Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:35

Виза тартиби икки қардош халқни бир-биридан узоқлаштирмоқда


Тожикистондаги “Ховар” миллий ахборот агентлиги Душанбе олий ўқув юртларида таҳсил олаëтган ўзбекистонлик талабаларнинг Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ҳамда жамоатчиликка мурожаатини эълон қилди.

Ўзбекистонлик ëшлар ўз мурожаатида сўнгги бир неча йил давомида икки давлат ўртасига ўрнатилган тиконли тўсиқлар бир-бирига биродар бўлган ўзбек ва тожик халқини тобора узоқлаштираëтганидан ташвиш билдирган.

“Икки давлат ўртасида мавжуд айрим тушунмовчиликлар Тожикистонда таҳсил олаëтган ўзбекистонликларни ëки Ўзбекистондаги тожикларни ноқулай аҳволга солиб қўяëтгани жуда ташвишлидир. Айрим сайтларда ҳамон Тожикистондаги вазият барқарорлашганига шубҳа туғдирувчи сатрлар кўзга ташланади. Агар дарҳақиқат шундай бўлса, биз икки мингдан ортиқ йигит-қизни ота-оналаримиз Тожикистонда ўқиш учун розилик бермаган бўлар эди. Бир-бирига яқин икки биродарни виза тартиби ва миналар билан ажратишнинг нима кераги бор? Кимга керак икки халқнинг бир-бирига адовати? Оддий фуқаро сиëсатчилар қурбони бўлмаслиги керак. Агар биз бугун ўз муаммоларимизни ўзимиз ҳал этмас эканмиз, у ҳолда бизнинг тақдиримиз минтақада ўз таъсирини кучайтириш ниятида бўлган учинчи давлат қўлида қолиши эҳтимолдан йироқ эмас”,- дейилади мурожаатда.

Бу мурожаатда тилга олинган муаммолар билан таниш ўзбекистонлик ва тожикистонлик суҳбатдошлар талабаларнинг фикрларига қўшилишини билдирди.

Ўзбекистонлик Асҳобиддин Андижон воқеаларидан сўнг Тожикистонга ўтишга мажбур бўлганини айтди. У Тожикистондаги вазият борасида Ўзбекистон Интернет сайтларида ва телевидениеларда берилаëтган гап-сўзлар асоссизлигини таъкидлаб: “Бир буюк киши айтган экан: “Тор этикдан яхшидир юрмоқлик оëқ яланг, мусофирлик яхшидир уйинг бўлса тўла жанг”. Келганимиздан бери бирор киши ҳали бизга сен у ерликсан, бу ерликсан, деган гапни айтмади. Чунки халқ тўғри тушунади. Агар қонунида адолат бор битта юртни биладиган бўлсам, бу Тожикистон. Тўқ яшамасак ҳам ҳар ҳолда кунимиз ўтиб турибди. Ҳеч кимга муҳтож бўлмасдан яшаяпмиз”,- деди.

Самарқандлик Салимахон ва Марҳабохон эса ўртадаги виза тартиби оддий ўзбек ва тожиклар учун энг дардли муаммолар яратаëтганидан куйинди.

“Кечаси соат 1да сувдан ялангоëқ ўтиб, қочиб келамиз. Чегаралар очилса қандай яхши бўларди”,- дейди улар.

“Мен ўзим Ургутдан бўламан. Битта опам ўлди. Ҳатто шуни бориб кўра олмадим, жанозасида қатнаша олмадим. Яна биттаси оғир ëтибди. Қандай қилиб боришни билмайман. Йўл йўқ. Ҳаëт ҳам оғир. Қўлимиз калталик қилади. Борга бор, йўққа йўқ”,- дейди Салимахон.

Тожикистонлик Муқаддамхон ая эса ҳатто чегарадан қонуний ўтиш учун виза олишда ҳам айрим тўсиқ ва муаммолар борлигини айтди.

“Биласизми битта виза учун қанча югуриш керак? Одамни итдан баттар қилиб ташлайди. Мана, ўзимиздаги Ўзбекистон элчихонасига бордим. 3 марта чиқариб юборишди. Визани ҳам шундай очиқ-ойдин бермайди”,- деди Муқаддамхон ая.

Ўз номини айтмаган ўзбекистонлик суҳбатдош эса бутун дунë ўзбеклари учун маданият ва маърифат ўчоғи бўлган Ўзбекистон бугун ўзлари учун ëпиқ бир қўрғон бўлиб қолганидан афсусланди.

“Ўзбекистонлик бўла туриб қариндошингизнинг уйига бора олмасангиз, қанақаси бўлди бу? Ўралган қўрғонга ўхшаб Ўзбекистонга кира олмасангиз! Бу ëшлар мафкурасига катта таъсир қилади, чунки бундан давлатга, президентга, ҳукумат юритаётган сиëсатга ишончсизлик келиб чиқади. Кейин бу ëшлар бошқа йўлларга ҳам кетиши мумкин. Ëшлар ўз давлатига ишонмаса, қанақа қилиб ўз давлатининг келажак пойдевори бўлиши мумкин?”- дейди ўзбекистонлик.

Мавзу юзасидан суҳбатлашган ўзбекистонлик ва тожикистонликларнинг барчаси икки давлат ўртасида виза тартиби бекор қилиниши тарафдори экани маълум бўлди.
XS
SM
MD
LG