Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:39

Эронда қатағонлар кучаймоқда


Сўнгги бир неча ҳафта мобайнида Эронда иш ҳақининг камлигидан норозилик билдириб кўчаларга чиққан ўнлаб талаба ва ўқитувчи ҳибсга олинди. Кейинроқ уларнинг айримлари озод этилди.

Эрон ахборот агентликларининг билдиришича, ўқитувчиларнинг ҳибсга олиниши айрим ҳудудлардаги мактабларнинг ёпилишига сабаб бўлмоқда.

Кузатувчилар Эрон ҳукуматининг бундай ҳаракати танқидга чидай олмаëтганидан дарак бераётганини айтаётир.

Эрон ҳукуматининг мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволига нисбатан муносабати ҳуқуқ фаоллари томонидан доим танқид қилинади. Мамлакат сиëсий режимга қарши журналист ва ҳуқуқ фаоллари учун энг катта қамоқхона ҳисобланган. Ўз ҳуқуқларини талаб қилиб намойишга чиққан аëллар, талабалар ва ўқитувчиларнинг қамоққа олиниши эса энди Эронда янги қатағонлар тўлқини бошланганидан дарак беради.

“Ҳукумат ўзини таҳдид остида ҳис қилмоқда, шунинг учун қатағонларни кучайтирган. Расмийлар фикрича, шундай йўл билан одамлар овозини ўчириш мумкин. Бошқа томондан эса ижтимоий гуруҳлар сукут сақлаш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини тушуниб етган. Шунинг сабабли намойишлар кучайган”, - дейди эронлик талабаларнинг собиқ етакчиларидан бири, айни пайтда муҳожиратда яшаётган Али Афшарий.

Сўнгги ҳафталар ичида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлган ўн аëл ҳам расмийлар томонидан қўлга олиниб, озодликдан маҳрум этилди.

Шу ой бошида эса расмийлар аëллар ҳуқуқларини чеклаш ҳақидаги қонунга ўзгартиш киритиш талаби билан чиққан беш аëлни ҳибсга олган эди.

Уларнинг ҳибсга олинганига норозилик билдириб, Теҳрондаги Олий суд биноси олдига йиғилган ўттизга яқин аëл ҳам кейинчалик ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинганди.

Ҳукуматнинг талабаларга нисбатан босими ҳам кучайган. Уларнинг бир нечтаси Маҳмуд Аҳмадийнажот сиëсатига қаршилик билдиргани учун университетлардан ҳайдалган.

15 апрель куни эса Эрон шимолидаги Мозандарон вилоятида талабаларнинг 15 фаоли ҳибсга олинди ва номаълум томонга олиб кетилди.

Фаоллар ҳибсга олинишидан бир кун аввал Мозандарон универститети талабалари ўз фаоли Бижан Сабоҳнинг ҳибсга олинишига қарши норозилик намойиши ўтказган эди.

Эрон талабалар уюшмаси Мозандарон вилоятидаги воқеалардан ташвиш билдириб, Теҳрон расмийларини ҳибсга олинган барча талабаларни озод этишга чақирган.

7 апрель куни ҳам 40дан ортиқ ўқитувчи Ҳамадон шаҳрида ҳибсга олинган ва дарҳол қўйиб юборилган эди.

Эронда юз бераëтган бу каби воқеалар халқаро жамоатчиликни жиддий хавотирга солмоқда.


Ўзининг сиëсий фаолияти учун қамалиб чиққан Али Афшарий расмийларнинг бундай ҳаракати самара бермаëтганини айтади.

“Аëллар ўзининг калтакланишини била туриб суд биноси олдида норозилик намойишини ўтказишга чиқаëтганини кўриб турибсиз. Аммо уларга барибир. Чунки улар овозлари эшитилишини истайди. Талабалар ҳам норозилик намойишида қатнашса, жазоланишини билади. Аммо улар курашда давом этмоқда. Бу эса расмийларнинг репрессив сиëсати иш бермаëтганини кўрсатади. Аксинча улар намойишларнинг кенг тарқалиб кетишига сабабчи бўлмоқда”, - дейди Али Афшарий.
XS
SM
MD
LG