Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:32

Мигрантлар оқими кучайгани маҳаллий аҳолига маъқул келмаслиги мумкин


Қозоғистон миграция қўмитаси жорий йилда мамлакатга келаётган меҳнат муҳожирлари сони ўтган йилгига нисбатан деярли бир ярим баробар ошганини маълум қилди.

Мамлакатга қўшни Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан ўтган йилга нисбатан 41 фоиз кўп меҳнат муҳожири келган. Расмийлар бу давлатлардаги иқтисодий ва сиёсий вазият барқарор эмаслиги ҳамда Россияда меҳнат муҳожирларига нисбатан талаблар кучайиши Қозоғистонга келаётган мигрантлар оқимини янада кўпайтириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Миграция қўмитаси маълумотларига кўра, биргина Олмаота шаҳрининг ўзида меҳнат қилаётган муҳожирлар 6 ой давомида ўз юртига 160 миллион доллар жўнатган, аммо бир тийин солиқ тўламаган. Бу эса мигрантлар оқими кучайишидаги салбий омиллардан биридир.

Аммо баъзи маҳаллий кузатувчилар мигрантлар кўпайишининг салбий оқибатларига қарамай, умуман олганда мамлакат учун фойдали эканини айтмоқда. Аввало, Қозоғистон аҳолиси сони мамлакат ҳудуди жиҳатдан олиб қараганда анча кам, бунинг устига, жуда секин ўсяпти. Бу эса мамлакатнинг тобора юксалаётган иқтисодида бўшлиқ юзага келтиряпти ва маҳаллий ишчи кучи бу бўшлиқни тўла қоплай олмаётир.

Сиёсатшунос Эдуард Полетаев сўзларига кўра, мамлакатда иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт яхшиланаётгани боис, маҳаллий аҳоли катта жисмоний куч талаб этадиган, қора ва малакасиз ишни бажаришга рози эмас. Мигрантлар эса бу бўшлиқни тўлдирмоқда.

“Шу сабабли улар Қозоғистон учун жуда фойдали. Аммо малакали ишчи кучи жалб этиш, уларга қулай меҳнат шароити яратиб бериш учун давлат дастури ишлаб чиқиш зарур”, - деди Э.Полетаев.

Миграция органлари муҳожирлар тобора кўпайиб бораётгани маҳаллий аҳолини уларга нисбатан тажовузкор қилиб қўяётганидан хавотирланяпти.

Аммо Э.Полетаев фикрича, Қозоғистонда уй-жой нархи туша бошлаган ҳозирги шароитдагина шундай тажовузкорлик келиб чиқиши мумкин. Яъни уй-жой нархи тушса, қурилиш компаниялари арзон материаллар ва ишчи кучини жалб қилишга мажбур бўлади. Бу эса ҳозир соҳада қозоғистонликлар билан банд бўлган иш жойлари мигрантлар қўлига ўтиб кетиши ва уларга нисбатан норозилик пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси ходимаси Виктория Тюленева эса иш берувчи ва тегишли органларнинг мигрантларга муносабати тобора ёмонлашаётганига эътиборни қаратди.

“Қозоғистон қонунчилигида меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари белгиланмаган. Улар қулай ва хавфсиз шароитда ишлаш имкониятидан маҳрум. Расмийларнинг амалдаги ҳаракати баландпарвоз гапларига умуман тўғри келмаяпти”, - деди Виктория Тюленева.
XS
SM
MD
LG