Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:54

Қозоғистон секталарга қарши курашни кучайтиряпти


Қозоғистон ҳукумати ноанъанавий диний ташкилотлар, яъни турли секталарга қарши курашни кун сайин кучайтирмоқда. Бу эса инсон ҳуқуқлари ташкилотларини хавотирга солаётир.

Бундай ташкилотлар “Ҳизб ут-таҳрир” каби жамият учун хавфли ва аҳоли онгини заҳарлаётгани айтилаётган диний оқимлар қаторига қўйиляпти. Қозоғистонда турли секталарга қўшилган кишиларни “хоин”, деб аташ ҳолатлари ҳам учраб туради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки қўмитасининг Олмаота бюроси раҳбари Нинель Фокина Қозоғистоннинг ноанъанавий динларни четлатиш ва унинг аъзолари ҳуқуқларини қўпол равишда бузишини қўшни Ўзбекистондаги сиёсатга менгзайди.

“Агар бундан икки йил аввал биз Ўзбекистон ҳукумати ноанъанавий диний оқимларга нисбатан тутаётган сиёсат томон кетяпмиз, деб бонг урган бўлсак, ҳозир биз бу йўналишда қўшнимизга яқинлашиб қолдик. Фарқ шундаки, Ўзбекистонда диний мотивлар асосида минглаб одам ҳуқуқи бузилиб, озодликдан маҳрум қилинаётган бўлса, Қозоғистонда бундайлар юзлабни ташкил этмоқда. Ноанъанавий динга қарши кенг тарғибот, бундай ташкилотларни бесабаб рўйхатдан ўтказмаслик, уларнинг миссионерлик фаолиятларига тўсиқ қўйиш, уйларини вайрон қилиб, юзлаб инсонларни ёш болалари билан кўчада қолдириш тез-тез учраб турибди”, - деди Н.Фокина.

Қозоғистонда расман рўйхатдан ўтган евангелея насронийлари черкови миссионери Максим мамлакатда диний оқимларга муносабат Ўзбекистондагига нисбатан яхши эканини айтади.

“Ўзбекистонда, жумладан, Тошкентда диний оқимларга муносабат биздаги вазиятга нисбатан бирмунча жиддий. Биз Қозоғистон президенти ва ҳукуматидан евангелея черковига билдираётган ишончи учун миннатдормиз”, - деди Максим.

Кўпгина секталар дуч келаётган муаммолар одатда мамлакатдан ташқарига овоза бўлмаётган эса-да, Кришнани англаш жамияти бошига тушган кўргуликлар дунёга ошкор бўлди.

Бу жамият Адлия вазирлиги ҳузуридаги Диний ташкилотларни назорат қилиш қўмитасидан расман рўйхатдан ўтган. Шунга қарамай, айни пайтда бу жамият ва унинг аъзолари қаттиқ сиқувга олинган. Бу ҳақда маҳаллий матбуот ҳам кўп марта чиқиш қилди. Ҳатто халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, АҚШ ва Буюк Британиянинг Қозоғистондаги элчихоналари ҳам Кришна тарафдорларининг ҳуқуқи бузилаётгани масаласида ҳукумат ва давлат раҳбарига мурожаат қилган.

“Шунга қарамай, мамлакатда кришнаитларга ҳукумат томонидан асоссиз босим ўтказилиши ҳали ҳамон давом этяпти, - дейди Кришнани англаш жамияти матбуот котиби Максим Варфоломеев. - Жамиятимизни ноанъанавий диний ташкилотлар сафига қўшишган. Гарчи ҳукумат жамиятимизни рўйхатдан ўтказиб, уни расман тан олган бўлса-да, амалда аъзоларимизни таъқиб қилиш, уйларини бузиш ҳолатлари мавжуд. Куни-кеча бир автобус одам черковимиз ёнига келиб, кришнаитлар, қозоқ еридан жўнанг, сизнинг жойингиз Ҳиндистонда, деган чақириқлар билан намойиш ўтказди. Аслида бу намойиш Диний ташкилотларни назорат қилиш қўмитаси томонидан ташкил этилгани аниқланди”.

Қозоғистон 2009 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раислигини қўлга киритишга даъвогарлик қилмоқда. Аммо Нинель Фокина ҳукуматнинг диний ташкилотларга ҳозирги муносабати мамлакатнинг ЕХҲТ билан боғлаётган умидларини чилпарчин қилишини айтади.

“Халқаро ҳамжамият сўз эркинлигига қўйилаётган тўсиқлар, ҳаттоки сиёсий маҳбуслар омилига кўз юмиб кетиши мумкин. Аммо диний эркинликлар бўйича йўл қўйилаётган қонунбузарликлар учун жавоб бериш керак”, - дейди Нинель Фокина.
XS
SM
MD
LG