Линклар

Шошилинч хабар
27 июн 2022, Тошкент вақти: 13:55

Халқаро хабарлар

АҚШ Президенти Жорж Буш Вашингтон Ироқдаги жанггариларга қарши кураш тактикасини ўзгартириши мумкинлигини маълум қилди.

Лекин, деди у, Қўшма Шататлар ғалабага эришиш мақсадида муросасиз курашни давом эттиради. Президент Буш бу сўзларни АҚШ армияси генераллари билан бўлиб ўтган учрашув пайтида айтди. Буш сўнгги пайтларда Ироқда ҳалок бўлаётган америкалик аскарлар сонининг кўпайганини АҚШ қўшинларининг кўпроқ ва фаолроқ операциялар ўтказаётгани билан изоҳлади. Шунингдек, жанггарилар олиб бораётган ташвиқотнинг самараси ҳам бунга ҳисса қўшяпти, деди Оқ уй раҳбари. Айни пайтда, АҚШ Давлат Департаментининг мулозими Алберто Фернандез Ал-Жазира телеканалига берган суҳбатида, Қўшма Штатлар Ироқда “такаббурлик” ва “ахмоқлик” қилганини айтди.
“Биз Ироқда қўлимиздан келганини қилдик, лекин, менимча, танқидларга ўрин бор. Шубҳасиз, Қўшма Штатлар Ироқда такаббурлик ва аҳмоқлик қилган пайтлари бўлди”, - деди америкалик дипломат.
Яқин Шарқ масалалари бюросининг дипломатия бўлими раҳбари Фернандез суҳбат пайтида араб тилида гапирганига қарамасдан, Давлат Департаменти матбуот котиби Шон МакКормак Фернандезнинг сўзлари араб тилида нотўғри талқин қилинганини таъкидлади.

Кун янгиликлари

Истанбулдаги гей парадда камида 200 киши қўлга олинди

Истанбул. Гей парад иштирокчилари қўлга олинаётган пайт.

Истанбул полицияси 26 июнь куни рухсат берилмаган гей парад иштирокчиларини тарқатиб юборди ва камида 200 кишини қўлга олди. Истанбул ҳокимияти Тақсим майдонида гей парад ўтказишни тақиқлаганига қарамай, бу ерга камалакранг байроқларни кўтарган юзлаб киши йиғилган эди.

Гей парад ташкилотчилари полиция камида 200 кишини қўлга олганини таъкидлар экан, уларнинг олдига адвокатлар киритилмаётганини билдирди. Айрим қўлга олинганлар бир неча соат полицияда ушлаб турилгач, уйларига қўйиб юборилган.

Туркия журналистлар иттифоқининг маълум қилишича, қўлга олинганлардан кўпчилиги полиция томонидан калтакланган. Истанбул ҳокимияти ҳам, полиция ҳам қўлга олинганлар бўйича бирорта маълумот бермади.

Европа Кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дунья Миятович 24 июнь куни Туркия ҳукуматини гей парадга рухсат бериш ва унинг хавфсизлигини таъминлашга чақирган эди.

Туркияда 2003 йилдан бошлаб гей парадлар ўтказишга рухсат берилган. Бироқ 2015 йилдан бошлаб хавфсизлик нуқтаи назаридан гей парадлар ўтказиш тўхтатиб қўйилган.

The Sunday Times: Шаҳзода Чарльз Қатар шайхидан бир неча миллион еврони қабул қилиб олган

Шаҳзода Чарльз.

Британия шаҳзодаси Чарльз 2011 йилдан 2015 йилгача Қатар шайхи Ҳамад бин Жассим ал Танийдан уч миллион евро миқдоридаги нақд пулни қабул қилиб олган. Бу ҳақда The Sunday Times маълум қилди.

Нашрнинг ёзишича, бу маблағ шаҳзода Чарльзнинг меҳр-мурувват фондига ўтказиб берилган. Бу пулни санаш жараёнида иштирок этган шаҳзода Чарльзнинг ёрдамчиларидан бири, Қатар шайхидан хайр-эҳсонни қабул қилиш пайтида ходимлар жуда ўнғайсиз аҳволда қолганларини айтиб берди. Кейинроқ шайхнинг вакилларидан шаҳзода Чарльзга тўғридан-тўғри нақд пул бермаслик илтимос қилинган.

The Sunday Times бу тўлов ноқонуний бўлгани тўғрисида шубҳалар мавжуд эмаслигини билдирган. Бироқ қирол оиласи аъзоларига нақд пул қабул қилиб олиш тақиқланади. Қирол оиласи фондларига бериладиган хайр-эҳсон эса чек сифатида тақдим этилиши лозим.

Февраль ойида Британия полицияси шаҳзода Чарльзнинг фондини текшира бошлаган эди. Бунга фонд Саудия Арабистони ватандошига Британия паспортини олишга кўмаклашгани тўғрисидаги хабарлар сабаб бўлганди. Фонд ходимлари бу воқеага шаҳзода Чарльз алоқадор эмаслигини билдирганлар.

Қирғизистондан Қозоғистонга ноқонуний йўл билан 30 тонна шакар олиб ўтмоқчи бўлган ҳайдовчи ушланди

Иллюстратив сурат

Қирғиз-қозоқ чегарасидаги “Чўнг-Қапқа” назорат-ўтказиш пунктида 25 июнь куни 30 тонна шакарни Қозоғистонга ноқонуний равишда олиб ўтиб кетмоқчи бўлган юк машинаси ҳайдовчиси қўлга олинган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси ўтган ой охирида шакар экспортига вақтинча тақиқ жорий этган эди.

Чегара хизмати қайдича, 38 ёшли қозоғистонлик А. К. бошқарувидаги КамАЗ автомашинасини текширувдан ўтказиш чоғида юкхонадан мамлакатлар олиб чиқилиши маҳсулот топишган. Контрабанда моли селитрали қоплар ортига яшириб қўйилгани айтилмоқда. Юкка оид ҳужжатларда ҳайдовчи ўғит олиб кетаётгани қайд қилинган. Хабарномада ҳайдовчи ва юк текширувни давом эттириш учун “салоҳиятли идоралар ходимларига топширилган”и айтилган.

Қирғизистонда шу йил 1 июнидан эътиборан олти ойга мамлакатдан шакар экспорт қилишга тақиқ қўйилган. Ҳукумат мазкур тақиқни мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бозорда шакар нархини тутиб туриш истаги билан изоҳлаган.

Қирғизистонда шакарга бўлган талаб май ойи охирида кескин ошиб кетган, ўшанда савдогарлар мазкур маҳсулот Қозоғистонга олиб чиқиб кетилаётганини айтишган. Ўша пайтда мамлакатдаги йирик савдо тармоқлари шакарга белгиланган имтиёзли нархни кўтариб қўйишган.

Қозоғистон ҳам 23 майдан бошлаб шакар экспортини ярим йилга тақиқлаб қўйган.

G7 лидерлари Хитой билан рақобат ва Украинага ёрдам масалаларини муҳокама қилишди

G7 лидерлари учрашувидан лавҳа, Бавария (Германия), 2022 йил 26 июни

Инфляция ошиши ва иқтисодий ўсиш секинлашуви манзарасида юзага келаётган глобал инқироз “Катта еттилик” (G7) давлатлари лидерларининг барчасини бирдек ташвишга солмоқда. Бу ҳақда Германия канцлер Олаф Шольц 26 июнь куни G7 саммити доирасидаги жаҳон иқтисодиётига бағишланган сессиядан кейин маълум қилди.

“Катта еттилик” мамлакатлари Хитойнинг кўп триллионли “Бир макон, бир йўл” лойиҳасига қарши туришга қаратилган ташаббус доирасида ривожланаётган мамлакатлар инфратузилмасини ривожлантиришга 2027 йилгача 600 миллиард доллар жалб қилиш ниятидалар. Бунинг 200 миллиарди АҚШ томонидан жалб қилинади.

Оқ уй сайтида ёйинланган меморандумда АҚШ президенти Жо Байден ва G7 мамлакатларининг бошқа лидерлари ривожланаётган давлатлар инфратузилмасидаги камчиликларни бартараф этиш, жаҳон иқтисодиёти ва товар етказиб бериш занжирини мустаҳкамлаш ҳамда миллий хавфсизлик соҳасида Вашингтон манфаатларини олға суришга қаратилган расмий ҳамкорликни йўлга қўяётганлари айтилган.

Бунда молиявий маблағлар иқлим ва энергия хавфсизлиги, рақамли алоқа, соғлиқни сақлаш ва гендер тенглиги каби соҳаларга йўналтирилади.

Учрашув чоғида Шольц ва Байден Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттириш юзасидан келишувга эришганлар. Bloomberg агентлигининг ёзишича, G7 декларацияси лойиҳасида “Катта еттилик” лидерлари ҳарбий, гуманитар, дипломатик соҳаларда Украинага “қанча лозим бўлса, шунча” кўмак кўрсатишлари қайд этилган.

Германия Бавариясидаги Эльмау саройида 26 июнь куни бошланган G7 саммити 28 июнгача бўлиб ўтиши айтилган. “Катта еттилик”ка Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция, Япония ва АҚШ каби мамлакатлар киради. Бу йилги тадбирга Индонезия ва Ҳиндистон вакиллари ҳам таклиф этилган.

Анқара вакили: Туркия ўз иқтисодиётига зарар етказмаслик учун Россияга қарши санкция жорий этмаяпти

Иброҳим Қалин

Россияга қарши санкциялар жорий этиш Россиядан кўра, Туркия иқтисодиётига кўпроқ зарар беради. Бу ҳақда Туркия президенти вакили Иброҳим Қалин билдирди.

Анқара ўз манфаатларини ҳимоя қилмоқда, шунинг учун ҳам Украинага босқиндан кейин кўп мамлакатлар томонидан Россияга қарши жорий этилган санкцияларга қўшилган эмас. Қалинга кўра, Ғарб бу позицияни тушуниш билан қабул қилган.

Анқара вакили Туркия хориждан келадиган энергия манбаларига қарам эканини, шунинг учун ҳам “худди Эрон билан бўлгани каби Россия билан ҳам муносабатларни ривожлантираётгани”ни урғулаган.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кириши ортидан Ғарб мамлакатлари Москвага қарши олтита санкция пакетини киритган. Айрим мамлакатлар бошқа маҳсулотлар қаторида Россиянинг энергия захираларига ҳам эмбарго жорий этишган.

Яқин орада Россиядан олтин импорт қилишга ҳам тақиқ жорий этилиши кутилмоқда. Британия бош вазири Борис Жонсонга кўра, бу тақиқ зарбаси сўнгги пайтларда ўз активларини олтинга ўтказаётган россиялик олигархлар ва “Путиннинг ҳарбий машинаси”га қарши қаратилган.

Тожикистонда болаларга жинсий зўравонлик қилганлик учун жазо кучайтирилди

Иллюстратив сурат.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси Жиноят Кодексига вояга етмаган болаларга жинсий зўравонлик қилганлик учун жазо муддатини кучайтириш тўғрисида киритилган ўзгартишни тасдиқлади.

Бундан буён педофиллар 25 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Аввал жазо муддати 7 йилдан 20 йилгача эди. Бундан ташқари, мазкур айблов асосида қамалганлар жазо муддатини ўтаб чиққанидан сўнг ўқитувчилик, болалар шифокори, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, болалар спорти ва болалар санъати соҳаларида фаолият юритиши тақиқланади.

Тожикистонда болаларга жинсий зўравонлик қилганларга нисбатан жазони кучайтириш талаби кўп йиллардан бери жамоатчилик томонидан айтилиб келинган. Сўнгги марта фуқаролик жамияти бу талабни 8 ёшли Руфайда Иноятова ўлдирилганида кун тартибига чиқарган эди.

Руфайда Иноятова 2021 йилнинг 4 июлида Рудаки тумани Навобод қишлоғида ўлдириб кетилган эди. Унинг ўлимида айбланган 30 ёшли Рахматулло Гадоев 2021 йил октябрида умрбод қамоққа ҳукм қилинган.

Тожикистон омбудсмени идорасининг билдиришича, 2019-2021 йиллар давомида 45 болага нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари аниқланган.

Польшада ҳосилни йиғиб олиш учун украинлар ўрнига ўзбекларни жалб қилиш таклиф этилди

Польша парламенти депутати ва маҳаллий боғдорчилик ассоциацияси президенти Мирослав Малишевский етиштирилган ҳосилни йиғиб олиш учун украинлар ўрнига ўзбек мигрантларини жалб қилишни таклиф этмоқда. Бу ҳақда Wiadomosci ze swiata нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Украинадан ҳарбий хизмат ўташи мумкин бўлган ёшдаги шахсларнинг четга чиқарилмаётгани ортидан ҳосил йиғим-теримида ишчи кучи етишмаяпти. Бунинг ортидан ҳосил нобуд бўлмоқда.

“Ишчилар етишмаяпти. Энг аввало юк машинаси ва трактор ҳайдаш, ўғит сочиш каби оғир ишларни ўз зиммасига оладиган эркаклар етишмаяпти”,-деди депутат.

Унга кўра, кўпчилик фермерлар мева-чевалар чириб кетаётганидан, истеъмолчилар эса нархнинг қимматлаётганидан шикоят қилмоқдалар. Шунинг учун поляклар ўзбекистонлик мигрантларни ишга жалб қилиш масаласини ўрганмоқда.

“Бугунги кунда тўрт миллиондан ортиқ ўзбек Россиядаги инқироз оқибатида ватанига қайтди. Улар ҳозир ишсиз ва Польшага келишга тайёр”, -деди Мирослав Малишевский.

Эрон ядровий шартнома юзасидан музокаралар қайта тикланишини билдирди

Эрондаги Бушеҳр атом электр станцияси.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги ядровий шартнома юзасидан музокараларни қайта жонлантириш учун Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррел 24 июнь куни кечқурун Теҳронга келишини маълум қилди.

“Эрон ва Европа Иттифоқи ўртасида ўтказилаётган музокараларнинг давоми ўлароқ мазкур сафар доирасида икки томонлама муносабатлар, минтақавий ва халқаро масалалар, санкцияларни бекор қилиш масаласи муҳокама этилади”,-деди Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Саид Хатибзода.

2015 йилда Эрон олти йирик давлат – Хитой, Россия, Германия, Франция, АҚШ ва Британия билан ўзаро ядровий шартномани имзолаган эди. Шартномада Эрон ядровий лойиҳасининг бир қисмини тўхтатиши эвазига унга нисбатан жорий этилган санкцияларни босқичма-босқич олиб ташлаш назарда тутилган.

2018 йилда АҚШ Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқариш лойиҳасини давом эттираётганини билдириб, шартномадан чиққан. Натижада санкциялар қайта жорий этила бошланган. Эрон бунинг ортидан шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортган.

Шартномани қайта тиклаш бўйича музокаралар ўтган йилнинг апрелида бошланган. Аммо томонлар якуний келишувга эриша олмагани учун музокаралар тўхтаб қолган эди.

Афғонистонда зилзила қурбонлари сони 1150 кишига етди

Зилзиладан 10 минг турар жой биноси вайрон бўлган.

Толибон ҳукумати Афғонистондаги сўнги ер қимирлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1150 кишига етганини билдирди. 1600 га яқин киши эса жароҳатланган. Айни пайтда қидирув-қутқарув ишлари якунланмоқда.

Дастлаб 22 июнда Пактика ва Хўст вилоятларида юз берган зилзилада 255 киши ҳалок бўлгани, кейинроқ эса уларнинг сони 920 кишига етгани айтилган эди.

Толибон ҳукуматининг табиий офатларни олдини олиш агентлиги директори Муҳаммад Насим Ҳаққоний зилзиладан 10 минг турар жой биноси вайрон бўлганини маълум қилди. Ҳаққоний Озодликнинг афғон хизматига кўрилган зарар миқдорини аниқлаш ва жабрланганларга дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотларни етказиб бериш имконияти чекланганини билдирди.

Толибон раҳбари Ҳайбатулла Охунзода зилзиладан сўнг берган баёнотида халқаро ҳамжамиятни ва гуманитар ташкилотларни “улкан фожеага учраган афғон халқи билан бирдам бўлиш”га чақирди.

Афғонистонда 22 июнда юз берган 6,1 магнитудали ер қимирлаши Ўзбекистоннинг ҳам тўрт вилоятида сезилган. ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг маркази маълумотига кўра, зилзила кучи Сурхондарё вилоятида 3 балл, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 2 баллни ташкил этган.

Ўшда оғир юк автомашинаси ағдарилиши оқибатида 6 киши ҳалок бўлди (ВИДЕО)

Ағдарилган юк машинаси кўмир олиб кетаётган эди.

Ўш вилоятининг Қорасув туманида HOWO оғир юк ташувчи машинаси ағдарилиши оқибатида олти киши ҳалок бўлди. Расман билдирилишича, машина икки аёл, уч нафар қизалоқ ва бир чақалоқни босиб қолган. Улар воқеа жойида ҳалок бўлган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, воқеа Наримон Янги маҳалла қишлоғининг Қосимбеков кўчасида юз берган. Ҳозирда бу ерда қутқарувчилар ва милиция ишламоқда. Ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланмоқда.

Қирғизистонда сўнги бир ҳафта ичида юк машиналари билан боғлиқ бир нечта авария содир бўлди. 22 июнда Бишкек-Ўш йўлида бензин ташувчи машина ёниб кетган ва унинг ҳайдовчиси ҳалок бўлган. 23 июнда эcа мазкур трассада Volvo юк ташувчи машинаси Lexus-470 автомашинаси билан тўқнашгани оқибатида икки киши нобуд бўлган.

Қирғиз деҳқонлари Ўзбекистондан тарвуз импортини камайтиришни талаб қилмоқда

Қирғизистонга Ўзбекистондан олиб кирилаётган тарвузнинг сифати текширилади ва импорт назоратга олинади. Бу ҳақда Қирғизистон президентининг Жалолобод вилоятидаги ваколатхонаси расмийси Ирисбек Изабеков маълум қилди.

Унга кўра, бугундан бошлаб “Дўстлик” чегара назорат ўтказиш пунктидаги Ветеринар ва фитосанитар хизмати бу вазифани бажаришга киришди.

“Деҳқонлар ўзлари етиштирган тарвуз нархининг арзонлаб кетганидан норози бўлишмоқда. Улар жорий йилда дизел ёқилғиси ва ўғитлар қимматлагани ортидан етиштирган маҳсулотлари ўзини оқламаётганидан норози. Шунинг учун улар Ўзбекистондан олиб кирилаётган тарвузларнинг сифатини текширишни, импортни чеклашни талаб қилишди”, деди Изабеков.

23 июнь куни Жалолобод вилояти Ахси туманида уч юзга яқин деҳқон норозилик митингига чиққан ва Ўзбекистондан тарвуз импортини чеклашни талаб қилганди. Деҳқонларга кўра, Ўзбекистондан тарвуз импорт қилиниши оқибатида маҳаллий деҳқонлар етиштирган тарвуз нархи арзонлаб кетган. Деҳқонларга кўра, ҳозирда тарвузнинг бир килоси 20 сўмдан сотилмоқда.

ЕКПА Малайзиянинг “Боинг” учоғи Россия ракетаси билан уриб туширилганини “энг ишонарли сценарий” деб атади

Донецк осмонида уриб туширилган Boeing 777 учоғи парчалари, 2014 йил 17 июли

Европа кенгаши Парламент ассамблеяси (ЕКПА) “Боинг” МН17 Украина осмонида Россиянинг “Бук” комплексидан отилган ракета билан уриб туширилганини “энг ишонарли сценарий” деб атади. Бу ҳақда ассамблея сайтида маълум қилинган.

Ассамблея тегишли резолюцияни бир овоздан қабул қилган. ЕКПА вакиллари “Россия ҳукуматининг учоқ ҳалокатига доир ёлғон-яшиқларидан лол қолишган”ини урғулашган.

“Россия ҳукумати тергов органларига ишонарли маълумотлар тақдим этиш ўрнига ялғон-яшиқ тарқатиб, жумладан, ҳодисани терс талқин қилиб, терговни қасддан чалғитмоқда. Эълон қилинган разведка маълумотлари ва қатор ҳисоботга кўра, Россия ҳукумати ҳақиқатни яшириш мақсадида радарлар, сунъий йўлдошлар ва бошқа манбаларнинг маълумотларини сохталаштиришдан ҳам тап тортган эмас”, дейилган резолюцияда.

ЕКПА Малайзия авиаширкатига қарашли учоқ Украинанинг Су-25 ёки МиГ-29 қирувчи учоқлари томонидан уриб туширилгани ёки “Боинг” МН17 Украина назоратидаги ҳудуддан “Бук” ракетаси ёрдамида урилганига доир тахминларни “тамомила рад этган”.

Ассамблея Россияни тергов билан ҳамкорлик қилишга ва қурбонларнинг яқинларидан кечирим сўрашга чақирган.

Малайзиянинг МН17 рейси билан учаётган “Боинг” учоғи 2014 йил ёзида Украинанинг Донецк вилоятида уриб туширилган эди. Ҳалокат натижасида 298 киши – 17 та давлат фуқаролари қурбон бўлган. Халқаро тергов гуруҳи учоқ “ДХР” айирмачилари назоратида бўлган ҳудуддаги “Бук” қурилмасидан отилган ракета билан уриб туширилгани, қурилманинг ўзи эса Россиянинг Курск вилоятида жойлашган 53-зенит-ракета бригадасига тегишли бўлгани ҳақида хулоса берган. Тергов хулосасича, “Бук” учоқ уриб туширилишидан олдинроқ Курскдан “ДХР” назоратидаги ҳудудга кўчирилган.

“Путиннинг дала ҳовлиси”дан қиймати 345 минг еврога тенг пиво заводи топилди

Владимир Путин Петербургдаги иқтисодий форумда, 2022 йил 17 июни

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш халқаро маркази (OCCRP) ва Британиянинг Guardian нашри Ладога кўли бўйидаги “Путиннинг дала ҳовлиси”га доир маълумотларни очиқлади.

Айтилишича, “дала ҳовли”да Австрия ускуналари билан жиҳозланган 345 минг евролик пиво заводи, ҳужжатларда “омборхона” деб қайд этилган ва 187 миллион рублга қурилган “футуристик услубдаги улкан мажмуа” мавжуд.

Журналистлар материални ёзишда ўз тасарруфларидаги қурилиш ҳисоботларидан олинган маълумотларга таянганлар.

Бундан ташқари, улардаги маълумотга кўра, ўтган йили “Путиннинг дала ҳовлиси”да қўшқаватли “чорбоғ” қурилиши бошланган. Бино яримқимматбаҳо тошлардан кўтарилгани, ерга мармар ётқизилгани айтилмоқда.

Дала ҳовли ҳудудида, шунингдек, чорвачилик фермаси ҳам бўлиб, унда мармари гўшт олиш учун вагю зотли буқалар етиштирилмоқда.

“Путиннинг дала ҳовлиси” ҳақида илк бор 2016 йилда “Дождь” телеканали хабар қилган. Журналистларга кўра, Карелияда, Ладога кўли соҳилида жойлашган мазкур объект Россия президенти билан жуда яқин тадбиркорлар – ака-ука Ковальчукларга қарашли ҳудудда қурилган.

ТИВ: Украина визасини Россиянинг саккизта шаҳрида расмийлаштириш мумкин

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россия фуқаролари украин визасини Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Калининград, Қозон, Новосибирск, Ростов ва Самара шаҳарларидаги VFS Global ширкати виза марказлари орқали расмийлаштиришлари мумкинлиги ҳақида маълумот тарқатди.

ТИВ қайдича, мазкур шаҳарларда топширилган ҳужжатлар Украинанинг учинчи мамлакатлардаги дипломатик муассасалари ходимлари томонидан кўриб чиқилади. Хорижда яшовчи россияликлар эса визани ўзлари яшаётган мамлакатдаги Украина элчихонасида расмийлаштиришлари мумкин.

Хабарномада виза олиш билан Россия фуқаросига чегарадан ўтиш ва Украина ҳудудига кириш кафолатланмаслиги урғуланган. Чегарадан ўтказиш-ўтказмаслик қарори ҳар бир ҳолатда Украина Давлат чегара хизмати ходимлари томонидан алоҳида қабул қилинади.

Россия фуқаролари учун Украинага киришда виза тартиби 2022 йил 1 июлидан кучга киради. Россияликлар учун виза режимини жорий қилишга оид жамоатчилик ташаббуси Москва итоатидаги кучлар Украинага бостириб киргани ортидан кўтарилган ва май ойида президент Зеленский томонидан маъқулланган эди.

Туркиядан бошпана топган туркман ватандошлари собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедовни судга берди

Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўз ўрнини ўғли Сердарга топшириб кетган.

Туркиядан бошпана топган Туркманистон ватандошлари собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов ва ҳукуматнинг қатор амалдорлари устидан судга шикоят аризаси киритди. Улар собиқ президентни ва амалдорларни инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузишда айбламоқда.

Туркман ватандошлари гуруҳининг адвокати Гулден Сўнмез интернетда эълон қилган видеосида ариза 21 июнь куни Истанбул судига топширилганини маълум қилди.

Бердимуҳамедов билан бир қаторда, судга киритилган аризада Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва ички ишлар вазири Муҳаммад Хидиров ҳам қайд этилган.

Адвокат Сўнмезнинг айтишича, туркманлар гуруҳи бу амалдорларни инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузишда, жумладан, “ноқонуний равишда қамоққа олиш, суд ҳукмисиз қатл қилиш, қамоқларда қийноқларга солиш”да айбламоқда.

“Биз аризага Туркманистондаги қамоқларда ҳалок бўлган, туркман ҳукумати томонидан турли таъқибларга учраган шахсларга оид кўплаб фотосуратлар, ҳужжатлар ва исм-шарифларни илова қилдик. Бундан ташқари Туркияда яшаб, Туркманистоннинг консулхоналаридан паспорт, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ гувоҳномасини ололмаётган шахсларнинг аризалари ҳам илова қилинган”,- деди адовкат.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG