у апелляцияга бериш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Россиялик икки дипломат Чехиядан бадарға қилинади

Россиянинг Прагадаги элчихонаси.

Чехия бош вазири Андрей Бабиш 5 июнь куни Россия хавфсизлик хизматлари томонидан чехиялик уч сиёсатчига қарши суиқасд ҳозирланаётганига оид маълумот дезинформация бўлгани, бу маълумотнинг тарқалишига Россиянинг Прагадаги элчихонасида ишлайдиган ходимлар сабаб бўлганини билдирди.

Таъкидланишича, Чехия махсус хизматларини айнан ўша одамлар ёлғон маълумот берганлар. Дезинформациянинг сабаби ўлароқ бош вазир “Россия элчихонаси ходимлари ўртасидаги ички кураш”ни келтирган. Бабиш бу воқеа Россиянинг чех жамиятидаги обрў-эътиборига путур етказгани ва Чехия-Россия муносабатларини таранглаштирганини урғулади.

Шу важдан россиялик икки дипломат Чехиядан бадарға қилинадиган бўлди. Бу ҳақда жума куни Бабиш ва Чехия ташқи ишлар вазири Томаш Петршичек маълум қилишди.

Чехия ТИВ раҳбари бу масалани Россия билан дипломатик йўл билан ҳал қилишни истагани, бироқ Россия томони бу таклифни рад этганини таъкидлади. Шундан сўнг Прага элчихона ходимларини “исталмаган шахс” дея эълон қилишга мажбур бўлган. Петршичекка кўра, Чехия ўзининг бу қадамига Россиядан жавоб келиши мумкинлигини тушунади.

Дипломатларнинг исмлари очиқлангани йўқ. Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўз дипломатларининг Чехиядан бадарға қилинишига оид хабар юзасидан изоҳ бергани йўқ.

Россиянинг Прагадаги элчихонаси ходимларидан бири, “Россотрудничество”нинг маҳаллий бўлими бошлиғи в.б. Андрей Кончаковнинг исми аввалроқ чех матбуотида чехиялик уч сиёсатчига эҳтимолий суиқасд муносабати билан эсланган. Иддаоларга кўра, дипломат гўё Прагага заҳар олиб келган. Россия элчихонаси ва Кончаковнинг ўзи буни рад этган.

Россия расмийлари Чехияни шу йил апрель ойида Прагадаги совет маршали Иван Конев ҳайкали олиб ташланганини қаттиқ танқид қилиб келади. Москва Прагадаги Россия элчихонаси жойлашган майдонга Борис Немцов номи берилганини ҳам хушламай қабул қилган. Чех матбуотида мазкур қарорлар учун масъул бўлган сиёсатчилар суиқасднинг муҳтамал ҳадафи бўлгани ва шунинг ортидан полиция ҳимоясига олингани иддао қилинган. Чехия расмийлари Россия ёки дипломатлардан бирортасини суиқасд режалаганликда тўғридан-тўғри айблаган эмас.

Чехия нашрлари аввал бир неча бор махсус хизматларда ишлайдиган манбалар сўзларига таянган ҳолда Россиянинг Прагадаги элчихонаси дипломатлари орасида махсус хизмат вакиллари кўп экани ҳақида ёзиб чиққанлар.

Туркия 40 мамлакат билан халқаро авиақатновларни тикламоқда, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор

Туркияда жорий йил 10 июнидан халқаро йўналишлар бўйлаб учоқ қатнови босқичма-босқич йўлга қўйилади. Транспорт вазири Одил Қараисмаилўғлуга кўра, илк парвозлар Шимолий Қибрис, Баҳрайн, Болгария, Қатар ва Грецияга амалга оширилади. Бу ҳақда Hurriyet нашри хабар қилди.

Вазир Қараисмаилўғлу халқаро авиақатновларни тиклаш бўйича даставвал 15 мамлакат билан келишувга эришилганини билдирган. Булар Шимолий Қибрис, Австрия, Литва. Сербия, Қозоғистон, Албания, Беларус, Бирлашган Араб Амирликлари, Молдова, Ўзбекистон, Украина, Марокаш, Иордания, Судан ва Италия каби мамлакатлардир.

Қараисмаилўғлуга кўра, 15 июндан Германия, Чехия, Озарбайжон, Тожикистон дохил яна 17 мамлакатга учоқ қатнай бошлайди ва 25 июнгача (Қозоғистон – 20 июндан, Қирғизистон – 22 июндан) бундай мамлакатлар сони 40 тага етади.

Эронда қамоқда сақланган АҚШ ҳарбийси Майкл Уайт Вашингтонгга қайтарилди

Уайт ўтган йили Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаийни ҳақорат қилганликда айбланиб 13 йилга қамалган эди.

Эронда икки йил тутқунликда сақланган АҚШ ҳарбий денгиз флоти фахрийси Майкл Уайт Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги асирлар билан алмашиниш келишуви асосида Қўшма Штатларга қайтмоқда.

Вашингтон ва Теҳрон расмийларининг 4 июнда билдиришича, Майкл Уайт АҚШ ҳибсда сақланган эронлик врачни озод қилганига жавоб ўлароқ бўшатилган.

Президент Дональд Трамп Швейцария орқали АҚШга қайтаётган Майкл Уайт билан телефон орқали суҳбатлашди.

Трамп бу воқеага муносабат билдирар экан: “Эронга ташаккур! Демак, келишиб олсак бўлар экан”, деб ёзди твиттер саҳифасида.

Уайт ўтган йили Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаийни ҳақорат қилганликда айбланиб 13 йилга қамалган эди.

Бир неча кун олдин АҚШ Адлия вазирлиги жиноий таъқиб остига олган эронлик Сириос Асқарий Теҳронга депортация қилинган эди. Ўшанда АҚШ ва Эрон расмийлари бу депортация асирлар билан алмашиниш мақсадида амалга оширилганини рад этган эди.

Лондонда коронавирусга қарши вакцина бўйича глобал виртуал саммит ўтмоқда

Глобал вакцина альянси саммитларида таниқли олимлар билан бир қаторда сиёсатчилар ҳам қатнашади.

Лондонда коронавирусга қарши вакцина бўйича глобал виртуал саммитни ўтказишдан мақсад COVID-19га қарши эм яратиш ва пандемияга қарши кураш ва эмлаш дстурлари учун 7 миллиард 400 миллион доллар тўплашдир.

Глобал вакцина альянси (ГВА)нинг 4 июнда бошланган саммитида ҳар бир одамнинг вакцина олиш имкониятига эга бўлиши масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари ГВА болаларнинг қизамиқ ва полиомиелитга қарши эмлаш дастурларини ҳам қўллаб-қувватламоқчи.

Коронавирус пандемияси ўнлаб ривожланаётган мамлакатларда болаларни эмлаш дастурларининг тўхтаб қолишига сабаб бўлди. Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти АҚШ аъзоликдан чиққани ортидан моддий қийинчиликни бошдан кечирмоқда.

Бугунги кунда ўнлаб ширкатлар ва илмий-тадқиқот институтлари COVID-19га қарши вакцина устида бош қотирмоқда. Кўпчилик мутахассислар коронавирусга қарши вакцина фақат 2021 йилга келиб яратилиши мумкинлигини айтмоқдалар. Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакцина ҳеч қачон кашф этилмаслиги эҳтимоли борлигини ва коронавирус эпидемияси сақланиб қолиши мумкинлигини билдирмоқда.

АҚШ Сенати икки йиллик ҳавотирлардан сўнг Глобал медиа бўйича агентлик директорини тасдиқлади

Озод Европа-Озодлик радиоси президенти Жейми Флай.

АҚШ Сенати солиқ тўловчилар ҳисобидан молиялаштириладиган қатор оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Америка овози” ва “Озод Европа-Озодлик” радиолари фаолиятини назорат қилувчи Глобал медиа бўйича агентлик (USAGM) директори лавозимига президент Дональд Трамп кўрсатган номзод Майкл Пакни тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Озод Европа-Озодлик радиоси президенти Жейми Флай “Майкл Пак билан мустақил ва объектив журналистикани ривожлантириш йўналишида” тиғиз ҳамкорликда бўлишини таъкидлади.

“Сўнгги 70 йилда бўлгани каби, Озод Европа-Озодлик радиоси цензурадан ҳоли бўлган ахборотни барча платформаларда тақдим этишда давом этади”, - деб қўшимча қилди Жейми Флай.

Трамп Майкл Пак номзодини USAGM директорлиги лавозимига икки йил аввал кўрсатган эди. Сенат эса фақат 4 июнда бу номзод учун овоз берди.

Сенатда овоз бериш жараёнининг ортга сурилишига демократ Сенаторларнинг “Майкл Пак USAGM назорати остидаги оммавий ахборот воситаларига сиёсий холис бўлишга йўл қўймайди”, деган хавотирлари сабаб бўлган эди.

АҚШ қонунларига асосан USAGM назоратидаги оммавий ахборот воситалари холис ва объектив бўлишлари шарт.

Генерал Ҳафтар кучлари Триполидан чекинди

Генерал Халифа Ҳафтар.

Генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армиясига мансуб отрядлар ўзларига қарши курашаётган Миллий муроса ҳукумати кучларига бир неча бор мағлуб бўлганларидан кейин Триполи атрофини тўла тарк этишди.

Шу тариқа Ҳафтар кучларининг Ливия пойтахтини эгаллаб олиш бўйича 14 ой муқаддам бошланган уриниши муваффақиятсизлик билан якунланди.

Ҳафтарнинг рақиблари халқаро аэропорт ва Триполи жанубидаги бошқа ҳудудларни эгаллаб олишга муваффақ бўлдилар.

Ҳафтар кучларининг чекингани жанговар ҳаракатлар тугаганини англатмайди – ўзаро кураш олиб бораётган томонларнинг ҳар иккиси сулҳ музокараларига розилик берганига қарамасдан, жанглар давом этмоқда.

Ливияда фуқаролар уруши кетяпти. Ҳозирда мамлакат ғарби ва пойтахт Триполини Миллий муроса ҳукумати ўз назорати остида тутиб турибди. Уни БМТ, ғарб мамлакатлари, Туркия ва Қатар дастакламоқда.

Мамлакат шарқи ва жанубининг бир қисмини Ливия намояндалар палатаси назорат қилмоқда. 2014 йилда сайланган бу гуруҳ “Тобрукдаги ҳукумат” сифатида танилган. Уни генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси дастакламоқда. Унга, ўз навбатида, БАА ва Миср кўмак бермоқда.

Ҳафтар бир неча бор Москвага ташриф буюриб, россиялик юқори лавозимли амалдорлар билан музокаралар олиб борган. Россия расман ўзаро кураш олиб бораётган томонларнинг ҳеч қайсисини дастаклаётгани йўқ, бироқ Ҳафтар отрядлари назорат қилаётган ҳудудда “Вагнер хусусий ҳарбий ширкати” ёлланма жангчилари борлигига оид кўплаб гувоҳликлар бор.

Ўтган ҳафта АҚШ Қуролли кучларининг Африка қўмондонлиги Россия яқинда Ливияга камида 14 та жанговар учоқ ташлагани, бу учоқлар Ливия миллий армиясининг мамлакат марказидаги ҳаво базасида турганини билдирган. Москва Ливияга учоқ ташланганини рад этиб келмоқда.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири одамларни митингга чиқмасликка чақирди

Олмаота шаҳри кўчаларидан бири бўйлаб кетаётган полиция ходимлари, 2020 йил 1 майи (иллюстратив сурат).

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов коронавирус пандемияси чоғида одамларни митингга чиқмасликка чақирди. Биртанов 4 июнь куни бўлиб ўтган онлайн-брифингда карантин чоғида оммавий тадбирлар тақиқлангани, чунки одамларнинг бир жойда кўпчилик бўлиб тўпланиши инфекция тарқалишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтди.

“Қонун талабига риоя қилиш шарт. Қозоғистонда эпидемия шароитида бош санитар врач қарори мажбурий бўлиб ҳисобланади. Қонунни бузганларга қарши маъмурий чоралар кўрилиши мумкин. Бундай тадбирлар ташкилотчиларга мурожаат қиламан - тадбирларингизни кечиктиринг. Бугунги кунда бу, моҳиятан, аҳоли учун хавфли тадбирга чақириққа тенг, чунки хасталик ёйилиб кетиши мумкин”, деди Биртанов.

Қозоғистоннинг бир неча шаҳрида одамларни 6 июнь куни митингга чиқишга мухолифатдаги 2 гуруҳ чақирган. Булардан бири “Қозоғистон демократик танлови” (Қозоғистонда “экстремистик ташкилот” сифатида тақиқланган, бироқ Европарламент резолюциясида “тинч мухолифат ташкилоти” дея эътироф этилган) ҳаракати лидери, хорижда яшаётган собиқ банкир ва мухолифатчи Мухтар Аблазов, иккинчиси эса журналист ва фаол Жанбўлат Мамай бошчилигидаги Демократик партия тузиш бўйича ташаббускор гуруҳдир.

Қозоғистонда муҳтамал норозилик намойишлари арафасида одатда олдини олиш чораси ўлароқ фаоллар тутиб кетилади. Аввал митингларга чиққан одамлар маъмурий ҳибсга дучор қилинади, “тинч йиғилишлар ўтказиш тартибига оид қонунларни бузганлик” айблови билан жаримага тортилади. Митинглар ўтказиладиган жойлар эса кўпинча қуршобга олиниб, у ерга борган одамлар ушлаб кетилади.

Аввалроқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қозоғистон расмийлари карантин чораларидан фойдаланган ҳолда ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаётгани ҳамда фаолларга босимни кучайтираётгани юзасидан хавотир изҳор қилганлар. Хусусан, Human Rights Watch ташкилоти ҳукумат томонидан коронавирус пандемиясига қарши кўрилаётган чоралар мақсадга мувофиқлик чегарасидан четга чиқиб кетаётганини билдирган.

Тожикистон мактабларида битирув имтиҳонлари бекор қилинди

Архивдан олинган сурат.

Коронавирус пандемияси туфайли Тожикистон мактабларида битирув имтиҳонлари бекор қилинди. Бунга оид қарор COVID-19 ёйилишининг олдини олиш бўйича Республика штаби томонидан қабул қилинган, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Мазкур қарорга мувофиқ, Тожикистон умумтаълим мактабларининг 9- ва 11-синф битирувчилари етуклик аттестатларини имтиҳонсиз – чорак ва йиллик баҳолар асосида оладилар.

Бироқ, Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги матбуот хизмати ходими Суннатулло Имомов сўзларига кўра, олтин ва кумуш медалларни олиш учун танлов шартлари аввалгидек қолади. Олтин ёки кумуш медалга эга бўлиш битирувчи учун мамлакат олий таълим муассасаларига киришда муайян имтиёзлар беради.

2020 йилда Тожикистон ўрта мактабларининг 11-синфини 123 минг нафар, 9-синфини эса 162 минг нафар ўқувчи битиради.

Абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари эса Тожикистонда 1 июлда бошланиб, 7 июлгача давом этади.

Петербург суди қийноқ учун судланган полициячиларни озод қилди

Иллюстратив сурат.

Санкт-Петербург шаҳар суди қўлга олинганларни қийноққа солгани учун судланган икки нафар собиқ полициячига нисбатан аввал чиқарилган ҳукмни юмшатди. Шу тариқа, биринчи инстанция суди ҳукми билан 4 йилданга қамалган полиция бўлими бошлиғининг ўринбосари Артём Морозов ҳамда тезкор ходим Андрей Барашков яқин кунларда озодликка чиқадиган бўлиб турибди.

Бир йил муқаддам Санкт-Петербург полицияси 70-бўлимининг олти нафар ходими қўлга олинганларга нисбатан қийноқ қўллаганлик ва далилларни сохталаштиргани учун судланганди. Тергов версиясига кўра, полициячилар қўлга олинган Алексей Шепелинни калтаклаб, гиёҳванд модда сотганини тан олишни талаб қилиб, бурнининг ичига ёниб турган сигарет қолдиғини тиқиш билан қийнашган.

Полициячилар букмекерлик идораси қўриқчисини калтаклаганлик ва устига қайноқ сув қуйиш билан қийнаганликда ҳам айбланганлар.

Судланган полициячилардан фақат икки нафаригина қамалган. Яна икки полициячи суд томонидан тўла оқланган.

Зеленский карантин тартибини бузгани учун жаримага тортилиши мумкин

Украина президенти Володимир Зеленский.

Украина полицияси коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган чекловларни бузгани учун мамлакат президенти Володимир Зеленскийни жаримага тортиши мумкин.

ИИВ баёнотига кўра, жазо чораси учун президент офиси томонидан ёйинланган фотосурат сабаб бўлиши мумкин. Суратда Зеленский ўз ходимлари билан бирга Хмельницкий шаҳрига ташрифи чоғида кафелардан бирида кофе ичиб ўтиргани акс этган.

Суратдагилар чекловда кўзда тутилган ижтимоий масофаланиш тартибига риоя этмаганлар. Бундан ташқари, улар кафе биноси ичида ўтирибдилар, ваҳоланки бу каби муассасалар бутун Украина бўйлаб 5 июнгача мижозларга фақат кўчада хизмат кўрсата олиши мумкин.

Бу каби қонунбузарликлар учун белгиланган жарима миқдори 17 минг гривенни (600 АҚШ долларидан кўпроқ) ташкил этади.

Зеленскийнинг ўзи жарима тўлашга тайёр эканини билдирган. Президентга кўра, бино ичига уни 5 июндан кейин зарур тартибга риоя қилинган ҳолда иш бошлашга тайёр эканларини кўрсатиш учун кафе ходимлари таклиф этганлар. Президент кафенинг очилишга ҳозир эканига амин бўлиш учун мазкур таклифни қабул қилганини таъкидлаган. “Бунга карантин тартибини бузиш ўлароқ қараманглар, балки эртадан иш бошлайдиган муассасалар қандай ишлашини назорат қилиш ташрифи сифатида қаранглар”, деди Зеленский.

Украинада сўнгги кеча-кундузда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 588 ҳолат аниқланган, 12 киши оламдан ўтган. Эпидемия бошидан бери бу мамлакатда 25 мингдан зиёд киши инфекциядан хасталанган, 750 бемор қазо қилган.

Қирғизистонда аэропортларни 15 июндан халқаро авиақатновларга ҳозирлаш режаланди

Бишкек яқинидаги "Манас" аэропорти (иллюстратив сурат).

Қирғизистонда аэропортларни 15 июндан халқаро авиақатновларга ҳозирлаш режаланган. Бу ҳақда Қирғизистон фуқаро авиацияси агентлиги раҳбари Қурманбек Акишев маълум қилди.

“Айни пайтда ҳаракатлар алгоритми келишиляпти. Имкониятга қараб, ҳар бир авиаширкат қачон ва неча марта рейс амалга ошириши бўйича ўз саналарини таклиф қилмоқда”, деди Акишев.

Унга кўра, ҳозирда халқаро парвозлар жадвали ишлаб чиқиляпти. Кунига 2-3 та, ҳафтасига эса 16-17 та қатнов амалга оширилиши режаланмоқда.

Қайд этилишича, халқаро авиақатновларни тиклаш санасига оид масала ҳукумат томонидан ҳал қилинади.

3 июнь Қирғизистонда ички авиақатновлар аввал айтилганидек 8 июндан эмас, балки 5 июндан қайта тикланиши маълум бўлди.

Қирғизистонда мунтазам авиарейслар коронавирус тарқала бошлагани қабатида март ойи ўрталаридан тўхтатилганди.

Беларусда бош вазир алмашди

Беларуснинг янги бош вазири Роман Головченка.

Беларусда, президент Александр Лукашенка қарори билан, Роман Головченка мамлакат бош вазири этиб тайинланди.

3 июнь куни Лукашенка Сергей Румас ҳукуматини истеъфога чиқарганди. Президентга кўра, унинг собиқ бош вазирга эътирози йўқ эди, бироқ Румас бизнес билан шуғулланишга қарор қилган.

46 ёшли янги бош вазир Головченко Москва Халқаро алоқалар институти ва Беларусь президенти ҳузуридаги Бошқарув академиясини тамомлаган. Мамлакат Хавфсизлик кенгаши ва Бош прокуратурада турли лавозимларда ишлаган.

Лукашенка янги ҳукумат тузиш режасини 25 майдаёқ очиқлаганди. Бу борада қарор 9 августга белгиланган президент сайловигача қабул қилиниши лозим эди.

Лукашенка Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келади. Эндиликда у олтинчи муддатга сайланишга ҳозирлик кўрмоқда.

Мухолифат бу галги президент сайлови учун ягона номзодни илгари сургани йўқ, бироқ сайловолди кампанияси доирасида у Минск ва бошқа шаҳарларда норозилик намойишлари ўтказмоқда. Лукашенка бунга жавобан сайлов кампанияси чоғида мамлакатда “майдон” бўлмаслигидан огоҳлантирган.

Пентагон раҳбари намойишларни бостириш учун армиядан фойдаланишга қарши эканини билдирди

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер мамлакатда бир неча кундан бери давом этаётган оммавий намойишларни бостириш учун армия жалб қилинишига қарши чиқди. Норозилик чиқишлари полиция томонидан аёвсизларча қўлга олиниши важидан жон таслим қилган афроамерикалик Жорж Флойд ўлими ортидан бошланиб кетган. Намойишчиларни тарқатиш ва тартиб ўрнатиш учун армия кучидан фойдаланишни АҚШ президенти Дональд Трамп талаб қилаётганди.

Эсперга кўра, 1807 йилда қабул қилинган ва президентга қўшинлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи қонун фақат энг сўнгги чора ўлароқ, энг хавфли ва танг вазиятдагина қўлланилиши мумкин. Пентагон раҳбарига кўра, ҳозир бу ҳолатларнинг ҳеч қайсиси йўқ. Эспер бунақа пайтда расмийлар Миллий гвардиядан (қуролли кучларнинг фавқулодда вазиятларда қўлланиладиган махсус тури) кўмак олганлари энг мақбул вариант эканини урғулаган.

Трампнинг намойишларни бостиришда армия кучидан фойдаланишга оид талаби нотўғри экани ҳақида Пентагоннинг яна бир неча собиқ ва амалдаги раҳбарлари билдирган.

Шундан сўнг Трамп чоршанба оқшомида мамлакат ичидаги норозилик чиқишларини бостириш учун АҚШ қўшинларидан фойдаланишни зарур, деб ҳисобламаслигини очиқлади, дея хабар қилади Reuters.

АҚШда кўпинча тартибсизлик ва талончилик қабатида ўтаётган оммавий намойишларга 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими сабаб бўлган. У 25 май куни Миннеаполис шаҳрида полиция томонидан қўлга олингани ортидан ҳаётдан кўз юмганди.

Намойишлар чоғида камида 11 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам жароҳатланган. Расмийлар 40 чоғли шаҳарда комендантлик соати жорий қилганлар. Вазиятнинг таранглашиб кетиш эҳтимолини эътиборга олиб, пойтахт Вашингтонга қўшимча 1,5 мингдан зиёд ҳарбий йўлланган.

Қирғизистонда 8 июндан масжидлар қайта очилади

Бишкек марказий масжиди.

Қирғизистонда 8 июндан масжидлар, черковлар ва бошқа ибодат жойлари фаолиятига рухсат берилди.

Ҳукумат матбуот хизматининг 4 июнда билдиришича, бундай қарор муфтият ва бошқа диний ташкилотлар вакиллари билан ўтказилган маслаҳатлашувлардан сўнг қабул қилинган.

Ибодат жойларида сантиария талабларига амал қилиниши лозим. Ибодат қилишга кираётганларнинг тана ҳарорати текширилади, улар юзқопда бўлиши ва камида 1,5 метрли ижтимоий масофани сақлашлари зарур.

Қирғизистонда коронавирус оқибатида 17 мартдан масжидлар ва бошқа ибодат жойлари ёпилган, жума намозлари ва бошқа оммавий диний тадбирлар бекор қилинган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 4 июнь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 1899 кишига етди. Беморлардан 1292 нафари соғайди, 20 бемор вафот этди.

Қозоғистонда ресторанлар хўжайинлари коронавирус чекловлари бекор қилинишини талаб этмоқда

Нур-Султонда намойиш ўтказган ресторан ходимлари.

Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда ўнлаб ресторан хўжайинлари ва ходимлари 3 июнь куни ҳокимият биноси олдига йиғилиб, коронавирус чекловлари бекор қилинишини ва ресторанларга бир вақтнинг ўзида 50 нафардан ортиқ хўррандаларга хизмат кўрсатишга рухсат берилишини талаб этишди.

1 июндан Қозоғистонда карантин чоралари юмшатилиб, савдо марказлари, умумий овқатланиш жойлари, ҳаммомлар ва сауналар фаолиятига рухсат берилди.

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоат жойларида 50 нафардан ортиқ одам тўпланмаслигини, кафе ва ресторанларда столлар бир-биридан икки метр оралиқда ўрнатилишини ва дезинфекция ишларини амалга оширишни талаб қилмоқда.

Ресторанларнинг хўжайинлари икки ойлик карантин ортидан катта зарар кўришганини айтмоқдалар. Уларга кўра, Нур-Султонда юздан ортиқ ресторан бор. Уларда бир неча минг киши хизмат қилади.

Нур-Султон ҳокимияти рестораторларнинг талабларини душанба кунигача ўрганиб чиқишни ваъда қилди.

Қозоғистонда 4 июнь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 12 мингдан ошди. 6 240 бемор соғайган, 48 киши вафот этган.

Беморларнинг 2 344 нафари Нур-Султонда аниқланган, улардан 7 нафари ўлган.

Франция Руандадаги геноцид ташкилотчиларидан бирини Халқаро трибуналга топширади

Кабуга халқаро қидирувга берилгани тўғрисидаги хабар чоп этилган газета.

Париж апелляция суди 3 июнь куни Руандадаги геноцид ташкилотчиларидан бири сифатида гумонланаётган Фелисьен Кабугани халқаро трибуналга топшириш тўғрисида қарор чиқарди.

БМТ прокуратураси Кабугага Руандада 1994 йилда тутси халқини геноцид қилиш учун хуту жангариларига қурол етказиб беришни молиялаштирганлик, геноцид ва геноцидда иштирок этиш айбловини билдирмоқда. Геноцид оқибатида Руандада тутси миллатига мансуб 800 минг киши қириб ташланган.

Маълум бўлишича, 20 йил халқаро қидирувда бўлган Кабуга Париж атрофида сохта ҳужжатлар асосида яшаб келган. Франция полицияси 16 май куни 84 ёшли Кабугани қўлга олиш амалиётини махфий равишда ўтказди.

Май ойида Ҳаага халқаро трибунали Кабуга халқаро трибуналларнинг якунланмаган қисми механизми асосида Танзаниянинг Аруше судида судланиши лозимлиги тўғрисида қарор чиқарган. Аруше суди Халқаро трибуналнинг филиали ҳисобланади.

Руанда бўйича халқаро трибунал ўз фаолиятини 2015 йилда ёпгани муносабати билан Кабуга иши халқаро трибуналларнинг якунланмаган қисми механизми асосида кўриб чиқилади.

Эрон олий руҳониийси АҚШни иккиюзамачиликда айблади

Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаий.

Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаий Миннесота штатида полициячилар томонидан афроамерикаликнинг ўлдирилиши муносабати билан АҚШни иккиюзламачиликда айблади.

Али Хоманаий телевидение орқали Ислом Республикаси асосчиси Руҳуллоҳ Хомайни ўлими (1989 йил)нинг навбатдаги йиллигига бағишлаб қилган чиқишида: “Улар одамларни жиноятда гумонлаб ўлдирадилар, аммо узр сўрамайдилар. Айни пайтда бошқалардан “инсон ҳуқуқларини таъминлашни” талаб қиладилар”, - деб айтди.

Эрон ҳукумати АҚШда ирқчиликка қарши бир ҳафтадан кўпроқ вақтдан бери намойиш ўтказиб келаётган норозиларни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Эронни инсон ҳуқуқларини бузаётганликда, жумладан, ўтган йилнинг ноябрида норозилик намойишига чиққан юзлаб одамларни ўлдирганликда айблаб келади.

1 июнь куни Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик ва ташқи ишлар қўмитаси раиси Мўжтабо Золнур ўтган йилнинг ноябрида ўтган норозилик намойишларида 230 киши ҳалок бўлганини расман билдирди. Бунга қадар Эрон ҳукумати намойишларда ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотларни рад этиб келаётган эди.

АҚШнинг юзлаб шаҳарларида намойишлар 25 май кун Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойдни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Тартибсизликлар оқибатида камида 12 киши ўлгани, ўнлаб полициячилар ва норозилар жароҳатлангани хабар қилинди. CNNнинг билдиришича, ўн мингга яқин одам қўлга олинган.

Россия Сурияга ҳарбий самолётларнинг “иккинчи партияси”ни етказиб берди

МиГ-29 ва Су-24 ҳарбий самолётлари.

АҚШ Россияни Суриядан Ливияга ҳарбий самолётларни етказиб беришда воситачи сифатида фойдаланаётганини танқид қилганидан бир неча кун ўтганидан сўнг Москва МиГ-29 янги қирувчи учоқларни Дамашққа етказиб берганини тасдиқлади.

Россиянинг Дамашқдаги элчихонаси 3 июнь куни МиГ-29 самолётларининг “иккинчи партияси ҳарбий ҳамкорлик доирасида” Сурияга етказиб берилганини маълум қилди.

Суриянинг давлатга қарашли SANA ахборот агентлиги 30 майда Хмеймимдаги рус ҳарбий базасига МиГ-29 қирувчи учоқлари етиб келганини ва улар 1 июндан бошлаб Сурия осмонда парвоз қилишларини билдирган эди.

Россия қўллаб келаётган Сурия президенти Башар Ассадни халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва ғарб давлатлари фуқаролар урушида тинч аҳолини бомбардимон қилишда ҳамда эҳтимолий ҳарбий жиноятларда айблаб келадилар.

Май ойининг охирида АҚШ Россияни Ливияда халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳукуматга қарши исёнчилар сафида жан қилаётган россиялик ёлланма жангариларни қўллаш учун ҳарбий учоқларни етказиб берганиликда айблаган эди.

АҚШ расмийларига кўра, Москва Ливиядаги Россия жангариларга 14 та МиГ-29 қирувчи ва Су-24 қирувчи-бомбардимончи самолётни Суриядаги Хмеймим авиабазаси орқали етказиб берган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG