Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:51

Марказий Осиёда кимнинг таъсири кучли бўлади?


Европа Иттифоқи, Россия ва Хитойнинг Марказий Осиёда фаол сиёсат юритаётгани яқин келажакда минтақада уларнинг қайси бири кучли таъсирга эга бўлади, деган саволни ўртага чиқармоқда.

Кузатувчилар бу мавзу юзасидан фикр юритар экан, турли тахминларни илгари суряпти.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Шарофиддин Тўлаганов фикрича, Ғарб билан Россия ўртасида юзага чиқаётган турли зиддиятлар сўнгги пайтларда кучайиб бораётгани Кремлнинг позициясини тобора кучсизлантирмоқда.

“Россия юритаётган бугунги ташқи сиëсат унинг собиқ шўро тақдирини такрорлашига олиб келиши мумкин. Хитой эса Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида минтақада мамлакатлари билан алоқани яхшилайди”, - дейди Ш.Тўлаганов.

Аммо россиялик мустақил кузатувчи Виталий Портников Россиянинг Марказий Осиëдаги таъсирига таҳдид бор, дейишга асос йўқлигини айтади.

“Мен ҳозир Россиянинг минтақадаги таъсирига таҳдид солаëтган бирор мамлакатни кўрмаяпман. Бунинг сабаби оддий. Биринчидан, Марказий Осиë давлатларида ҳокимият алмашинуви юз бермаяпти. Улар эса у ëки бу тарзда Россиянинг қўллаб-қувватловига муҳтож”, - деди В.Портников.

Москвадаги Карнеги маркази таҳлилчиси Алексей Малашенко Марказий Осиë мамлакатларининг бугунги ташқи сиëсати турлича бўлгани сабабли уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозимлигини айтади.

“Бугун Россиянинг Туркманистондаги таъсири кучайгани ҳақида бемалол гапириш мумкин. Шунингдек, Россия Қирғизистон ва Тожикистондаги ролини кучаймоқда. Қозоғистон билан тенг ҳуқуқли ҳамкорликни йўлга қўйганини ҳам айтса бўлади. Ўзбекистон билан эса, гарчи муносабатлар юқори даражада бўлса-да, уларнинг айни ҳолатда сақланиб қолишига ишонмайман. Гап шундаки, Ўзбекистон ташқи сиëсати анча ўзгарувчан. Шу сабабли мен Ўзбекистон билан АҚШ алоқалари тез орада яхшиланиши эҳтимолдан холи эмас, деб ҳисоблайман. Зеро, АҚШнинг ҳам, Европанинг ҳам Ўзбекистонга нисбатан муносабати илиқлашиб бораëтганини кўришимиз мумкин”,- деди Алексей Малашенко.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон чуқур ислоҳотлар ўтказиши лозим. Расмий Тошкент бу ислоҳотларни ўтказишда ким кўп ëрдам берса, ўша билан яқин бўлади.

“Менимча, тубдан ислоҳотлар ўтказишга ëрдам қиладиган мамлакатларни топиш, хоҳ у АҚШ, хоҳ Европа бўлсин, Ўзбекистон ташқи сиëсатининг муҳим мақсадларидан бири ҳисобланади”,- дейди А.Малашенко.

Кузатувчилар сўзларига кўра, яқин келажакда Марказий Осиëда кимнинг таъсири кучайиши фақат қудратли давлатларгагина эмас, балки ўз ташқи сиëсатини мунтазам ўзгартириб келаëтган минтақа мамлакатларига ҳам боғлиқ.
XS
SM
MD
LG