Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:55

“Иваново ўзбеклари” тақдири 5 мартда ҳал этилади


Россия қонунларига зид равишда қарийб 20 ойдан буён Ивановодаги вақтинчалик ҳибсда сақлаш изоляторида қамоқда ўтирган бир гуруҳ ўзбекларнинг иши 5 март куни яна судда кўриб чиқилади.

“Иваново ўзбеклари” номини олган 13 кишилик бу қочқинлар гуруҳи Ўзбекистон ҳукумати томонидан Андижондаги ғалаёнга алоқадорликда айбланмоқда ва улар айнан Ўзбекистон талаби билан ҳибсга олинган.

Россиядаги ҳуқуқ ҳимоячилари Иваново ўзбекларини тергов изоляторида сақлаш муддати ўтган йилнинг декабрь ойида тугагани ва уларни ортиқча ушлаб ўтириш қонунга зидлигини таъкидламоқда. Ўзбекистон ҳукумати эса Россиядан бу қочқинлари зудлик билан ўзига топширишни сўраяпти.

Россия Олий суди уларни Ўзбекистон қўлига топшириш ҳақида аллақачон ҳукм чиқарган. Аммо бу ишга Страсбургдаги Европа инсон ҳуқуқлари суди аралашиб, Россия ҳукуматидан “Иваново ўзбеклари” қарийб 20 ойдан буён ноқонуний равишда ҳибсда сақланаётганига изоҳ сўради ва эстрадицияни вақтинча тўхтатиб қўйди.

Страсбург суди ўзбекистонлик қочқинлар ўз ватанига қайтарилган тақдирда қийноққа солиниши ёки адолатсиз суд орқали узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этилишидан хавотир билдирмоқда.

“Иваново ўзбеклари” адвокати Ирина Соколова ўз ҳимоясидаги шахсларнинг қачон қўйиб юборилишини билмаслиги, чунки уларнинг иши Европа судида кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

“Европа суди ўзбек қочқинларини расмий Тошкент қўлига топшириш қарорини чиқарган Россия ҳукуматига беш савол билан мурожат қилган. Бу саволларга Россия томони 2007 йил 6 мартга қадар жавоб бериши керак. Аммо Европа суди Россияга бу муддатга қадар “Иваново ўзбеклари” ишини муросали ҳал этишни таклиф қилмоқда. Россия қонунчилигида мамлакатдан чиқариладиган одамларни тергов изоляторида сақлаш муддатининг аниқ механизм ва меъëрлари мавжуд эмас. Шунингдек, тергов изоляторида сақланаëтганларнинг эътироз билдириш механизми ҳам кўзда тутилмаган”, - деди И.Соколова.

У кўп ойлардан буён ҳибсда ўтирган қочқинлардан аксариятининг соғлиғи ёмонлашганини маълум қилди.

“Масалан, Сатторбек Умархўжаев сил касаллигига мубтало бўлган. У ердаги тиббий хизмат ходимлари эса ўз дафтарларига ўзбекларнинг аҳволи яхши эканини ëзади”, - деди адвокат.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходимаси Елена Рябининанинг таъкидлашича, ўзбекистонлик қочқинлар тергов изоляторида қанча кўп сақланса, Россия ҳукумати Страсбург суди талаблари ва Россия қонунчилигини шунчалик кўп бузади.

“Россия қонунчилигига биноан улар аллақачон озодликка чиқарилиши керак эди. Жиноят-процессуал кодекснинг ҳибсда сақлашга оид моддаси қўпол равишда бузилган. Мазкур моддага кўра, 18 ойдан ортиқ ҳибсда ушлаш мумкин эмас. Иваново ўзбеклари” билан боғлиқ қонунбузарлик кўпайганидан кўпайиб бормоқда”, - дейди Елена Рябинина.

Андижон воқеалари чоғида Ўзбекистон ҳудудида умуман бўлмаган бу фуқароларни расмий Тошкент ғалаён ташкилотчиларига молиявий ёрдам кўрсатганликда айбламоқда. Аммо Москвада яшаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроев “Иваново ўзбеклари” ишида сиëсий сабаблардан ўзга сабаб йўқлигини айтади.

“Улар бирор жиноятга қўл урмаган. Уларнинг жиноят содир этгани ҳақида на Ўзбекистон, на Россия ҳукумати далиллар келтирмаган. Бу ишлар Россиянинг Ўзбекистонга берган ваъдасини амалга ошириш мақсадида қилиняпти, деб ўйлайман”, - деди Баҳром Ҳамроев.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистон ҳукумати билан илиқ муносабатларга эга Россия расмий Тошкент талабларини ерда қолдирмасликка интилмоқда. Масалан, Ўзбекистон талаби билан Россияда ҳибсга олинган қочқин ўзбек Рустам Мўминов бир муддат аввал ўз юртига экстрадиция қилинганди. Страсбург суди назарига тушган “Иваново ўзбеклари” тақдири жамоатчилик эътиборида қолаëтган бўлса-да, уларнинг Ўзбекистонга топширилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
XS
SM
MD
LG