Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:10

Ўзбекистонда 7300 киши (расмий маълумот) ОИТВни юқтирган


15-17 май кунлари Москвада Шарқий Европа ва Марказий Осиëда ОИТС/ОИТВнинг олдини олиш, бу борада ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган тадбир бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда айни минтақада ОИТСни юқтирганлар сони 1,5 миллион кишидан ошиб кетгани қайд этилди.

Бугунги кунгача ер юзи аҳолисининг 65 миллиони илк бор бундан 25 йил муқаддам аниқланган ОИТС касаллигига чалинган. Уларнинг 25 миллиони ҳаёт билан хайрлашди.

Бу касаллик Шарқий Европа ва Марказий Осиë келажагига ҳам кучли таҳдид солмоқда. Ушбу минтақада 2005 йилнинг ўзида 270 минг киши ОИТВни юқтирган.

ОИТС, сил ва безгак касалликларига қарши курашиш глобал жамғармаси ижрочи директори Ричард Фичемнинг маълум қилишича, мазкур ташкилот ОИТСга қарши кураш дастурларини молиялаштириш учун 700 миллион долларга яқин маблағ ажратган.

БМТ Аҳолишунослик дастурининг Ўзбекистондаги вакиласи Феруза Фозилованинг билдиришича, Ўзбекистонда ОИТВни юқтирганлар сони 7300 кишини ташкил этади. Уларнинг 60 фоизи касалликни гиёҳвандлик моддаларини томир орқали қабул қилиш оқибатида юқтирган.

“Ўзбекистонда бу касалликнинг олдини олиш учун кўп иш қилиняпти. Ўзбекистон ҳукумати глобал жамғармадан бу мақсадлар учун 24,5 миллион доллар маблағ олган. Аҳолининг бир гуруҳи орасида йўналтирилган иш олиб бориляпти”, - дейди Ф.Фозилова.

Тошкентдаги ОИТС маркази директори ўринбосари Бахтиëр Мадаминовнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, мамлакатда бу касаллик, асосан, ҳимояланмаган жинсий алоқа, гиёҳвандлик моддаларини томир орқали қабул қилиш натижасида тарқалмоқда. Ўзбекистонда ҳозир 15 га яқин ОИТС маркази ишлаб турибди.
XS
SM
MD
LG