Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:52

Ўзбеклар Жаҳон банкидан хафа


Жаҳон банки ҳисоботида Ўзбекистон сармоя ëтқизиш учун қулай давлатлар рўйхатида 147-ўринга қўйилди. Ўзбекистон расмийлари Жаҳон банкининг бу хулосаси “нохолис” эканини айтмоқда.

Ўзбекистон Иқтисодиëт вазирлиги ходими Шуҳрат Шукуров “Озодлик”ка берган интервьюсида Жаҳон банкининг ушбу ҳисоботида ҳеч қандай факт ëки рақамлар берилмагани ва бу маълумотларнинг асоссиз эканини айтди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда бугунги кунда жамиятни янгилаш ва демократлаштириш мақсадларини амалга ошириш, мамлакатдаги бозор иқтисодиëтини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш бўйича дастурлар қабул қилинган.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Камолиддин Жаҳон банкининг Ўзбекистонга нисбатан бундай баҳо бергани бежис эмаслигини билдирди. Унинг айтишича, ҳозир мамлакатда инвестиция билан боғлиқ муҳит яхши эмас.

“Хорижий сармоялар бир четда турсин, мамлакат ичида ишлаëтган тадбиркорларнинг самарали лойиҳалар топиши қийин бўлиб қолган. Макроиқтисодий вазият ҳам жуда оғир. Масалан, Тошкентнинг ўзида ўртача маош 50 мингни ташкил этадиган бўлса, пойтахтдан ташқарида вазият янаям оғир. Бизнес қилишга шароит йўқ бу ерда. Иккинчи томондан, хусусий бизнес билан шуғулланишга халақит берувчи ташқи омиллар жуда кўп. Бунинг асосий сабабларидан бири эса давлат тузилмалари томонидан текшир-текширнинг жудаям кўплигидир”, - дейди Камолиддин.

Камолиддиннинг билдиришича, ҳозир Ўзбекистонга кириб келаëтган сармоя фақат мамлакат табиий захираларига йўналган.

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатияси университети профессори Баҳодир Баҳриддинов эса аксинча бугунга келиб Ўзбекистонда хорижий инвестиция билан боғлиқ вазият яхшиланиб бораëтганини айтади.

“Жанубий Кореядан, Хитойдан сармоя кириб келяпти. Бу сармоялар, асосан, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва тўқимачилик саноати соҳасига йўналтирилмоқда. Шундай экан, Ўзбекистонда сармоя олиб кириш учун жуда қулай имкониятлар мавжуд”, - деди профессор.

Жаҳон банки сармоя ётқизиш учун қулай ҳисобланган давлатлар рўйхатини ўзининг шу ой бошларида эълон қилинган йиллик ҳисоботида келтирган эди. Унда бизнеснинг 10 йўналиши бўйича 175 давлат ўрганилган. Рўйхатда постсовет мамлакатлар орасида Арманистон ва Грузия Болтиқбўйи давлатларидан сўнг 34 ҳамда 37-ўринларни эгаллаб, сармоя ётқизиш учун энг қулай, деб тан олинган. Грузия “Энг илғор ислоҳотчи” номинацияси бўйича ғолиб бўлган. Қозоғистон 63-ўринни эгаллаб, Марказий Осиë давлатлари орасида энг яхши натижага эришди. Тожикистонга 133, Ўзбекистонга 147-ўрин насиб этди.
XS
SM
MD
LG