Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:38

Исломий банклар фаолияти кенгайишига тўсиқлар кўп


Бундан 30 йил муқаддам араб давлатларида пайдо бўлган исломий банклар мусулмон оламининг фоизсиз пул сақлаш ва пул олиш тизимини яратиш йўлидаги ҳаракатлари натижаси бўлди ва ҳозирга келиб, бундай банклар сони дунё бўйлаб 300 тадан ортди.

“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг навбатдаги сонида ўтган гал муҳокама этилган судхўрлик ҳамда дунёвий ва исломий банклар мавзуси атрофидаги мулоҳазалар давом эттирилади.

Рибо, яъни судхўрлик — фоизга пул бериш ёки олиш фақат бир томон – судхўрнинггина дунёвий манфаатига хизмат қилиши аниқ бўлган бу амални тарк қилишнинг ҳам имконлари кўринмайди. Судхўрдан пул олмаганимиз тақдирда ҳам банкка пул қўйиб, банкдан пул оламиз – бу эса яна ўша фоизлар билан иш кўришдир.

Бундан 30 йил муқаддам араб давлатларида пайдо бўлган исломий банклар мусулмон оламининг фоизсиз пул сақлаш ва пул олиш тизимини яратиш йўлидаги ҳаракатлари натижаси бўлди ва ҳозирга келиб, бундай банклар сони дунё бўйлаб 300 тадан ортди. Дунёдаги ривожланган мусулмон давлатлардан бири – Малайзияда исломий банк хизматидан фойдаланадиган мижозлардан бири аҳолисининг аксар қисми мусулмон бўлган Ўзбекистон ва бошқа давлатларда бундай банкларнинг пайдо бўлиши эътиқодда бир бўлган замондошлари учун хайрли бўлишидан сўзлайди.

“Ўзбекистон ҳам мусулмон мамлакатлардан бири. Бу банкни бемалол қўллаб-қувватлайди, деб ўйлайман. Буни очиш, албатта, керак. Чунки мусулмон одам учун пули исломий банкка қўйилса, фойдаси ҳам мусулмонларга бўлади ва ҳалол-ҳаромига ҳам боғлиқ бўлади. Бу ерда судхўрликнинг арзимаган миқдори ҳам йўқ. Нимага сарфлаëтганини кўрсатиб бера олар экан. Шу иккитасини билганлигим учун мен исломий банкни маъқул топдим”,- дейди Малайзияда исломий банк фаолиятидан фойдаланаётган асли ўзбекистонлик суҳбатдош.

Аммо исломий банклар ҳақида фоизга пул олиб, пул беришни тарк қилишни истаётган ўзбекистонликлар қандай тасаввурга эга ва бу борада уларнинг муносабати қандай?

“Озодлик” билан суҳбатда бўлган аксарият ўзбекистонликлар исломий банк ҳақида эшитмаганини, эшитганлари эса унинг қандай ишлашидан хабарсиз экани маълум бўлди.

Бу ҳақда тушунча берилгандан кейин эса улар Ўзбекистонда ҳам исломий банк очилиши тарафдори экани ойдинлашди:

-
Қани энди исломий банк бўлса! Агар исломий бўлса, улар ҳалол ишлар эди. Жамиятимизда порахўрлик ва риболар бўлмас эди.

-
Фоизсиз банкни ким хоҳламайди дейсиз? Ҳаммага ҳозир пул керак. Уйни гаровга олиб, фоизсиз берса бўлади-ку. Бизникилар ҳам уйни гаровга олади, ҳам фоиз олади. Давлатдан фоизсиз пул олсангиз, фойдада бу. Эҳтиëжингизни қондирасиз ва вақти келганда, пулни қайтариб берасиз.

-
Бизнинг банклардан пул олиш жуда қийин. Олган одамлар ҳам жуда қийналади. Даромад кўраман деб олганларнинг 10 тадан 8 таси қийналиб, олганига пушаймон бўлади. Кўп одамларнинг иши юришмай, фоиз тўлай олмасдан қарзга ботиб кетади.

Аммо яқин ўртада Ўзбекистонда шунақа банклар пайдо бўлармикин?

-
Қийин муаммо. Буни иқтисодчилар ҳал қилади энди. Биз кичкина одам, ўйлаганимиз билан амалга ошмайди-ку. Аммо ҳаракат қилса, бўлса керак.

-
Бўлиш-бўлмаслигини мен билмайман. Агар пулни фойдаланишга фоизсиз бериб, маълум вақтдан кейин пул ўша ҳолатда қайтариб бериладиган бўлса, бунинг одамларга фойдаси катта бўлса керак.

-
Амалдаги ҳукумат ва режим исломий банклар фаолиятига қаттиқ қаршилик кўрсатади. Ислом динининг мустаҳкам ўрин эгаллашига, Исломий одоб-ахлоқнинг юзага келишига Ислом Каримов жуда ҳам қарши. Каримов Ўзбекистонда Ислом динининг бирон-бир кўриниши, негизи илдиз отишидан қўрқади.

Оддий ўзбекистонликлар Ўзбекистонда исломий банклар яқин-атрофда пайдо бўлишига ишонмаслигидан сўзламоқда. Бироқ эътибор қилган бўлсангиз, аксар суҳбатдошлар шариатга мувофиқ иш юритадиган банк, дер экан, асосан, фоизсиз пул берадиган, яъни фалон сўм кредит берадиган, кейин бунинг устига устама олмай, неча пул бўлса, шундоқлигича қайтариб оладиган банкни назарда тутмоқда.

Аслида исломий банк шундай турдаги хизматини ҳам адо қилади. Қарзи Ҳасана – олинг, хайру савобга ишлатинг ва белгиланган муддатга қайтаринг. Бироқ бу исломий банклар кўрсатадиган хизматлардан бири бўлиб, ҳозирча кенг қўлланиладиган турларидан эмас.

МДҲ давлатларида биринчилардан бўлиб шариат қонунлари асосида банк хизматини таклиф қилган Россиядаги “Бадр форте” банки исломий банклар таклиф қиладиган хизматнинг барча турларини кўзда тутган, аммо кўпроқ хусусий шахслар билан ишлашни ният қилган эди.

Ушбу банк юристларидан бири, юридик фанлари номзоди Ренат Беккин кредит бериб, устама олмаслик исломий банклардан катта журъатни талаб қиладиган ва нисбатан кам даромад келтирадиган хизмат тури эканини айтди.

Бунинг сабабига ўтишдан олдин замонавий исломий банклар кўрсатадиган хизмат турларига тўхталиш лозим.

Демак, бундай банкларнинг мижозлари учун муҳим бўлган биринчи масала – банкка қўйилган ва ёхуд банкдан олинган пулларнинг фоиздан, судхўрликдан холи бўлиши ҳамда банкда турган пулнинг ҳалол ва хайрли мақсадларга ишлатилиши.

Р.Беккин исломий банклар асосида ётган бир неча муҳим механизмларни санаб ўтди:

-
Исломий банклар фаолиятида энг кенг тарқалган механизм – музораба. Бу кўпроқ ҳуқуқий шахслар – ташкилотлар, корхоналар билан ишловчи тизим. Бунда банк пул беради, ташкилот ишлатади ва фойда ўртадаги келишувга кўра тақсим қилинади. Зарар эса банк ҳисобидан қопланади, пул олган ташкилот бу ўринда фойдасиз қолади.

-
Кейинги механизм – муробаҳа. Бу айтайлик, истеъмол кредити йўналишида қўлланиладиган механизм. Бунда банк мижози номидан, ўз пулига бирор бир маҳсулотни харид қилади ва унинг устига ўз хизмат ҳақини қўйиб, мижозга беради. Мижоз эса шу маҳсулотни ўзи истаган шаклда сотиб, ҳам ўзи даромад олади ва ҳам белгиланган муддат давомида дастмоя бўлган пулни банкка қайтариб боради. Бунда томонлар ўртасида маҳсулот сотувидан келадиган даромад ва унинг тақсимоти аввалдан келишилган ҳолда шартнома тузилади.

-
Яна бир механизм бор – мушорака. Бу томонлар ўртасида ўртага пул қўйиб, ҳамкорлик қилиш механизми. Бу бир қарашда муробаҳага ўхшаш. Лекин бунда ҳар икки томон ўртада бўлган маҳсулотни сотишга ва умуман иш жараёнига бирдек аралашиш ҳуқуқига эга.

-
Яна бир энг оптимал механизм – дунёвий банкларда ҳам кенг қўлланиладиган ижарадир. Яъни банк, масалан, мижознинг сўровига биноан уй харид қилади ва унга ижарага беради. Мижоз эса келишилган вақтда одатдаги ижарадан бироз кўпроқ пул тўлаш билан бора-бора шу уйнинг эгасига айланади.

-
Шунингдек, Қарзи Ҳасана, дея юритиладиган фоизсиз ссуда бериш хизмати бор. Бу шунчаки эҳсон ва ссудани олган одам маълум муддатдан сўнг олинган маблағнинг ўзини қайтаради. Бунда банк фақатгина хизмат ҳақини олади.

Аммо ҳали эслатилганидек, исломий банклар дунё бўйлаб атиги 300 та атрофида ва бу дунёдаги жами мусулмон давлатлар ҳамда бундай банкка эҳтиёжи бор, деб ҳисобланган потенциал учун жуда ҳам оз. Ренат Беккиннинг айтишича, бу дунё бўйлаб банк хизмати соҳасининг 3–4 фозини ташкил қилади.

Хўш, бунинг сабаби нимада? Ренат Беккин гапиради:

-
Биринчидан, маълум бир миқдорда эътироз ва айрим мулоҳазалар борки, исломий банклар ўз мижозларига таклиф қилаётган хизмат турларини айтилгани каби тўла шариат ҳукмида бажармайди. Бошқача айтганда, асл даромадни яширади. Шундай йўл тутадиган фирибгар банклар фаолияти ҳам кузатилган, афсуски. Яна бир эътироз, фоизсиз кредит берамиз, дер экан банк ўз хизмат ҳақини белгилайди. Шариат кенгашлари буни фоиз қўйиш тарзида баҳолаб, эътироз қилади. Хуллас, бу каби муаммолар бор, аммо бу кўпроқ мукаммал исломий молиявий тизимни йўлга қўйиш учун шароитнинг йўқлиги билан боғлиқ.

-
Исломий банклар ўз мижозларига алоҳида, имтиёзли турда хизмат кўрсатар экан, унга молиявий институт сифатида алоҳида имтиёз берилмайди. Яъни бу банк ҳам бошқа банклар каби мавжуд молиявий тизимда фаолият кўрсатади. Барча молиявий операцияларни бошқа дунёвий банклар учун жорий тизимда олиб боради. Шу боис, банк ўз умрини сақлаб қолиш учун баъзан мижозига берган ваъдаларини бажара олмай қолади.

-
Хуллас, бу ерда ҳар хил сабаблар, ҳам сиёсий ва ҳам иқтисодий сабабларни келтириш мумкин. Мисол учун, Россияда иш бошлаган ягона “Бадр Форте” банкини олсак, бу банк бир томондан тўла шаффоф ҳолда ишлай олмади. Иккинчи томондан, сиёсий сабаблар, асосан, жамиятни эгаллаб олган исломни суймаслик кайфияти қурбони бўлди, менимча. Аммо ҳозир дунё бўйлаб исломий банкларга қизиқиш ортяпти. Масалан, Лондон, Швейцариядаги энг йирик банклар шундай хизмат турларини ташкил қилмоқда. Бироқ, афсуски, исломий банкларнинг мавжуд мукаммал назария асосида фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган энг муҳим сабаблардан бири – шариат қонунларига мувофиқ молиявий тизимни яратишда мавжуд тўсиқлардир. Дунёнинг асосий молиявий тизимларини эгаллаган дунёвий банклар тизимида ҳозирча исломий банклар дуч келаётган рақобат жуда кучли. Айни вақтда бундай тизимни ўзаро ташкил қилиши мумкин бўлган мусулмон мамлакатлар орасида ҳам ҳамжиҳатлик етишмайди.

Бошқача айтганда, исломий банклар ишлаши мумкин бўлган мукаммал назарий тузилма бор ва у шариат қонунлари билан тасдиқланган. Аммо бу қонунлар асосида ишловчи молиявий тузилмалар бўлмас экан, шаръий қонунларга мос ишлайман, деган банк молиявий институтлар таклиф қилаётган хизмат турларининг барчасини ҳам бажара олмайди. Бироқ бу вақтинчилик кўриниш, дея умид қилмоқда исломий банк тузилмасида ишлаётган банкирлар. Уларнинг аксарияти бундай банк хизматига эҳтиёж сезган муайян миқдордаги мижозлар талабига кўра, жаҳон молиявий тизимида бора-бора бундай турдаги банклар ҳам кўпайиши, хусусан, кейин 5 йил ичида дунё бўйлаб молиявий институтларнинг 5-6 фоизини ташкил этишини тахмин қилмоқда.
XS
SM
MD
LG