Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 09:13

Ўлим жазоси кимга маъқул, кимга номаъқул


Ўзбекистон Сенати мамлакатда ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан бу ҳақда қонунчиликка киритилган қўшимчаларни маъқуллади. Бу қонун 2008 йилнинг биринчи январидан кучга киради.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил кузатувчилар Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилинишини анча йиллардан буён талаб қилиб келади.

Жамиятшунос Комилжон Орипов ҳар қандай жамиятда ҳам ўлим жазосининг бекор қилиниши фуқароларга мурувват эканини таъкидлайди.

“Албатта, одамлар ваҳшиёна жиноятлар содир этган кимсалар нега тирик юриши керак, деган фикрда бўлиши мумкин. Лекин ҳақиқатни англаш зарур. Ҳаммамизнинг жонимиз Аллоҳнинг ихтиёрида. Шунинг учун инсонни ҳаётдан маҳрум этиш банданинг иши эмас. Ҳукуматнинг эса ўлим жазосини бекор қилиши инсонпарварликнинг бир намунасидир”, - дейди К.Орипов.

Ўзбекистондаги “Оналар қийноқлар ва ўлим жазосига қарши” ташкилоти раҳбари Тамара Чикунова бу қонун узоқ йиллардан бери кутилганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Жиноят кодексидан ўлим жазоси олиб ташланиши жуда муҳим. Зеро, Ўзбекистонда шу пайтгача қанча одам қатл этилгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Чунки бу маълумотлар жамоатчиликдан сир тутилади. Ҳатто расмий Тошкент БМТнинг кейинги 15 йил ичида қанча одам қатл этилгани ҳақидаги сўровига ҳам жавоб бермаган.

“Йилига қанча одам қатл этилиши ёпиқ статистика. Фақат қариндошларининг бизга мурожаатидан шу нарсани айта оламанки, бизда Ўзбекистонда 36 киши қатл этилгани ҳақида маълумот бор”, - деди Т.Чикунова.

Ўзбек жамиятида мамлакатда ўлим жазосининг бекор қилинишини қўллаётганлар ҳам, уни қоралаётганлар ҳам топилади.

“Фикримча, бировни ҳаётдан маҳрум этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Лекин шундай ҳолатлар бўладики, одамзод қилган ваҳшийликлари учун қотилга ўлимдан бошқа ҳеч нарса тиламайди. Бундай ҳолатларда ўлим жазоси сақланиши керак, деб ўйлайман”, - дейди тошкентлик Хадича.

Масаланинг бошқа томони ҳам бор, дейди Хадича, Ўзбекистондаги суд тизими ҳали мустақил эмас. Шунинг учун ҳам бегуноҳ одамлар адолатсизлик қурбони бўлиши мумкин. Бундай жамиятларда эса ўлим жазосининг бекор қилингани яхши.

“Мен бегуноҳ одамлар қамоқхоналарга тасодифан тушиб қолгани ҳақида кўп эшитганман. Шунинг учун ҳам судлар мустақил бўлмаган мамлакатларда ўлим жазоси бекор қилингани маъқул. Ҳар ҳолда бегуноҳлар бекорга қатл этилмайди”, - дейди Хадича.

Таниқли уламо Обидхон қори Назаров эса ўлим жазосининг бекор этилишини танқид қилади.

“Ўлим жазосини ислом нуқтаи назаридан бутунлай бекор қилиш мумкин эмас. Модомики ниҳоятда ваҳшийлашган одамлар бор экан, улар учун мана шу жазогина тўсиқ бўла олади”, - деди Обидхон қори.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Ўзбекистон Жиноят кодексида 33 ҳолатда ўлим жазосини кўзда тутувчи моддалар бор эди. Сўнгги йилларда фақат қасддан одам ўлдириш ва терроризм жинояти учун ўлим жазоси сақланиб қолинди. Йил охирига бориб эса бу икки модда ҳам Жиноят кодексидан умуман ўчади. Ўлим жазоси ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли қамоқ жазолари белгиланади.

Шунингдек, янги қонунга мувофиқ аёлларга, балоғат ёшига етмаган болалар ва 60 ёшдан катта бўлган фуқароларга нисбатан умрбод ёки узоқ муддатли қамоқ жазоси қўлланилмайди. Умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилганлар жазони махсус муассасаларда ўтайди. Умрбод қамоққа ҳукм қилинганлар жазо муддатининг 25 йили ўтгандан кейингина авф сўраб мурожаат этиши мумкин.
XS
SM
MD
LG