Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:01

Андижонликлар қони Кремль деворларини тилладан қиладими?


Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукуматининг у ердаги хатти-ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлаган Россия бугун ўша сиёсатининг мислсиз самараларини кўраётгани яққол сезилмоқда.

2005 йил 13 майда Андижон марказидаги Бобур майдонига йиғилган намойишчилар Россия президенти Владимир Путинга мурожаат этиб, вужудга келган бўҳронни ҳал этишда воситачилик қилишни сўраган эди. Андижонлик намойишчилар мурожаатини писандсиз қолдирган ва кейинчалик уларнинг қириб ташланишини Ўзбекистондаги конституциявий тузумни ҳимоя қилиш ўлароқ талқин этган Кремль раҳбари бугун бунинг мўмайгина дивидендларини олмоқда.

Кузатувчилар Андижон қирғинидан кейин Москва-Тошкент муносабатлари сўнгги ўн беш йил ичида мисли кўрилмаган даражада ривожланганидан ташқари Кремлнинг Марказий Осиёдаги таъсирининг кучайишига, Ғарб позициясининг сустлашишига жиддий ҳисса қўшганини айтмоқда. Тинч намойишчиларни ўққа тутгани учун жаҳон ҳамжамияти “қарғишига” учраган Тошкентни ўз паноҳига олган Кремлга Ўзбекистон раҳбари мамлакат табиий бойликларини арзон-гаровга таклиф этаётгани ҳам кутилган сюрприз бўлди.

Андижон воқеаларининг бир йиллиги арафасида Сочида дам олаётган Владимир Путинни “зиёрат” қилгани борган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакат иқтисодининг энг тотли бўлаклари россиялик тадбиркор ва сармоядорларга мунтазир эканини айтди.

И.Каримов мамлакат иқтисодининг “тотли ва мазали бўлаклари” деганда, энг аввало, Ўзбекистон энергетика манбааларини назарда тутди. Ҳар ҳолда Кремль раҳбари тошкентлик ҳамкасбини ана шундай тушунди, дейди ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Алимардон Аннаев.

Энергетика соҳасидаги Тошкент-Москва ҳамкорлиги истиқболларига бағишлаб Ўзбекистон матбуотида бериб борилаётган хабар ва мақолалар ҳам буни тасдиқлайди. Бир томондан Россиянинг “Газпром” ширкатига Ўзбекистондаги газ конларини ўзлаштириш имконияти берилгани, бошқа томондан Россиянинг яна бир ширкати “Лукойл” билан “Ўзбекнефтгаз” ўртасида консорциум тузилгани ҳақидаги хабарлар Москва ва Тошкент иштирокидаги яхлит энергия клуби яралаётгани ҳақидаги башоратларга сабаб бўлмоқда.

Россиялик мустақил таҳлилчи Виталий Портников Кремль учун Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан энергетика соҳасида яқинлашиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ эканини таъкидлайди.

“Умуман олганда, ҳозир бир нечта энергетик яқинлашувни кузатмоқдамиз. Киевда ГУАМ ташкилотига аъзо давлатлар энергетик бирлашув йўлларини ишлаб чиқмоқда. Улар Озарбойжон энергетика захираларини Россияни четлаб ўтган ҳолда мустақил равишда Украина ва Грузия ҳудудларига етказиш имкониятларини қидиряпти. Бошқа томондан эса Россия Марказий Осиёдаги ўз имкониятларини ишга солишга уринмоқда. Бу нима учун керак? Агар Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон нарх-навони белгилашда умумий сиёсат юритишга келишиб олса, Марказий ва Ғарбий Европа мамлакатларини иқтисодий тобеликда ушлаб туриш ҳамда Шарқий Европадаги, биринчи навбатда, Украина, Беларус ва Молдова каби давлатларга ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий таъсир ўтказиш имкониятларини қўлга киритади”, - деди В.Портников.

Россиялик сиёсатшунос Сочига В.Путиннинг “зиёрат”ига нафақат И.Каримов, балки Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев ва Европа Иттифоқи расмийларининг келгани ҳам бежиз эмаслигини қўшимча қилади.

“И.Каримов учун Россия билан яқинлик бугунги кун воқелиги нуқтаи назаридан ўз салтанатини қутқариб қолишнинг ягона йўли экани кундек равшан, бундан ташқари, Европага жузъий бўлса-да, таъсир қила олиш имконияти уни суюнтирмасдан қўймайди”, - дейди таҳлилчи.

Унинг таъкидлашича, И.Каримов Россиянинг шартларига рози бўлади. Биринчидан, нарх-наво сиёсатини белгилаш асносида Ўзбекистон раҳбарида ўзининг “нархини ошириб олиш” имконияти пайдо бўлади. Иккинчидан, собиқ иттифоқ ҳудудида сиёсий жараёнларни тўхтатиб туриш ҳам унинг учун ўта муҳим. Бунинг устига, Тошкентнинг Москва ва Остона билан биргаликда Киев ёки Кишинёвдаги жараёнларга таъсир ўтказа олишини тушуниш унга анча хурсандчилик бахш этиши мумкин.

12 майдаги Сочи учрашувида Россия раҳбарининг Ўзбекистон билан иттифоқчилик шартномасини ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолаганини алоҳида таъкидлагани Москва И.Каримовга, асосан, иқтисодий эмас, сиёсий таянчни таклиф этаётганига ишора қилади.


В.Путиннинг бу баёнотига жавобан Ислом Каримов Россия Давлат думаси, Федерация кенгаши ҳамда ҳамкасбига алоҳида-алоҳида миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Алимардон Аннаев Ўзбекистоннинг Россия билан энергетика соҳасида яқинлашуви Ислом Каримовга сиёсий манфаат келтиришдан бошқа ҳеч нарсага ярамаслигини таъкидлайди. У Ўзбекистон газининг қўшни Қозоғистон газига нисбатан арзон-гаровга сотилаётгани ҳам И.Каримовнинг Россия билан яқинлашувдан фақатгина “сиёсий манфаатларни кўзлаётганига яна бир далил”лигини қўшимча қилади.
XS
SM
MD
LG