Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:08

БМТ НАТОни наркотикларга қарши курашга чорламоқда


БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик масалалари бўлими НАТОнинг Афғонистондаги қўшинларини мамлакат жанубидаги қорадори экинларини йўқ қилиш учун кескин ҳарбий чоралар кўришга чақирди.

БМТнинг сўнгги ҳисоботларида Афғонистонда қорадори етиштирилишига қарши кураш муваффақиятсизликка учраётгани айтилади. Уларда Афғонистонда ноқонуний тарзда қорадори ўстирадиган деҳқонларга муқобил маҳсулотларни етиштириш учун имконият бериш мақсадларига миллионлаб доллар маблағ сарфланаётган бўлса-да, ўтган йил давомида мамлакатда кўкнори етиштириш 59 фоиз ошгани қайд этилади.

Кўкнорининг асосий қисми мамлакатнинг АҚШ, НАТО ва Афғонистон қўшинлари толиблар жангариларига қарши кескин кураш олиб бораётган жанубий вилоятларида етиштирилган.

БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик масалалари бўлими ижрочи директори Антонио Мария Коста Афғонистонда ноқонуний наркотиклар савдоси ҳажми ошиши бевосита “Толибон” жангарилари фаоллашгани билан боғлиқлигини таъкидлайди.

“Афғонистон жанубида хавфсизлик чораларини кучайтиришимиз керак. НАТО кучлари икки томондан қилинаётган ҳужумларга, яъни бир томондан наркотиклар савдоси ҳисобидан уюштирилаётган ҳужум ва иккинчи томондан толиблар жангарилари ҳужумига жавоб бера олиши учун НАТОга каттароқ маблағ сарфлашингизни сўрамоқчиман”, - деди БМТ расмийси Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида.

Коста Кобулнинг аксилнаркотик стратегиясида ҳам ўзгаришлар ясаш кераклигини билдирди. Ҳозирча наркотикларга қарши кураш амалиётлари, биринчи навбатда, Афғонистон ҳукумати томонидан олиб борилади, НАТО кучлари фақатгина афғон расмийлари илтимос қилгандагина бу ишларда иштирок этади.

Коста фикрича, ҳозирча кўрилаётган чоралар қорадори етиштирилишининг баратараф этилиши учун етарли эмас.

“НАТО кучлари кўкнори экинларини йўқ қилишда фаол роль ўйнаши лозим ва бу борада кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олишини сўрар эдим. НАТО ваколатига кўкнори экинларини йўқ қилиш вазифасининг кирмаслиги аниқ. Лекин қорадори етиштирилиши ҳарбий таҳдидни ҳам келтириб чиқаришини тушуниб етмас эканмиз, бу муаммонинг ечимини топиш жуда қийин бўлади”, - деди Коста.

НАТО етакчилигидаги кучлар қўмондони генерал-лейтенант Дэвид Ричардс альянс қўшинларининг вазифаси фақатгина Афғонистон ҳукуматига ёрдам беришдан иборат экани, қорадори муаммоси унинг асосий ваколати доирасига кирмаслигини айтади.

“НАТО етакчилигидаги халқаро қўшинлар кўкнори етиштирадиган деҳқонлар билан шуғулланмайди. Шу нарсани тушунишимиз керакки, кўкнори ўстиришни бас қилишдан олдин уларга тирикчиликнинг муқобил йўлларини таклиф қилишимиз керак. Чунки улар бола-чақасини боқиши лозим”,- дейди генерал.

Шунга қарамай, Д.Ричардс наркотиклар савдоси билан шуғулланадиган жиноий гуруҳларнинг “Толибон” жангарилари билан яқин алоқаси борлигини тушуниши ва бу муаммо ечилмас экан, Афғонистонда хавфсизликни тўла таъминлаш вазифаси амалга ошмаслигини тан олишини билдирди.

Кобул расмийлари эса Антонио Мария Костанинг хорижий қўшинлар кўкнори далаларини йўқ қилиши кераклиги ҳақидаги фикрига қўшилмаслигини айтмоқда.

Брюсселдаги матбуот анжуманида қатнашган Афғонистон наркотикларга қарши кураш вазири Ҳабибуллоҳ Қодирий БМТ мулозими гапларини бўлиб: “Нима бўлганда ҳам қорадори етиштирилишига қарши курашни Афғонистон ҳукумати олиб бориши, НАТО кучларининг эса бунда ёрдам беришини истардик. Менимча, бу энг тўғри йўл бўларди”, - деди.

Ўтган йили кўкнори майдонларини йўқ қилиш учун заҳарли моддалар сепишда хориж ҳарбий самолётлари ишлатилаётгани ҳақида гап тарқалганида деҳқонлар Афғонистон ҳукуматига қаттиқ норозилик билдирган эди. Ўшанда АҚШ етакчилигидаги коалиция ва НАТО кучлари самолётлар бундай мақсад учун фойдаланилаётганини инкор этганди. Лекин бу воқеа сабаб АҚШ ва НАТО расмийлари агар самолётлар бундай ишларда қатнашса, кўкнори етиштирувчи деҳқонларнинг катта армияси жангариларни қўллаб-қувватлашга бел боғлашини тушуниб етди.
XS
SM
MD
LG