Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:21

Тожик қочқинлари ҳозирча юртга қайтмоқчи эмас


Тожикистондаги фуқаролар уруши йилларида ватанини тарк этганлардан бир қисми айни пайтда Қозоғистонда яшамоқда. Аммо уларнинг аксарияти ҳозирча ўз юртига қайтишни режалаштираётгани йўқ.

Тожикистонда миллий ярашув битими имзоланганига ўн йил тўлиши муносабати билан “Озодлик” мухбири бугунги кунда Қозоғистонда яшаётган тожик қочқинларининг айримлари билан суҳбатлашди.

Фарида опа Тожикистондаги фуқаролар уруши вақтида ватанини тарк этиб, Олмаотага келиб яшаётганига кўп йиллар бўлди. Суҳбат аввалида у бундан 10 йил илгари якун топган урушнинг даҳшатларини хотирлади.

“Ўша вақтда шаҳарда, асосан, аёллар қолган эди. Чунки эркакларни сўраб-суриштирмай отиб кетишаверарди. Қуролли аскарлар ҳам, фуқаро кийимидагилар ҳам дуч келган эшик-деразага қараб ўқ отаверарди. Биз тунги 3-4 ларда нон қидириб чиқиб кетардик. Кундузи 1-2 ларда бир ёки икки нон билан қайтиб келардик”, - дейди Фотима опа.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда беш йил давом этган фуқаролар урушида 70 минг киши қурбон бўлган.

Қурбонлар орасида Фотима опанинг яқинлари ҳам бор.

“Холамнинг ўғли дўконда ишларди. Кечаси уни уйидан олиб кетишиб, каналга олиб бориб отиб ташлашган. Ўлигини эрталаб топдик. Бунақа ишлар кўп бўлган. Ким яхши ишда бўлса, уддабурон бўлса, ўшалар йўқ қилинарди. Буни ким қилган, ҳали ҳам билмаймиз”, - дейди Фотима опа.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистондаги иқтисодий аҳвол барқарор эмаслиги оиласини ҳали ҳам Олмаотада ушлаб турибди.

“Яқинда юртимга бориб келдим. Яшаш шароити аввалгидай. Ўқитувчилар, докторлар яшаш шароитидан нолийди. Берган ойлик етишмайди. Агар эркаклар четга кетиб ишлаб келмаса, яшаш ниҳоятда оғир”, - дейди аёл.

1992 йилда бошланган 5 йиллик уруш Тахминанинг ҳаётида ҳам кескин ўзгаришларга сабаб бўлган.

Тахминанинг айтишича, уруш бошланганда у 7-синфда ўқиган. Ўшанда у шахмат бўйича шаҳар чемпиони эди.

“Устозимнинг мен билан боғлиқ улкан орзулари бор эди. Мен шахмат бўйича жаҳон чемпионатларига йўлланмани қўлга киритгандим. Агар Тожикистондаги фуқаролар уруши, ўша тартибсизликлар ва қон тўкишлар бўлмаганида эди, мен Германия, Руминия ва Эронда ўтказилиши режалаштирилган ўсмирлар ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпионатларида Тожикистон шарафини ҳимоя қила олардим”, - дейди Тахмина.

Бугун Тожикистонда тинчлик бўлса-да, Тахмина ҳозирча ватанига қайтиб кетмоқчи эмас.

“Тожикистон иқтисоди Қозоғистонникидан ортда қолмоқда. Одамлар маошини ололмай қийналиб юрганини эшитиб, кайфиятим тушиб кетади. Вақти келиб Тожикистондаги иқтисодий аҳвол яхшиланса, қайтармиз, деган умидим йўқ эмас”, - деди Тахмина.
XS
SM
MD
LG