Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:45

Арслоннинг сўнгги парвози


“Ўзметроном” сайти “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси собиқ раҳбари Арслон Рўзметов Москвада ҳибсга олиниб, қўлларига кишан солинган ҳолда Тошкентга келтирилгани ҳақида ёзди.

Айни пайтда унинг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тергов ҳибсхонасида сақланаётгани айтилмоқда.

Собиқ иттифоқ даврида А.Рўзметов “Аэрофлот”нинг Ўзбекистон бошқармасини, СССР тарқаб кетгандан кейин “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясини узоқ йиллар бошқарган. 2002 йилда авиакомпаниядаги молиявий суиистеъмолликлар учун лавозимидан четлатилган.

“Франкфурт аэропорти менежерлари Ўзбекистоннинг юқори лавозимли мулозимини сотиб олди”, - деб ёзганди 2003 йил ноябрда Германиянинг “Шпигель” журнали “Ўзбекистон ҳаво йўллари”даги қинғирликлар ҳақидаги мақолада.

Ўшанда “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг юқори мулозимлари судга ҳам тортилган ва А.Рўзметов ўша судда гувоҳ сифатида иштирок этганди.

Лавозимидан маҳрум бўлгандан кейин А.Рўзметов Россияга кўчиб, бир муддат “Внуково” аэропортида бош директор вазифасида ишлаган.

Айримлар А.Рўзметовни авиация соҳасида ўз ишининг устаси сифатида эслайди.

Францияда яшаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Надежда Отаева сўзларига кўра, А.Рўзметовнинг сўнгги йилларда Россиядаги фаолияти тижорат билан боғлиқ бўлган. Унинг Ўзбекистонга экстрадицияси коррупциялашган ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яқин алоқадаги бир гуруҳ тадбиркорларнинг манфаати билан боғлиқ.

“А.Рўзметов раҳбарлигида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” илғор авиакомпанияга айланди. Мендаги маълумотларга кўра, А.Рўзметов ҳукуматдаги айрим мансабдорларга маъқул келмай қолгани учун Ўзбеккстонни тарк этишга мажбур бўлган. Ўзбекистонда А.Рўзметов устидан тергов ғайриқонуний ўтиши эҳтимоли бор. Суднинг ўзини эса кузатиб бўлмаслиги аниқ”, - дейди Надежда Отаева.

Авиакомпанияга раҳбарлиги даврида кўплаб ноқонуний молиявий операцияларни амалга оширганликда айбланаётган А.Рўзметов устидан тергов ва суд жараёни узоқ давом этиши кутиляпти.

А.Рўзметов ўз фаолиятидаги ҳар бир кунни яна бир бор эслашга мажбур бўладиганга ўхшайди.
XS
SM
MD
LG