Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:36

Ўзбекларни калтаклаганларга айблов эълон қилинди


Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида Ўзбекистон фуқароларига ҳужум қилиб, улардан бирини пичоқлаган бир неча маҳаллий россияликларга айблов эълон қилинди.

Улар куч қўллаш орқали нафрат уйғотиш, безорилик асосида саломатликка онгли равишда жиддий зарар етказиш, аввалдан келишган ҳолда гуруҳ бўлиб безорилик содир этиш каби моддалар бўйича айбланмоқда.

Ўзбекистоннинг икки фуқароси 2007 йил 15 ноябрь куни Нижний Новгород шаҳрида “Заречная” метро станциясидан чиқиб келаётган пайтда уч рус йигитининг ҳужумига учраганди. Бекатда транспорт кутиб турган одамлар кўз ўнгида уюштирилган ҳужумда ўзбек йигитларидан бирининг орқасига пичоқ санчилган. Тажовуз қилганлар: “Ўзбекларга ўлим!”, “Россия русларники!”, “Йўқолсин ўзбеклар!” каби сўзларни айтиб бақирган. Ўзбек йигитлари қандай калтакланганини электрон воситалар орқали бошқаларга намойиш қилиш мақсадида воқеа мобил телефонга ёзиб олинган.

Ҳозир бу иш Нижний Новгород шаҳрининг Ленинский тумани прокуратураси томонидан кўрилмоқда.

“Ҳозирча дастлабки тергов олиб бориляпти. Биз тергов манфаатини кўзлаб ҳеч қандай шарҳ бермаймиз. Ҳозир мен сизга ҳеч нарса айта олмайман. Бу қонун билан ҳимояланган сир”, – деди бу ҳақда “Озодлик” билан суҳбатда бўлган туман прокурори ўринбосари Сергей Яковлев.

Унинг билдиришича, жабрланувчилар, жумладан, пичоқланган ўзбек йигити ҳозир Нижний Новгородда. Уларнинг аҳволи яхши.

Прокурор мазкур шаҳарда экстремизмнинг бу каби кўриниши аввал ҳам бўлгани, ҳозир ҳам мавжудлигини тан олди.

Мустақил кузатувчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Россия ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакатда рус бўлмаган халқлар вакилларига нисбатан ашаддий рус миллатчилари томонидан содир этилаётган жиноятлар муносиб жазоланмаётганини кескин танқид қилиб келмоқда.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу фикрга қўшилишини айтди.

“Тўлиқ жазоланмаяпти, чунки Россия ҳукумати Европа давлатлари ва умуман Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан ўзининг қинғир сиёсатини кўрсатмаслик мақсадида худди шундай қарорга келади. Мутасадди шахслар бундай жиноятларга безорилик ёки тўсатдан уришиш, жанжал, деб таъриф беради. Албатта, бу нотўғри. Чунки Россияда ўзбеклар, умуман Марказий Осиё халқлари вакилларига нисбатан жуда кўп ҳуқуқбузарлик бўлаётганини тез-тез учратиш мумкин ”, – деди Б.Ҳамроев.

“Фуқаровий кўмак” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё дастури раҳбари Елена Рябинина миллий нафрат асосида содир этилган жиноятларга енгил жазо белгиланиши бундай жиноятлар кўпроқ содир этилишига сабаб бўлишини таъкидлади.

“Миллий нафрат асосида содир этилган қотиллик ёки калтаклаш каби жиноятларга юмшоқ жазолар белгиланиши ўз-ўзидан бундай жиноятлар қайтарилишига туртки бўладиган омилдир. Кўриб турганимиз миллий нафрат асосидаги жиноятларнинг тез-тез содир этилаётгани бу фикрни тасдиқламоқда”, – дейди Елена Рябинина.
XS
SM
MD
LG