Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:55

Роберт Гейтс Россияда демократия қарор топишидан умидвор


АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс Чехияда АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизими қисмларини жойлаштириш масаласини муҳокама қилиш учун 23 октябрь куни Прагага келди.

“Озод Европа\Озодлик” радиоси мухбирларига эксклюзив интервью берган Пентагон раҳбарининг айтишича, Вашингтоннинг бу режаси муносабати билан кескинлашиб бораëтган алоқаларга қарамай, Оқ уй маъмурияти Россияни ҳамон ўзининг стратегик шериги, деб билади ва бу мамлакатда демократия қарор топиши борасидаги умидларидан воз кечмаган.

“Бунинг акси ўз тасдиғини топмагунича, биз Россияга стратегик шеригимиз, деб қараш сиëсатини давом эттиришимиз лозим. Албатта, орада жуда кўп кескин баëнотлар бўлди, аммо аниқ ҳаракатлар маъносида ҳозирча Россия раҳбарияти муносабатларга жиддий путур етказувчи бирор иш қилгани йўқ”, - деди Р.Гейтс.

Европани ракета ҳужумидан мудофаа қилиш тизими элементларини ўрнатиш масаласида Чехия раҳбарияти билан ўтказган музокараларидан сўнг Р.Гейтс Эроннинг ракета ҳужуми уюштириш эҳтимоли аниқ тасдиғини топмагунча, Вашингтон бу режа ижросини кечиктириши мумкинлигини билдирди.

У АҚШнинг Чехия ва Польшада ракета ҳужумидан мудофаа тизими яратиш режаси, шунингдек, Эрон, Косово ва бошқа масалалардаги кескин келишмовчиликлар Вашингтон ва Москвани янги совуқ уруш гирдобига ташлади, деган қарашларни рад этди.

“Биз яшаëтган ҳозирги дунë совуқ уруш давридагидан мутлақ фарқ қилади. Гарчи қилинган айрим баëнотлар ўта кучли янграган бўлса-да, аслида биз айни шу соҳада ҳамкорлик қилишимиз лозим ва қиляпмиз ҳам. Вашингтон ва Москва ўртасида ядровий ракеталарни бир-бирига қаратиб қўйишни тақозо қиладиган на глобал рақобат ва на глобал можаро бор. Биз бугун мутлақ бошқа дунëда яшамоқдамиз”, - деди Пентагон раҳбари.

Вашингтон ва Москва ўртасида янги совуқ уруш бошланганини айтаётган айрим таҳлилчилар бунинг тасдиғи ўлароқ, Россиянинг НАТОга қарши собиқ Варшава пакти каби ҳарбий иттифоқ тузишга уринаëтганини тилга олмоқда ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини мисол сифатида келтирмоқда.

Аммо АҚШ мудофаа вазири бундай уюшмалар Ғарб, хусусан, Вашингтонда ортиқча хавотир уйғотмаслиги лозим, деган ишончда.

“Бир давлат иккинчиси билан яқинлашса, биз қўрқувга тушиб, ҳадеб елкамиз оша мўралайверишимиз керак эмас. АҚШ ва НАТО иттифоқи дунë тарихида ҳозирча кўрилган энг қудратли иттифоқ. Шу боис, бизнинг ўз соямиздан ҳам қўрқаверишимизга ҳожат йўқ”,- деди Роберт Гейтс.

Бевосита Россия ичкарисидаги сиëсий жараëнларга муносабат билдирган Пентагон раҳбари ўтган асрнинг 90-йиллари бошида мамлакатда юзага чиққан бошбошдоқлик россияликларни демократия тушунчасидан қўрқитиб қўйгани, шунга қарамай, Россияда бир кун демократия қарор топишидан умидворлик ҳамон тириклигини айтди.

“Шахсан мен демократик ислоҳот ва эркинликларнинг Россияда босқичма-босқич қарор топишига ишонаман. Россияда демократия борасидаги муаммоларнинг бир қисми мамлакат иқтисодининг СССР билан баравар қулашига бориб тақалади. Шу боис, аксар россияликлар демократияни иқтисодий фалокат, жиноий фаолият, корчалонлар, ўғирлик ва бошбошдоқлик билан қориштириб юборди. Оқибатда эса мамлакатдаги демократия истиқболи маълум муддатга йўқотиб қўйилди”, - деди Р.Гейтс.

Шундан келиб чиққан АҚШ мудофаа вазири 1000 йиллик тарихида демократия нималигини билмаган Россия ва аксар постсовет давлатларда эркин жамият кўришни истовчиларни бир оз сабрлироқ бўлиш ва дунëнинг бу қисмида демократия томон ташланган кичик одимларни ҳам рағбатлантиришга чақирди.
XS
SM
MD
LG