Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:46

Жорж Буш Қирғизистонни демократик давлатлар қаторига қўшди


АҚШ президенти Жорж Буш бир неча кун илгари Прага ўтказилган анжуманда Қирғизистонни Украина ва Грузия билан бир қаторда янги демократик мамлакатлар сифатида тилга олди.

Жорж Бушнинг бу баёнотидан сўнг Қирғизистон жамоатчилиги ўртасида: “Қирғизистон ҳақиқатан ҳам демократик давлатлар сафига қўшилдими”, - деган мавзуда баҳслар қизиди.

Қирғизистон жамоатчилиги ўз давлатининг Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга нисбатан анча демкоратик эканига ишонади. Улар халқ ҳокимиятга таъсир ўтказа олиш салоҳиятига эгалигини айтади.

Кўпгина сиёсатчилар эса ҳозир Қирғизистонда демократиядан кўра кўпроқ бетартиблик ҳукмрон, деган фикрда. “Ислоҳотлар учун” мухолифат ҳаракати раҳбари Умурбек Текебоев шулардан бири.

“Бугунги кунда Қирғизистонда тартибнинг йўқлиги, албатта, бизни қаноатлантирмайди. Бироқ шунга қарамай, мен мамлакатдаги жараёнларни демократик, деб атай оламан. Мана шу демократик жараёнлар қатъий интизом ва қонун билан уйғунлашганида эди, Қирғизистон аллақачон демократия тантана қилган давлатлар сафига қўшилган бўлар эди”, - деди Умурбек Текебоев.

Апрель ойида Бишкекда ўтган мухолифат митингининг милиция томонидан тарқатилиши маҳаллий сиёсатчилар ва нодавлат ташкилотлари томонидан демократиядан чекиниш сифатида баҳоланган эди. Аммо АҚШ президенти Қирғизистонни янги демократик мамлакатлар қаторида қайд этгани “Қирғизистон демократиядан чекинаётгани” ҳақида жар солган нодавлат ташкилотлар томонидан ҳам илиқ кутиб олинди.

“Бу журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсий лидерларнинг кўп йиллик меҳнатига берилган баҳо, деб ҳисоблайман. АҚШ каби буюк давлатлар томонидан фуқаролик жамияти меҳнатининг тан олиниши жуда катта воқеадир”, - деди “Фуқаролик жамияти коррупцияга қарши” бирлашмаси раҳбари Толехон Исмоилова.

Айрим сиёсий партиялар раҳбарлари Қирғизистонда демократик тамойиллар шаклланишига энг катта ҳисса қўшган давлат сифатида АҚШни эътироф этади. Уларнинг фикрича, АҚШ томонидан нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти қўллаб-қувватланмаганида эди, Қирғизистон демократияси заифлигича қолиб кетган бўларди.

“АҚШ Қирғизистон демократиясини ривожлантириш учун жуда катта ҳисса қўшмоқда. ЮСАИД, Сорос жамғармаси, Миллий демократия институти каби тузилмалар орқали маҳаллий бошқарув, фуқаролик жамияти қўллаб-қувватланди ва Қирғизистонда ўта кучли фуқаролик жамияти пайдо бўлди. Мен шу ўринда “Озодлик” радиосининг ҳам демократияни шакллантиришдаги буюк ҳиссасини эътироф этган бўлардим”, - деди “Эркинлик” партияси раҳбари Тўпчибек Турғуналиев.

Бироқ “Қилим шами” нодавлат ташкилоти раисаси Азиза Абдурасулова Қирғизистонда демократия шаклланишида АҚШнинг таъсири катта, деган фикрларга қўшилмаслигини айтди ва қирғиз халқи қонига эркинлик туйғуси она сути билан бирга кирганини таъкидлади.

“Халқимиз қонида, урф-одатларида демократик тамойиллар мавжуд. Шунинг учун қирғизга демократияни бошқа давлатлар ўргатди, деган гапга қўшилмайман. Тарихимизга назар ташласак, фақат қирғизларгина ўз хонларини сайлаган. Эрлар ва аёлларнинг ҳуқуқлари тенг бўлган. Бундан ташқари, қирғизлар ўз даврида бирор бир мустабидга бўйсунмаган. Шу сабабли қирғиз халқи замонамизда ҳам ўз юртида мустабидлик ҳукм суришига ҳеч қачон йўл бермайди”, - деди Азиза Абдурасулова.
XS
SM
MD
LG