Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:07

Тожикистон ГЭСлари Ўзбекистонни сувдан маҳрум қилади...ми?


Тожикистон гидроэлектрстанциялар қуришни ўз иқтисодиётини ривожлантиришнинг энг асосий омили сифатида кўраётгани Марказий Осиёдаги бошқа давлатларнинг сув таъминотини жиддий таҳдид остига қолдирмоқда.

Марказий Осиёнинг икки асосий сув манбаи – Сирдарё ва Амударё ирмоқлари Помир ва Тяншан тоғларидан, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудидан бошланади. Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан кўра табиий захиралардан анча сиқилиб қолган бу мамлакатлар сувни олди-берди қилинадиган товар сифатида кўришни хоҳлаётгани бугун кўпчиликка сир эмас. Тожикистоннинг ГЭСлар тармоғини яратиш режаси эса Амударё ва Сирдарё ҳавзасидаги қўшни давлатларни янада кўпроқ ўйлантириб қўйди. Чунки агар Тожикистон режадаги 14 та ГЭСни қуриб ишга туширса, минтақа учун сув муаммоси янада кескинлашади.

Кузатувчилар фикрича, бундай лойиҳаларни амалга оширишда қўшни давлатлар манфаатлари ҳам инобатга олиши керак. 1992 ва 1998 йилларда қабул қилинган Сув ҳуқуқлари халқаро конвенцияси айнан шуни талаб қилади. Қолаверса, сув танқислиги Марказий Осиë учун ҳозирча ечими топилмаëтган асосий мауммолардан биридир. Бу муаммони янада кескинлаштириш эса башорат қилиш мушкул бўлган оқибатларга олиб келиши мумкин.

“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси ходими Нодирбек Юсупов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу йил ëғингарчилик кам бўлгани сув муаммосини янада долзарблаштирганини таъкидлади.

“Бу йил ёғингарчилик кам бўлди. Қўшни давлатлар кўп йиллик сув захираларига эга. Улар сувни бемалол тўплаб, истаган пайтда чиқаради ва истамаган пайтда чиқармайди. Собиқ иттифоқ пайтида улар суғориш мавсумида сув берарди, ҳозир эса вазият умуман бошқача. Бундан ташқари, бизга керак бўлмаган пайтда улар сув омборларидан сувни чиқариб юборяпти”, - дейди Н.Юсупов.

Кузатувчилар Фарғона водийсининг сув таъминотини яхшилаш ечими Тожикистон билан келишишда эканини айтади. Чунки бунинг бошқа муқобил йўли йўқ. Гарчи сўнгги 15 йил ичида икки қўшни давлат раҳбарлари ўртасида сув хўжалиги объектлари қурилиши борасида кўплаб музокаралар ўтган бўлса-да, уларнинг бирортаси ҳам самара бермаган.

Сув борасидаги ўзаро келишув иқтиқболи қоронғу бўлиб қолаëтган бундай шароитда Ўзбекистон сув таъминотини яхшилаш устида иш бошлади.

“Ўзбекистон ҳудудининг яна қаерида ГЭСлар қуриш мумкинлиги ўрганиб чиқиляпти. Ҳозир беш йиллик дастур бўйича институтларга топшириқ берганмиз, улар бу масалани ўрганиб, кейин бизга таклифларини айтади”, - дейди “Ўзбекэнерго” ходими Н.Юсупов.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда Ўзбекистонда сув танқислиги муаммосини ҳал қилиш учун қўшни давлатлар билан келишиб ишлаш зарур. Айниқса, суғориш мавсумида сувда узилиш бўлмаслиги учун ўзаро келишишдан бошқа йўл йўқ.

Марказий Осиë давлатлари сув таъминоти борасида бир-бири билан келиша олмаётганига эса анча йиллар бўлиб қолди. Кузатувчилар бу масалага сиëсий тус бериш тўхтатилган тақдирдагина музокараларда ижобий ўзгариш сезилишини таъкидламоқда. Қўшнилар келишувга эришгунча эса ери ва экини сувсизликдан қовжирайдиган яна оддий деҳқон бўлиб қолаверади.
XS
SM
MD
LG