Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2023, Тошкент вақти: 14:12

Ваҳоб Раҳмонов – хатолар душмани


Лобар Матншунос олим Ваҳоб Раҳмонов деярли бутун умрини ўзбек мумтоз асарлари нашрларидаги хатоларни тузатишга бағишлаган. Ўзбекистондаги юқори синф адабиёт дарсликлари яратилишида ҳам олимнинг хизматлари катта.

В.Раҳмонов Тожикистоннинг ҳозирги Хўжанд вилоятида туғилди ва ўша ерда ўрта мактабни тамомлади.

“Юқори синфларда яхши ўқимаганим учун ўқишга кира олмадим. Бир йил вилоят театрида актёр бўлиб ишладим. Кейин Ленинобод, яъни Хўжанд педагогика институтининг тарих-филология факультетини битирдим”, - деб эслайди олим.

Домланинг Тожикистондаги иш фаолияти 1976 йилгача давом этди. Кейинги салкам 30 йиллик ҳаёти ва фаолияти Ўзбекистон билан боғлиқ бўлди.

Ўша йили В.Раҳмоновни машҳур ўзбек олими Ҳамид Сулаймон Ўзбекистонга таклиф этди.

“Мумтоз нашрларда, Огаҳий, Нодира, Навоий асарларида 500 дан 2 мингтагача матний хатоларга йўл қўйилаётган эди. Бу имловий хатолар эмас. Шу сабабли Ҳамид Сулаймон мени Ўзбекистонга юборийшни, ректор номига хат ёзди”, - дейди олим.

В.Раҳмонов Ўзбекистондаги дастлабки 10 йиллик фаолиятини илмий тадқиқот институтида бошлаб, шу давр мобайнидаги нашр этилган 200 га яқин мумтоз асарга масъул муҳаррир ёки тақризчилик қилди. Бу билан ўзбек мумтоз адабиёти нашрларининг матний хатолардан бирмунча холи бўлишига ҳисса қўшди.

“Бир сафар Ҳ.Сулаймонга “Ҳазойинул маоний” нашридаги хатоларни кўрсатдим. Агар бундай қўпол хатолар 10-15 та бўлса, матндаги камчиликлар ҳақида гапирмаган бўлардим. Хатолар эса 500 тадан ортиқ эди”, - эслайди олим.

Ҳозир В.Раҳмонов “Янги аср”, “Шарқ” ва Ғафур Ғулом номидаги нашриётларда мумтоз адабиётлар нашрларига масъул муҳаррирлик қиляпти. Жумладан, Алишер Навоийнинг “Вафо қилсанг”, Машрабнинг “Дилимдаги нурдур” ва Бедилнинг “Шавқийни ёд этиб” тўпламлари домланинг муҳаррирлигида чоп этилди.

Олим Навоийнинг “Хамса”сини қайта нашрга тайёрлаш ниятида. “Хамса” илгари Порсо Шамсиев томонидан икки марта нашрга тайёрланган. Аммо кейинчалик Алишер Навоийнинг 20 томлигидан жой олган “Хамса”га В.Раҳмонов ўзини масъул муҳаррир сифатида эълон қилган.

“Бу, юқорида айтганимдек, хатолар билан боғлиқ. Ҳар бир китобда мингта хатонинг нари-берисида бўлгандан кейин буни соғлом қабул қилиб бўлмайди”, - дейди олим.

В.Раҳмонов шогирдларидан кўпроқ луғат ёдлашни талаб қилади. Чунки, унинг фикрича, луғатни яхши билмайдиган киши Навоий асарларини тўла ва тўғри тушуна олмайди.

Бир олимнинг ўртача ойлик маоши 70 минг сўм бўлса, тирикчилик ўтказишга, албатта, етмайди. Шунинг учун олим нашриётлар билан ҳамкорлик қилмоқда, китоблар чиқартириб, мактабларга сотмоқда.

В.Раҳмонов ҳозирги ёшлар орасида илм йўлини тутганлар камайиб кетаётганини афсус билан тилга олди.

“Ҳозир ёшлар банкка ишга кирса, 100-150 минг сўм маош олади. Фан йўлини танлаб, аспирантурага ўқишга кирса, 35 минг сўм маош билан яшашга тўғри келади. Шунинг учун ҳозир илмга қизиқиш суст”, - дейди В.Раҳмонов.
XS
SM
MD
LG