Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 05:29

СУМАЛАК БИР БАҲОНА…


Шаҳриёр Ўзбекистонда ҳар йили баҳор келиши билан вилоятлару туманлар, қишлоқлару катта-кичик маҳаллаларда кўклам таоми - cумалак пишириш мавсуми бошланади. Ёшу қарининг навбаҳорда дошқозон атрофида йиғилиб, ширин суҳбатлар қуриши, ўйин-кулги қилиши халқимизнинг асрий анъанасига айланиб қолган. Бу базмлар ўтмишда ошиқлар учун дийдор фурсати ҳам бўлган. “Сумалак бир баҳона, ғанимат ёр висоли...” деган қўшиқлар бежиз тўқилмаган ахир. Бироқ бу йилги ғайриодатий қиш ўзбекларнинг сумалак пиширишдек миллий удумига ҳам халал берганга ўхшайди. Шу сабабдан бўлса керак, бу йил сумалак базмлари ҳали оммавий тус ололмади.

“Қоғозда ўчоқ ясаб, гулдан қилайму ўтини?..”

“Ҳозирда ўз вилоятимиз, қишлоғимизда сумалак пиширишга халқнинг қурби етмайди”, деди Тошкентнинг Чорсу бозорида сумалак пишириб сотаётган қашқадарёлик аёллардан бири. Унинг айтишича, қашқадарёликлар бу йилги қишдан омон чиқиш учун барча ўтин заҳираларини соб қилиб бўлишган. “Бир машина ўтин бу йил 250 минг сўмга чиққач, ким ҳам бунча пулга ўтин сотиб олиб, сумалак пиширарди”, дейди ўша аёлнинг бошқа бир шериги.
Аёлларнинг сўзларига кўра, улар яшайдиган туманларда уйни иситиш у ёқда турсин, ҳатто овқат қилишга ҳам газ йўқ. Эски замонлардагидек ўчоққа ўтин қалаб, овқат пиширишга ўтдик, дейишади аёллар.

Сумалакпаз аёлларнинг гапларига кўра, одатда, вилоятларда сумалак шаҳарга қараганда кўп пиширилади ва бунга баъзи сабаблар ҳам бор. Уларнинг таъкидлашларича, Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ва туманларида аҳоли жуда қашшоқ яшайди. Шу сабаб катталар ҳам, болалар ҳам витаминларга бой озиқ-овқат еб, қишдан заифлашиб чиққан организмларини мустаҳкамлаб ололмайдилар. “Қишлоғимизда қозонида ойлаб гўшт қайнамайдиган оилалар бор, мева-чева ҳакида-ку гапирмай қўя қолайлик”, дейишади аёллар. Уларнинг айтишларича, кўпинча бир неча қашшоқ оила бирлашиб, сумалак харажатларини бўлиб олишади ва оилалари учун витаминлар ўрнини боса олувчи тансиқ таом ҳозирлашади. Бироқ бу йилги қиш аҳолининг шундай эҳтиёжини қондиришга хам имкон бермаган. Аёлларнинг афсус билан эътироф этишларича, одатда, январь ойи ўрталаридан то апрелгача давом этадиган оммавий сумалак пиширишлар бу йил ҳали бошлангани ҳам йўқ ва эҳтимолки, бошланмаса ҳам керак.

“Кўзим чиқсун сени кўргунча мундоқ...”

“Ўзларингиз қандай қилиб сумалак пишириб сотаяпсизлар?”, деган саволимизга, улар: “бу энди бизнинг тирикчилигимиз”, дея жавоб беришди. Маълум бўлишича, бир неча сумалакпаз аёллар Тошкент туманидаги ҳовлиларни ижарага олиб, дошқозонларда сотувга сумалак тайёрлашади. Ўзларининг айтишларича, улар мавсумий имкониятни қўлдан бой бермаслик ва аҳолиси нисбатан бойроқ яшайдиган Тошкент учун сумалак ҳозирлаб сотишни касб қилганлар.

Сумалакларнинг бир литрини 3000-3500 сўмдан сотаётган суҳбатдошларимизнинг маълум қилишларича, йўлкира, ижара ва сумалак учун кетадиган маҳсулот харажатидан ортиб чўнтакларига унча катта фойда қолмаса-да, баҳорий тансиқ таомни ҳозирлашни хуш кўрадиган, сумалак пиширишни йил бўйи орзиқиб кутадиган бу аёллар ўз ҳавасларини қондириш учун ҳам сумалак пишириб сотадилар ва Аллоҳдан топганларига барака беришини сўрайдилар.

“Чорсу” бозорининг гумбазлари остида катта-катта кастрюлкаларни тўлдириб қўйиб, «кеп қолинг, сумалакнинг зўри бизда, татиб кўринг», деб жағи-жағига тегмай бақираётган аёллар, эркаклар ва ҳатто болакайларни кўриб, ҳақиқатан ҳам сумалак пишириш оилавий бизнесга айланганини ва сумалак сотиш уни пиширишдан кўра мушкулроқ бўлиб қолгани пайқадик.

Расталарни айланиб юриб, сумалак таъмини тотаётган бир кекса ўзбек онахонининг гапига қулоқ тутдик. Онахон сумалак пишириш яқин ўн-ўн беш йил олдин ҳам ўзбек халқининг миллий удуми бўлганини, сумалак сайлларида халқ қишдан омон-эсон чиққанига байрам қилиб, дошқозонлар олдида ўз орзу-ниятларини айтганини, сумалак сайллари фақат меҳр-оқибат ва аҳиллик рамзи бўлганини айтди. Унинг куйиниб айтишича, ўтмишда сумалак сотиш катта гуноҳ, уят ҳисобланган. “Ҳатто қаҳатчилик замонларида ҳам, ўзбеклар пиширган сумалагини пулга чақмаган, балки эзгу ният билан ҳаммага текин тарқатган”, - деди бош чайқаб онахон.
XS
SM
MD
LG